Таиландда самолёт сувга қулаб тушди

25 апрель куни Таиландда самолёт сувга қулаб тушди ва самолёт бортида бўлган 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий “Khaosod” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, самолёт маҳаллий вақт билан тахминан 08:15 да мамлакатнинг ғарбий қирғоқлари яқинида сувга қулаган.
Авиаҳалокат Пхетбури провинциясидаги Ча-Ам шаҳрида содир бўлган. Самолёт маҳаллий пляждан 100 метр узоқликда денгизга қулаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, қутқарувчилар ҳозирча самолётдан бешта жасадни олиб чиқишга муваффақ бўлган. Олтинчи киши эса ўта оғир аҳволда шифокорларга топширилган.
Билдирилишича, сувга тушиб кетган самолётнинг русми – Dhc6 — 400 Twin Otter бўлган. Полиция ундан юкларни ва ходимларни операцион мақсадларда ташиш учун фойдаланган. Самолёт бортида машқларга тайёргарлик кўриш учун парашют билан сакрашга тайёргарлик кўраётган полициячилар бўлган.
Полиция вакили генерал-лейтенант Арчайон Крайтонгнинг сўзларига кўра, авария сабаби ҳозирча номаълум қолмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терговни бошлаб юборган.
Маълумот учун, Ча-Ам шаҳри мамлакатнинг жануби-шарқида, сиям кўрфази соҳилида жойлашган. Мамлакат пойтахти Бангкокгача бўлган масофа 150 км ни ташкил қилади.