Туркияда Экрем Имамоғлунинг ҳибсга олиниши ортидан намойишлар давом этмоқда

Туркияда Истанбул мэри, мухолифатчи сиёсатчи Экрем Имамоғлу ҳибсга олинганидан сўнг оммавий норозилик намойишлари тўхтамаяпти. У 19 март куни коррупция ва тақиқланган «Курдистон ишчилар партияси» билан алоқаларда айбланиб қўлга олинган. Мухолифат мазкур ишни сиёсий сабабларга асосланган деб баҳоламоқда.
Имамоғлу 2028 йилги президентлик сайловларида Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг асосий рақиби сифатида кўрилмоқда. Дастлабки ҳибс муддати якшанба куни тугайди, шунинг учун бугун кечқурун у суд олдида жавоб беради. Имамоғлунинг қамоқда қолиши ёки озодликка чиқиши масаласи бугун ҳал бўлади.
Имамоғлунинг “Жумҳурият халқ партияси” одамларни норозилик намойишларига чиқишга чақирмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, агар у озод этилмаса, намойишлар янада кучайиши мумкин.
Ҳафта охирида Туркия ҳукумати хавфсизлик чораларини кучайтирди. Адлия вазири Йилмаз Тунч «йиғилиш эркинлиги — бу асосий ҳуқуқ» эканини таъкидлаган ҳолда, «тергов давомида намойишларга чақириқлар ноқонуний ва қабул қилинмайди», дея фикр билдирди.
Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча намойишлар давомида полиция ходимлари 340 нафардан ортиқ кишини қўлга олган.