Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШдаги нуфузли мусобақа ғолиби бўлди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари АҚШнинг Миссисипи штатида ўтган “Энг илғор жангчи 2025” мусобақасида ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа 17–20 март кунлари Camp Shelby ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтди. Унда иштирок этган сержант Алишох Абдуллаев ва III-даражали сержант Шоҳрух Жовкашев жисмоний ва жанговар тайёргарлик синовларида рекорд натижалар қайд этди.
Хабарларда айтилишича, улар 15 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқада босиб ўтиб, якка баҳсларда ҳам мутлақ устунликка эга бўлган.
Аҳамиятлиси, ўзбекистонлик ҳарбийлар ушбу мусобақада 2019 йилдан буён иштирок этиб, ҳар сафар ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.