Мактаб ва боғча раҳбарларининг маоши оширилади

Мактаб ва боғча раҳбарларининг маоши оширилади

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мактаб ва боғча раҳбарлари ҳамда ўринбосарларининг иш ҳақи оширилади. Мактаб директорларининг маоши 20 фоизга, ўринбосарлариники эса 15 фоизга кўтарилади.

 

Боғча директорларининг маоши эса мактаб ўринбосарлари ставкаларига тенглаштирилади. Бу 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча раҳбарлари ва 35 мингга яқин ўринбосарларнинг даромади ошишига олиб келади.

 

Шунингдек, халқ таълими тизимидаги 15 минг бошқарув ходими учун кўп йиллик меҳнатига асосланган рағбатлантириш тизими жорий этилади. Мактаб ходимларининг мукофот пули эса энг кам маош миқдорининг 50 фоизидан 75 фоизга оширилади.

 

Яна бир ўзгариш – мактаб биноларини ижарага беришдан тушган маблағнинг катта қисми энди ўша мактаб ривожига йўналтирилади. Илгари тушумнинг 40 фоизи қолган бўлса, энди бу кўрсаткич 75 фоизга етказилади.

 

Шу билан бирга, 2026 йилнинг 1 январидан мактаб директорлари ва ўринбосарлари фаолияти натижалари (KPI) асосида қўшимча ойлик устама олади. Директорлар маошига 20 фоиз, ўринбосарларникига эса 10 фоиз устама қўшилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: