Испанияда сув тошқинлари кузатилмоқда

Испаниянинг жанубий қисмида жойлашган Андалусия автоном жамиятида кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқини юзага келди. Табиий офат туфайли бир нечта шаҳарларда дарслар бекор қилиниб, хавфсизлик чоралари доирасида маҳаллий аҳоли эвакуация қилинмоқда.
Вилоят ҳокимияти берган маълумотларга кўра, кучли ёғингарчилик натижасида дарёлар ўз қирғоқларидан чиқиб, йўллар ва аҳоли яшаш жойларини сув босган. Ноқулай об-ҳаво туфайли бир қанча автомагистралларда ҳаракат тўхтатилган, шунингдек, темир йўл қатнови ҳам узилган.
Испания давлат метеорология агентлиги аввалроқ мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида экстремал об-ҳаво шароити юзага келиши ҳақида огоҳлантириш берган эди. Андалусияда хавф даражаси юқори бўлиб, расмийларга кўра, ҳозирча асосий эътибор аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.