Медведевнинг хаёллари

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раис ўринбосари Дмитрий Медведев «буфер ҳудуд» Украинанинг деярли бутун ерини эгаллаши мумкинлигини билдирди.
Медведев Х ижтимоий тармоғида Украинанинг деярли бутун ҳудуди «буфер зона» сифатида белгиланган видеони эълон қилди. У видеога «Агар бандерачилар тузумига ҳарбий ёрдам давом этса, буфер ҳудуд мана шундай кўринишга эга бўлиши мумкин,» деган изоҳ қўшди.
Видео Медведевнинг инглиз тилидаги телеграм-каналида пайдо бўлди. Тақдим этилган кадрларда «буфер ҳудуд» – қизил ранг билан белгиланган – ғарбдаги кичик майдонни ҳисобга олмаганда, Украинанинг катта қисмини қамраб олади. Украина ҳудуди кўк рангда, Россия ҳудуди эса яшил рангда кўрсатилган.
Май ойи охирида Россия президенти россиялик ҳарбийлар Белгород, Брянск ва Курск вилоятларини ҳимоя қилиш учун «зарур буфер ҳудуд» яратиш устида иш олиб бораётганини маълум қилган эди.