Туркияда Наврўз қандай нишонланади?

Туркияда Наврўз қандай нишонланади?

Дунёнинг энг қадимий байрамларидан бири ва “баҳор даракчиси” бўлмиш Наврўз “янги кун” демакдир. 5 минг йил давомида юзлаб жамоаларда турли номлар остида нишонланган Наврўз маданий мерос орқали бугунги кунгача сақланиб қолган ва туркий дунёнинг миллий ришталарини мустаҳкамлаган энг муҳим байрамлардан бири саналади. Наврўз табиатнинг жонланиши, тўкинлик, унумдорлик, меҳр-оқибат, биродарлик ва дўстлик рамзи бўлиб, миллий байрам сифатида Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Афғонистон ва Тожикистонда кенг нишонланади.

Наврўз ҳақида афсоналар ва диний эътиқодлар

Наврўз қуёш, илиқлик ва мўл-кўлликни ифодалайди. Афсоналар ва эътиқодларда оловнинг пайдо бўлиши музлик даврида одамлар томонидан олов ихтиро қилинишини, далаларни ҳайдаш ва ҳайвонларни хонакилаштирилган неолит даврига киришни англатади. Наврўз ривоятларида тилга олинган олов, сув, тупроқ, ғор каби унсурлар ҳозирги кунда ҳам бутун инсоният ҳаётининг ажралмас парчасидир.

Бироқ, дин ва эътиқодидан қатъи назар, турклар учун олов айниқса муҳимдир. Олтой халқларидан тортиб татарларгача, озарбайжонлардан тортиб карайларгача, гагаузларгача бўлган кўплаб туркий халқлар учун олов ва сув маънавий ва жисмоний покланиш воситаси ҳисобланади. Шу боисдан ҳам турк халқларида Наврўз байрамида гулхан ёқиш ва эзгу тилаклар тилаб олов устидан сакраб ўтиш анъана саналади.

Бутун Турк олами томонидан ҳаяжон билан нишонланадиган, қалблар шодлик, бахт ва келажакка умид билан тўлган бу алоҳида кунда хафа бўлиш энг катта уят ва айб ҳисобланади. Байрамларда минтақага қараб турли хил ўйинлар ўйналади, бу кун учун махсус таомлар пиширилади ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади. Наврўз таомлари тановулидан сўнг одамлар бир-бирларини байрам билан қутлайдилар ва қабристонларни зиёрат қиладилар. Шу куни ўзаро ҳафагарчиликлар тугатилади, ажралиш арафасида турган оилалар маҳалла оқсоқоллари томонидан яраштирилади. Камбағалларга, ёлғизларга, кексаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Ёшлар Наврўз гулханидан сакраб ўтишади.

Ҳудудларда Наврўз

Туркияда ва турк маданияти тарқалган минтақаларда Наврўз қизиқарли одатлар билан нишонланади. Ушбу одатлардан баъзилари қуйидагилардир:

– Мерсин-Силифке минтақасидаги Торос туркманлари орасида Наврўз “Март ипи” номи билан машҳур бўлиб, одамлар Наврўз куни дарахтларга мато боғлаб, тоғ ёнбағирларига сайлга чиқадилар. Тоғли уйларда яшаганлар меҳмонларни ўз уйларида кутиб олишади, меҳмон келганини милтиқдан ўқ узиб билдиради, тоғлиларнинг бошлиғи ҳам ўқ узиб жавоб қайтаради. Сўнгра ўзаро милтиқдан ўқлар узилиб, “Наврўз айёмингиз муборак бўлсин, наслингиз баракали бўлсин” деб тилакдош бўлишади. Ўша йили 20 қўзи ёки улоғи бўлган сурув эгаси бир ҳайвонни қурбонлик қилади ва у ерда пишириб ейилади.

-Тахтачи туркманлари орасида Наврўз “Султон Наврўз» номи билан машҳур. Эски март ойининг 9 куни нишонланади ва одамлар тоғ ёнбағирларига чиқадилар. Шу муносабат билан халқ орасида “тоғлар тўққизинчи мартдан кейин меҳмон қабул қилади”, деган гап бор.

-Газиантеп ва унинг атрофидаги туманларда 22 март куни “Султон Наврўз” деб номланади. Халқ эътиқодига кўра, Султон Наврўз гўзал қиз бўлиб, 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси ғарбдан шарққа ҳижрат қилади, бошқа бир эътиқодга кўра, қуш қиёфасида учувчи дарвешдир. Наврўз кечасида Султон Наврўз ўтишида бедор бўлганларнинг барча тилаклари амалга ошишига ишонилади.

-Малатянинг баъзи қишлоқларида Наврўз “Қиш тугади” байрами сифатида нишонланади.

– Ағри ва унинг атрофидаги ҳудудларда ёшлар ўша кечаси ният қилиб, эшикка қулоқ тутадилар, ичкаридаги суҳбатдан ниятлари рўёбга чиқадими ёки йўқлигини талқин қилишга ҳаракат қилади.

-Гиресунда Наврўз “Март Бозуму” сифатида нишонланади ва атрофдаги сойлардан сув олиб келинади ва ҳайвонларга сепилади.

-Эдирнада эски сомонлар ёқилиб, “Март кир, бурга чиқиб кет” деб унинг устида сакрашади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: