Финляндия Россия билан чегарани ёпиқ ҳолда сақламоқда

Финляндия ҳукумати 16 апрель куни Россия билан чегарани номаълум муддатга ёпиқ сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Финляндия вазирлар кенгаши расмий веб-сайтида маълум қилинди. Бундай қарор Россиянинг миграциядан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишни давом эттириши хавфи сақланиб қолаётгани боис қабул қилинган.
Финляндия ҳукумати чегарадаги вазиятни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва чекловларнинг бекор қилиниши миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибига хавф туғдирмаса, уларни қайта кўриб чиқиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.
Финляндия ва Россия ўртасидаги чегара 2023 йил декабрь ойида Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан келган ва Россия ҳудуди орқали ўтиб, бошпана сўраган муҳожирлар оқими туфайли ёпилган эди. Кремль ушбу қарордан афсусда эканлигини билдирди, аммо миграция инқирозини уюштириш ёки қочқинларни Финляндияга атайлаб юбориш бўйича айбловларни рад этди.