Шимолий Кипрда ҳижоб тақиш тақиқланди

Шимолий Кипр Турк Республикасида мактаб формаси бўйича яна бир баҳсли масала юзага келди. 2025 йил 14 март куни Вазирлар Кенгаши жанжалли қарорни қабул қилди, бу эса ўқувчи қизларнинг диний эркинликларини чеклаш сифатида баҳоланмоқда.
Анъанавий ҳижоблар расмий равишда тақиқланган. Бунинг ўрнига алтернатив вариант сифатида шапка ёки бошқа турдаги оддий бир рангдаги, ҳеч қандай диний белгиларга эга бўлмаган бош кийим кийиш таклифи берилган.
Барчаси Лефкоше шаҳридаги ўрта мактабларнинг бирида юз берган воқеадан бошланди. Мактаб ўқувчисига ҳижобда дарсга кириш тақиқлангач, бу ҳолат оилавий можарога, сўнгра эса бутун мамлакат бўйлаб дунёвийлик ва диний ҳуқуқлар мавзусидаги муҳокамаларга сабаб бўлди.
Таълим вазири Назим Чавушўғлу бу қарорни “тарихий қадам” деб атади, аммо мухолифат уни эркинликларни сунъий чеклашга уриниш сифатида баҳоламоқда.