Жанубий Кореяда шаклини ўзгартирувчи робот яратилди

Жанубий Кореяда олимлар ҳақиқий «суюқ робот»ни яратишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
Сеул Миллий Университети ва Гачон Университети тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган ушбу инновацион робот шаклини ўзгартира олади, тор бўшлиқлардан ўтади ва ҳатто кичик қисмларга ажралиб, кейинчалик ўз-ўзидан бирлашади.
Бу технология машҳур “Терминатор 2” фильмидаги Т-1000 суюқ роботини эслатади ва айнан шу фильм муаллифларга илҳом манбаи бўлган.
Роботнинг асосий материали — сув ўтказмайдиган зарралар билан қопланган махсус суюқлик. Бу унга мураккаб ва тор жойларга кириб бориш имконини беради. Уни товуш тўлқинлари орқали бошқариш мумкин бўлиб, у сув ости ёки қаттиқ юзаларда ҳаракатлана олади.
Бу технология тиббиётда (масалан, аниқ жойга дори етказиш), фавқулодда ҳолатларда (қутқарув ишларида) ва микро муҳандисликда кенг қўлланилиши мумкин. Олимларнинг фикрича, бу кашфиёт келажакдаги робототехника ривожининг янги даврини бошлаб беради.