Coca-Cola истеъмоли оқибати: эркакнинг буйрагида 35 дона тош аниқланди

Бразилияда яшовчи эркак кунига уч литрга яқин Coca-Cola ичиш одатини йўқотмагани оқибатида жиддий соғлиқ муаммосига дуч келди. Урология бўйича мутахассис доктор Талес Андраде унинг пешоб қопчасидан 35 дона тошни олиб ташлашга мажбур бўлди.
Ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган — 8,5 миллион мартадан кўпроқ томоша қилинган видеода шифокор ҳаддан ташқари газли ва ширин ичимликлар истеъмоли қандай хавфли оқибатларга олиб келишини изоҳлаб берди.
Ушбу ҳолатни реал амалиётда намойиш этган Андраде беморнинг пешоб қопчасидан олинган йирик, сарғиш тошларни стол устига чиқариб кўрсатди.
Шифокор таъкидлашича, буйрак тошлари организмда кальций йиғилиши натижасида ҳосил бўлади ва сийдик орқали чиқарилиш жараёнида сийдик пуфагига ҳаракат қилади. Бу эса кучли оғриқлар, кўнгил айниши, қусиш, сиқилиш, сийдикда қон кўриниши каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
Даволаниш чоралари кўрилмаса, бундай тошлар сийдик қопчасида тўпланиб қолиб, оғир оқибатларга — жумладан, буйрак фаолиятининг бузилиши ёки сепсис каби ҳаёт учун хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Видеога изоҳ сифатида қолдирилган тушунтиришда айтилишича, Coca-Cola каби шакар миқдори юқори бўлган ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш танадаги кальций даражасини оширади. Бу эса буйрак тошларининг шаклланиш эҳтимолини сезиларли даражада кучайтиради.