АҚШ электроника учун савдо божларини бекор қилди

Доналд Трамп маъмурияти электроника маҳсулотларини ўзаро савдо божлари рўйхатидан чиқарди. Bloomberg АҚШ божхона ва чегара хизматига асосланиб хабар беришича, бу 145 фоизлик божга тортилган Хитойнинг электроникасига ҳам тааллуқли.
Янги божлар оқибатида нархлар кўтарилиб кетишидан хавотирга тушган америкалик харидорлар пештахталардаги техникаларни «супуриб кетяпти». Аслида шу ҳолат қимматчиликка олиб келиши мумкинлиги боис юқоридаги қарорга келинган.
Трампнинг савдо уруши доирасида божга тортиладиган маҳсулотлар рўйхатидан смартфонлар, ноутбуклар, қаттиқ дисклар, хотира чиплари, компютер процессорлари, яримўтказгичларни тайёрловчи машиналар чиқарилди. Бу маҳсулотларнинг катта қисми АҚШга четдан келтирилади.