“Микрокредитбанк” АТБ IX Германия-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида “ODDO BHF bank” билан 50 миллион долларлик шартнома имзолади

2025 йил 19-20 июнь кунлари Берлин ва Дусселдорф шаҳарларида тўққизинчи Германия-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда “Микрокредитбанк” АТБ раҳбарияти ҳам фаол иштирок этиб, форум доирасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттирувчи муҳим келишувга эришди.
Мазкур келишув Германиянинг етакчи молия институтларидан бири – “ODDO BHF bank” билан имзоланиши форумнинг энг асосий ютуғи дея таъкидланди. Келишувга кўра, “Микрокредитбанк” АТБ Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилади. Бу маҳаллий тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидаги навбатдаги қадамдир.
Бизнес-форум давомида Микрокредитбанк делегацияси қатор йирик немис банклари билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Жумладан:
* ODDO BHF bank
* DZ bank
* KfW Bankengruppe
* AKA bank
Шунингдек, учрашувлар давомида савдони молиялаштириш, вакиллик ҳисобварақларини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
“Микрокредитбанк” АТБ халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ўз олдига қўйган мақсадларини изчил амалга оширишда давом этади.
Банк Ахборот хизмати