Сеул масжидида 17 кореялик Ислом динини қабул қилди

Жанубий Кореянинг 17 нафар фуқароси Сеул марказий масжидида бир вақтнинг ўзида Ислом динини қабул қилди. Siasat.com нашрининг хабарига кўра, эркак ва аёллар имом ортидан Қуръон оятларини ўқиб, сўнг Исломга кириш шаҳодат калимасини айтишди.
Исломни қабул қилишдан олдин, ушбу гуруҳ аъзолари феврал ойида бошланган масжид қошидаги курсларда диний асосларни ўрганган. Уларга Ислом таълимоти ва диний амалиётлар ҳақида тушунтирилган.
Ҳозирда Кореяда 200 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади, улардан баъзилари маҳаллий корейслар, баъзилари эса муҳожирлар ҳисобланади. Корея Мусулмонлар Федерацияси Ислом дини билан танишишни истаганлар учун мунтазам равишда дарслар ташкил қилади.
Бу курсларни тамомлаган тингловчиларнинг аксарияти кейинчалик Исломни қабул қилади.
Кореяда Исломни қабул қилган энг машҳур шахслардан бири – қўшиқчи ва Youtube-блогер Довуд Ким ҳисобланади. У 2019 йилда Исломни қабул қилган. Ҳозирда ўзининг Youtube канали орқали Кореяда мусулмон бўлиб яшаш қандай эканлиги ҳақидаги хулосалари ва шахсий тажрибасини улашиб келади.