Украинада 11 кишини ўлдирган ўзбекистонлик умрбод қамалди

Украина пойтахти Киев шаҳрида 2018 йил февралдан 2024 йил январгача 11 кишини ўлдирган ва яна бир инсонни ўлдиришга уриниб, аммо режасини амалга ошира олмаган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Киев шаҳри прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, судланган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиб, доимий яшаш жойига эга эмас. У 3 аёл ва 8 эркакни ўлдирган. Жабрланувчиларнинг аксарияти уйсизлар бўлиб, у улар билан танишиб, биргаликда алкоголь истеъмол қилгандан сўнг уларни йўқ қилган. Битта ҳолатда у яна бир инсонни ўлдиришга уриниб, мақсадига ета олмаган.
«»2024 йил январда эркак Киевнинг Голосиеев туманидаги гул дўконига харидор сифатида кириб, сотувчи аёлга пичоқ билан 30 мартадан ортиқ зарба бериб ўлдирган ва унинг тилла тақинчоқларини олиб қочган. Айбланувчи ушбу жиноятда ўз айбини тан олган ва шундан сўнг аввалги шунга ўхшаш жиноятларини ҳам батафсил баён қилган”, дейилади хабарда.
У ҳар бир жабрланувчисини яхши эслаб қолган ва бу маълумотлар орқали жазони енгиллаштиришга умид қилган. Аммо суд унинг қилмишини ҳисобга олган ҳолда жиноятларини тўлиқ исботловчи далиллар асосида айбдор деб топган ва Украина қонунчилигида кўзда тутилган энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарган. Айбланувчи ҳозирда қамоқда сақланмоқда.