Тунги иш соғлиқни хавф остига қўяди

Тунги сменаларда доимий ишлаш инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Айниқса, ёлғиз яшовчи кишилар учун бу хавф янада кучли бўлади. Бу ҳақда россиялик невролог Игор Малтсев маълум қилди.
Мутахассиснинг айтишича, тунда ишловчилар кўпинча эрталаб ва кундузи чарчоқ, диққатнинг сусайиши ва хатолар хавфи билан юзлашади. Вақт ўтиши билан мелатонин (уйқу гормони) ва кортизол (стресс гормони) даражасидаги ўзгаришлар иммунитетни пасайтиради, ҳужайраларнинг янгиланишига ва стрессга бардошлиликка салбий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, сурункали стресс, модда алмашинуви бузилиши ва яллиғланишлар гипертония, атеросклероз ва ҳатто юрак хуружи хавфини оширади. Тунда овқатланиш одати эса глюкоза ва ёғ алмашинувига салбий таъсир кўрсатиб, 2-тоифа диабетга олиб келиши мумкин.
Йиллар давомида тунги сменада ишлаш натижасида мелатонин даражасининг тушиб кетиши ўсма ривожланишига қарши табиий ҳимояни заифлаштиради. Бу эса кўкрак ва простата саратони хавфини оширади. Сурункали уйқусизлик ва ёлғизлик эса иммунитетни янада пасайтиради, инфекцияларга мойилликни кучайтиради, соғайиш жараёнини секинлаштиради. Аёллар орасида ҳомиладорликдаги муаммолар ҳам кузатилиши мумкин.
Неврологнинг таъкидлашича, бу каби соғлиқ муаммолари айниқса ёлғиз яшайдиган тунги ишчиларда анча кўпроқ учрайди.