Прокурор Атамбаевга 11 йил қамоқ жазоси сўради

Прокурор Атамбаевга 11 йил қамоқ жазоси сўради

Қирғизистонда давлат айбловчиси Қўй-Тош қишлоғидаги воқеалар иштирокчиларига 11 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради, дея хабар бермоқда 24.kg ахборот агентлиги. Иш Бишкекнинг Первомайский туман судида кўриб чиқилмоқда.

 

Прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва унинг собиқ шахсий қўриқчиси Канат Сагимбаевга 11 йил, собиқ депутат Равшан Жеэнбеков, Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Фарид Ниёзов ва тарафдори Фархат Баабиэвга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини талаб қилмоқда.

 

Собиқ депутатлар Асел Кодуранова ва Ирина Карамушкина, шунингдек, Атамбаевнинг собиқ матбуот котиби Қундуз Жолдубаевага нисбатан давлат айбловчиси муддати кўрсатилмаган пробасия тайинлашни сўрамоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 7-8 август кунлари Бишкек яқинидаги Қўй-Тош қишлоғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус кучлари ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари деярли бир сутка давомида Атамбаев қароргоҳига ҳужум қилиб, собиқ президентни қонундаги ўғри Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича сўроққа олиб келишган. Натижада Атамбаев қўлга олинди, тўқнашувлар пайтида бир киши ҳалок бўлди, яна 175 киши жароҳат олди.

 

Атамбаевга қотиллик, тартибсизликлар уюштириш, ҳокимият вакилларига таҳдид қилиш, ноқонуний қурол сақлаш, терговга тўсқинлик қилиш, гаровга олиш, қотилликка суиқасд қилиш, шунингдек, бир неча коррупция ҳолатлари – хусусан, ўзи учун қароргоҳ қурган Қўй-Тошда ер участкаларини ноқонуний сотиб олишда айблов қўйилди.

 

2020 йил июнь ойида Бишкекнинг Первомайский туман суди Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича Атамбаевни 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этиш ва мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. 2022 йил март ойида Олий суд биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди, 2023 йил февралда эса суд унга даволаниш учун чет элга чиқишга рухсат берди. Шундан сўнг Атамбаев Қирғизистонга қайтмади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: