Тўрт блогерга нисбатан иш очилди

Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда ижтимоий тармоқларда бир неча юз минглаб кузатувчиларига эга бўлган блогерлар ўзларига тегишли саҳифаларда букмекерлик хизматларини реклама қилаётган ҳолатлари кузатилган.
Хусусан, букмекерлик товар белгисидан фойдаланган, шунингдек қимор ўйинларини тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари орқали жойлаштирилган видео-роликлар қуйидаги шахсларга тегишли эканлиги аниқланди:
— фуқаро Шодиев Жасурбек Ғуломжон ўғли (jasjannew);
— фуқаро Нормаматов Дадабек Бахром ўғли (allme. uz);
— фуқаро Рахматов Шерхон Лутфулло ўғли (sherxon.zdss);
— фуқаро Хасанбоев Хожиакбар Зулхайдар ўғли (hojiakbar_ku).
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан блогерлар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилди.
Эслатиб ўтамиз, “Реклама тўғрисида”ги Қонунига кўра, мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади. Бундай фаолиятни реклама қилиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.