Медведевнинг режаси Россияга 50 миллион аскарга тушади

Урушни ўрганиш институти (ISW) Дмитрий Медведевнинг Украина ҳудудида «буфер зона» яратиш тўғрисидаги сўнгги баёнотларини шарҳлади.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу режани амалга ошириш – деярли бутун Украинани босиб олиш учун 91 йил ва Россия аҳолисининг учдан бир қисмигача талаб этилади.
Медведев Россия буфер зона учун зарур бўлган барча ҳудудни эгаллаши мумкинлигини таъкидлади. ISW’нинг қайд этишича, 587 459 квадрат километр Украина ҳудуди ҳақида гап кетмоқда. Шу билан бирга, 2025 йил 1 январдан 24 майгача бўлган даврдаги маълумотларга кўра, Россия армияси кунига ўртача 14,3 квадрат километрга илгариламоқда.
Бундай суръатда Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларининг фақат босиб олинган қисмларини ҳам эгаллаш учун тахминан 4 йил керак бўлади. Медведев таклиф қилган бутун ҳудудни тўлиқ эгаллаш учун эса қарийб 91 йил зарур бўлади.
Бундан ташқари, ISW баҳолашларига кўра, кунига ўртача 1500 аскар ҳалок бўлиши ёки яраланишини ҳисобга олган ҳолда, режани амалга ошириш тахминан 50 миллион кишига тушади. Бу Россия аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.
Таҳлилчилар таъкидлашича, бу ҳисоб-китобларда кўплаб географик ва мудофаа тўсиқлари ҳисобга олинмаган. Жумладан, Днепр дарёси ҳаракатланиш учун жиддий тўсиқ бўлиши кутилмоқда.