Европаликлар Америка маҳсулотларига бойкот эълон қилди

Европаликлар Америка маҳсулотларига бойкот эълон қилди

Доналд Трамп бошлаган савдо урушига жавобан Европа ва Канадада Америка маҳсулотларига нисбатан оммавий бойкот тез суръатларда тарқалмоқда. Минтақадаги минглаб истеъмолчилар АҚШ маҳсулотларидан воз кечиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ўтишди.

Тармоқ фойдаланувчилари Америка маҳсулотларига муқобил вариантлар рўйхатини улашишмоқда. Шунингдек, фаоллар McDonald’s, Levi’s ва WhatsApp каби машҳур Америка брендларини маҳаллий аналоглар билан алмаштиришни таклиф қилишган.

Натижада, Европа бозорида Илон Маскга тегишли Tesla электромобилларининг сотуви 45% га камайган. France 24 маълумотига кўра, янги француз мессенжерига кунига 200 нафар янги фойдаланувчи қўшилмоқда, чунки кўпчилик АҚШнинг WhatsApp ва X платформаларидан воз кечмоқда.

Норвегиянинг Haltbakk Bunkers компанияси АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига ёқилғи етказиб беришни тўхтатганини эълон қилган. Даниянинг Salling Group савдо тармоғи эса, ўз дўконларида Европа маҳсулотларини ажратиш учун уларни махсус қора юлдуз билан белгилашни бошлади.

Google қидирув тизимида «АҚШга бойкот» сўрови Люксембург, Дания, Франция, Швеция ва Канадада кескин ошгани қайд этилган. Канаданинг Онтарио провинцияси бош вазири Даг Форд Илон Маскнинг Starlink компанияси билан кўп миллионлик шартномани бекор қилиб, Америка компанияларига янги шартномалар тузишни тақиқлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: