Наманганда мактаб ўқувчиси онасини калтаклади

Ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.
Ижтимоий тармоқларда Наманганда ёш бола ўз онасини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Наманаган вилояти Мактабларга қадар ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа Давлатобод туманидаги 80-умумтаълим мактаби ўқувчиси иштирокида содир бўлган. Ўрганишлар давомида аниқланишича, бола онаси ва бувиси томонидан қилинган қаттиқ муомала ва ҳақоратларга чидай олмагани туфайли стресс таъсирида куч ишлатган.
Ҳолат бўйича Давлатобод туман ИИБ, туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Она ва вояга етмаган бола билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, томонлар яраштирилган. Улар огоҳлантирилиб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. Ҳозирда ҳолат устидан доимий назорат ўрнатилган.