Ўзбекистон Республикаси Президенти Корея Республикасига келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Корея Республикасига келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди.

Корея Республикаси Ҳарбий-ҳаво кучларининг Сеулдаги авиабазасида олий мартабали меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди, артиллерия тўпларидан салют берилди.

Ўзбекистон Президентини Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.

Уч кунлик ташриф доирасида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар, Миллий Ассамблея Спикери Чо Чжон Шик, Бош вазир Хан Сон Сук, Кореянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Корея бизнес форумининг очилишида нутқ сўзлайди. 16 сентябрь куни Президентимиз биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этади.

Ташрифнинг сиёсий ва иқтисодий кун тартибидаги тадбирлар билан бир вақтда Корея пойтахти ва бошқа шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: