Лавров: Франция Россияга қарши урушмоқда, унинг ракеталаридан ҳужумлар учун фойдаланилмоқда

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Франция Россияга қарши урушаётганини айтди. Унинг қайд этишича, Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун Франция ракеталаридан фойдаланмоқда.
«Франция Россияга қарши урушмоқда, чунки унинг узоқ масофали ракеталари Киевдаги нацистлар режими томонидан Россия Федерацияси ҳудудига, асосан, фуқаролик объектларига зарба бериш учун ишлатилмоқда,» – деди Лавров. Бу ҳақда у Франция ТИВ раҳбари Жан-Ноэл Барронинг Париж гўёки «Россия халқига қарши урушмаётгани,» балки Украина Қуролли кучларига ёрдам бераётгани ҳақидаги баёнотига изоҳ берар экан, маълум қилди.
Франция вазирининг сўзларига кўра, «Франция ҳам, Европа ҳам Россия ва рус халқи билан уруш ҳолатида эмас.»