Москва: Украинада сулҳ – Киевга вақт бериш демак!

Москва Украинада сулҳ келишувига чақириқларни “Киевга қуролланиш учун вақт бериш” сифатида қабул қилмоқда.
Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
«Биз вақтинчалик сулҳни ҳозирда қийин даврни бошдан кечираётган Украина қўшинларига нафас ростлаш имконини беришга уриниши деб ҳисоблаймиз. Шу боис, бу вазиятда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни Украина ҳарбийларига қайта қуролланиш ва кучларини қайта тақсимлаш учун вақт бериш сифатида қабул қилишимиз ҳам мумкин», – дея таъкидлади Ушаков.
Шунингдек, у Путин ва Трамп ўртасидаги учрашувга тайёргарлик кўрилаётганини, бироқ учрашувнинг аниқ вақти ҳали маълум эмаслигини таъкидлади.
«Бу масала америкаликлар билан муҳокама қилинмоқда, биз учрашувга тайёргарлик кўряпмиз ва зарурат туғилиши биланоқ у ташкил этилади. Айни пайтда бошқа даражалардаги алоқалар давом этмоқда. Икки давлат етакчиси иштирокидаги учрашувни ёки телефон суҳбатини тезда уюштириш мумкин, аммо ҳозирча сизга аниқ ҳеч нарса айта олмайман», – дея маълум қилди Юрий Ушаков.
Эслатиб ўтамиз, Путин Россиянинг тинчлик келишувига розилиги учун иккита шарт қўйган – Киевга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш ва Украинада сафарбарликни тугатиш.