…АЙТМАСАМ ЎЛАМ…

…АЙТМАСАМ ЎЛАМ…

Айни ибрат оладиган, хулоса чиқарадиган пайт келди. Эрон нима учун бу аҳволга тушиб қолди? Сал кам 100 миллион аҳолиси бор, минг-минг йиллик тарихга эга, нефть, газ ва кўмир қазиб олишда дунёнинг энг етакчи мамлакати ҳисобланган юрт, кеча пайдо бўлган, умумий сони 10 миллионга ҳам бормайдиган бир тўдага бас келолмаяпти. Чунки Эрон дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатлари руйхатида ҳам етакчилик қилади. Бир оилада ўн киши яшаса-ю, унинг тўрттаси ўғри бўлса, бу оиланинг бири икки бўладими? Энг ёмони, ўғрида ор-номус бўлмайди. Ор-номуси бўлмаган одам истаган пайтда Миллатни ҳам, Ватанни ҳам иккиланмай сотиб юбораверади.
Сўнгги 3 кун ичида Эронда ҳалок бўлганлар сони икки юз кишидан ошиб кетди. исроил мамлакатдаги энг эътиборли, салоҳиятли мулозимларни, олимларни териб-териб ўлдираяпти. Бу ишларни тасодиф деб ўйласангиз хато қиласиз. Ичкарида сотқинлар бор. Ҳозирча уларнинг 2-3 таси ушланди. Аммо воқеалар ривожига қараганда, сотилганлар ҳали жуда кўп. Катта-катта пуллар эвазига ичкаридаги вазият ҳақида информация бериб турибди. Кимнинг қаерда яшаши, қачон ким билан учрашиши, мажлис қайси пайтда бошланиши… ҳаммаси золимларга аён.
Коррупция жамиятни шу тариқа ичидан емиради. Корруациялашган жамиятда одамлар бир-бирига ишонмайди. Ҳамма бир-бирига шубҳа билан қарайди. Халқ ҳокимиятга ишонмайди… Ҳокимият халқни алдайди. Ва ниҳоят, порахўрлик ва қасамхўрликка ихтисослашган бундай жамият бошқаларга ем бўлади.
Алишер Назар.
Дўстларингизга ҳам юборинг: