Японияда кузатилаётган об-ҳаво ҳаёт тарзини издан чиқарди

Японияда кучли қор бўрони ва тезлиги соатига 40,8 метрга етган шиддатли шамоллар ҳаёт тарзини издан чиқарди. Оғир об-ҳаво шароити сабабли мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳаво ва денгиз транспорти катта тўсиқларга дуч келди.
Маълум қилинишича, айниқса Хоккайдо ороли бу офатдан жиддий зарар кўрган. Хоккайдо аэропортларига ва ундан учувчи авиакомпанияларнинг маълумотларига кўра, қалин қор ва ноқулай об-ҳаво туфайли жами 61 та рейс бекор қилинган. Токио ҳудудида ҳам кучли шамоллар қайд этилган бўлиб, мутахассислар бу ҳолат транспорт ҳаракатини янада издан чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда.
Метеорологларнинг прогнозларига кўра, Хоккайдо ва Хонсю оролининг шимолий қисмида қор қоплами 60 сантиметргача етиши кутилмоқда. Бу эса нафақат авиақатнов, балки ерусти транспорти ҳаракатига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви нафақат ҳаво қатновига, балки денгиз транспортига ҳам жиддий таъсир қилди. Япониянинг Чиба ва Кагава префектуралари ўртасида ҳаракатланадиган паром қатнови тўхтатилган.
Маҳаллий ҳукумат ва фавқулодда хизматлар аҳолига заруратсиз ташқарига чиқмасликни, йўлларда эҳтиёт бўлишни тавсия қилмоқда. Табиатнинг бу ғаройиб инжиқликлари Японияда ҳаётни бир муддат секинлаштирди, бироқ ҳукумат ва мутасадди ташкилотлар нормал ҳаётга қайтиш учун барча чораларни кўрмоқда.