Туркия Жумҳурият Халқ партияси фавқулодда қурултой ўтказади

Туркия Жумҳурият Халқ партияси фавқулодда қурултой ўтказади

Туркиянинг мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) 6 апрель куни фавқулодда қурултой ўтказади.

Бу ҳақда ЖХП раиси Ўзғур Ўзел жонли эфирда маълум қилди.

«6 апрель куни ЖХП вакиллари навбатдан ташқари қурултойда ўз хоҳиш-иродасини билдирадилар», деди у.

Ўзел қўшимча қилдики, партия 23 мартга белгиланган бўлажак ички партиявий сайловларни (праймеризлар) бузишга уринишларга дуч келмоқда:

«Якшанба куни бўлиб ўтадиган сайловларга халақит бериш мақсадида ЧПга ташқи бошқарувчи (куратор – таҳр.) тайинлаш бўйича янги уринишларга гувоҳ бўлдик. Лекин, ўз ваколатларимдан фойдаланиб, 15 кундан кейин – 6 апрелда фавқулодда қурултой ўтказишга қарор қилдим. Бу партия устидан ташқи назорат ўрнатиш режаларини амалга оширишга имкон бермайди”.

Бундан ташқари, Ўзел навбатдан ташқари қурултойда партия раисини сайлашда ўзи ҳам иштирок этишини тасдиқлади: «Истаган одам ўз номзодини қўйиши мумкин. Бу демократик рақобат бўлади. Лекин мен ҳам сайловга бораман».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда ЖХП аъзоси бўлган Истанбул мэри Экрем Имомўғлу ҳибсга олинган эди. У РКК террорчилик гуруҳига алоқадорлик ва тендерларни ўтказиш, фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш, коррупция ва таҳдидлар билан товламачиликда айбланмоқда.

Истанбул губернаторлиги 23 мартга қадар шаҳарда митинг ва намойишлар, шунингдек, ҳар қандай юришлар ва матбуотда оммавий баёнотлар ўтказишни тақиқлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: