Ғазода очлик: 2,4 миллиондан ортиқ одам ҳаёти хавф остида

Ғазода очлик: 2,4 миллиондан ортиқ одам ҳаёти хавф остида

Фаластин расмийлари жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, зудлик билан инсонпарварлик коридорини очишни талаб қилди, деб хабар бермоқда Анадолу агентлиги.

Расман эълон қилинган баёнотда, бу чорани амалга ошириш орқали 2,4 миллиондан ортиқ фаластинликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлиги таъкидланди.

Баёнотда айтилишича, Ғазо ҳукумати исроил ва уни қўллаб-қувватловчи кучларни “аудио ва видео ҳужжатлар билан тасдиқланган геноцид жиноятларини содир этганликда” айблади.

“Сионистлар томонидан жорий этилган ва 55 кундан буён давом этиб келаётган тўлиқ блокада ва назорат пунктларининг ёпилиши очарчиликнинг кенг кўламда тарқалишига олиб келди. Бу фалокат ҳозирда 2,4 миллиондан ортиқ инсон ҳаётини хавф остига қўймоқда. Вазият тобора оғирлашяпти”, дейилади баёнотда.

Расмий маълумотларга кўра, 55 кунлик блокада натижасида 52 нафар фаластинлик очлик ва етарли озиқланишнинг йўқлиги туфайли шаҳид бўлган, уларнинг 50 нафари болалардир. Ғазо ҳукумати буни “секин ўлдиришнинг энг даҳшатли усулларидан бири” деб атади.

Рақамларга кўра, ҳозирда 60 мингдан ортиқ бола ўткир етарли овқатланмасликдан азият чекмоқда, яна 1 миллиондан ортиқ бола ҳар куни очликни бошдан кечирмоқда. Бу эса уларнинг умумий жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ғазоликлар халқаро ҳамжамиятни сукут сақламасликка ва бу инсонпарварлик инқирозини дарҳол тўхтатишга чақирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: