Европа Иттифоқи USAID ўрнини эгаллашга тайёрланмоқда

Европа Иттифоқи учинчи дунё мамлакатларида АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги — USAID’дан бўшаган ўринни ҳеч бўлмаганда қисман тўлдиришни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг дипломатия раҳбари Кая Каллас Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг Ривожланиш кенгаши йиғилишида маълум қилди.
Калласнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи вакиллари USAID’нинг ривожланиш бўйича ташаббуслардан чекинишини муҳокама қилган ва бу бўшлиқни Европа демократик қадриятлари билан тўлдириш имкониятини кўриб чиққан.
“Биз USAID ўрнини тўлиқ эгаллай олмаймиз, лекин Европа устувор йўналишларига — демократия, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва адолатли бошқарувга — эътибор қаратамиз”, — деди Каллас.
Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни АҚШ ҳукумати USAID’нинг халқаро молиялаштириш дастурларини кескин қисқартирди. 10 март куни эса вақтинча агентлик раҳбари этиб тайинланган давлат котиби Марко Рубио USAID дастурларининг 83 фоизи тўхтатилганини маълум қилган эди.
Бунинг ўрнига АҚШ ҳукумати 2,9 миллиард долларлик янги махсус жамғарма тузишни режалаштирмоқда. Жамғарма халқаро инқирозларга тезкор жавоб қайтариш, муҳим стратегик шериклар — хусусан, Ҳиндистон ва Иордания билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамда Хитой каби рақобатчиларга қарши чоралар кўришни назарда тутади.