Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистон яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистонга қарийб 200 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди.
Озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат юк Балх вилоятига етказилиб, Ҳайратон шаҳрида расмийлар иштирокида топширилган.
Юк таркибида ун, буғдой, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар, қизил ловия ва мош каби озиқ-овқат маҳсулотлари бор.
Шунингдек, ташриф доирасида Мозори Шариф шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказилиб, унда келгусидаги ҳамкорлик ва Имом Бухорий мақбараси қурилиши ҳақида фикр алмашилган.
Шундан сўнг, Афғонистон расмийлари Ўзбекистон президенти ва халқига кўрсатаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллаган.