Нигерияда автобус минаси портлаши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди

Нигерия шимоли-шарқида автобус минага бориб урилгани оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди, 21 киши жароҳат олди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса Майдугури-Дамбоа трассасида (Борно штати) содир бўлган.
Портловчи қурилма “Боко Ҳарам” экстремистик гуруҳи террорчилари томонидан йўлга ўрнатилгани тахмин қилинмоқда. Автобус ҳарбий хизматчилар ҳимояси остида шахсий ва тижорат автомобильлари карвони таркибида ҳаракатланаётган эди.
Портлаш содир бўлган туман раҳбари Лован Майнанинг айтишича, ярадорлар Майдугури шаҳридаги шифохонага етказилган.