Трамп: «Эрон билан музокаралар яхши кетмоқда»

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар яхши кетмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.
«Музокаралар яхши кетмоқда. Лекин мақсадга эришилмагунча бу ҳеч нарсани англатмайди. Шунинг учун мен бу ҳақда гапиришни ёқтирмайман» – деди Америка раҳбари ва «Эрон билан вазият анча яхши ривожланаётганини» таъкидлади.
12 апрель куни Уммонда Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тартибга солиш учун Теҳрон ва Вашингтон вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи, АҚШ делегациясига эса президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилик қилди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув конструктив ва осойишта руҳда ўтган ва томонлар маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олган. Иккинчи тур 19 апрель куни Уммонда бўлиб ўтади.