Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (18-қисм)

— Мен азбаройи билиб-билмай ўзимизникилар учун қасос олаётгандим. Ҳар доим дошқурларнинг жонсиз танасини кўрганимда, ўзимни ўзим енгишим учун “айб менда эмас” дердим, — деди охирида Ислом.
— Ватан, юрт ҳимояси гуноҳ эмас. Қайтага, ўз жонини асраб қолиш учун жангдан қочганлар гуноҳга ботишади. Аммо, эсиз, кечга қолибсан, сендайин ақли бор, ҳозирги урушларнинг паст-баландини яхши тушунадиган бир одам бўлганидами, болаларимизнинг бошини қовуштира оладиган бир паҳлавон бўлганидами?.. Хон юртни сотди. Унинг атрофини ўраб олган амалдорлари юртни сотди. Улар ўз маишатлари учун ҳамма нарса қилишди. Юртни эса осонгина душманнинг қўлига топшириб қўйишди. Хиёнат, қўрқоқлик… Қайси бирини айтайин? Улар оддий халқни тирноқча ҳам ўйлашмади. Оддий халқ ўзининг ёғига ўзи қовурилди. Олдинига хоннинг гумашталари минг битта ўлпон турини ўйлаб топишиб, хон билан бирга одамларнинг қонини ичишди. Кейин оқ подшонинг одамларига осонгина мамлакатни топшириб қўйишди. Ана ундан сўнг қизиллар пайдо бўлишди. Энди кўксимизга шамол тегади, деб турганимизда булар битта сигири бор одамни ҳам бой қаторига қўшиб, ҳамма нарсасини тортиб олишди. Бу дошқур деганлари бўлса, қутурган кўппакдан фарқ қилмас экан. Халққа шундай ёпишдики, асти қўяверасан. Қизиллар айнан уларнинг қўллари билан ўн минглаб одамларнинг ёстиғини қуритишди. Энг даҳшатли воқеалар Марғилонда бўлди. Дошқурлар ўзларига душман ҳисоблаган оддий деҳқонларни, ҳунармандларни осиб ўлдиришди. Осганда ҳам йўл четларида ўзлари қилган дорларга осишди. Мурдага бировни тегинтиришмади. Олиб, ювиб-тараб кўмаман деганларни отиб ташлашди. Бунинг оқибатида ўликлар икки кун ўтмай осилган жойларида чирий бошладилар. Гала-гала қузғунлар учиб келиб, уларни чўқишга тушди. Майитларнинг ҳидлари ҳамма ёқни босиб кетди. «Қарғалар учса қарайлик, Марғилоннинг йўлига…» деган мотам қўшиғи пайдо бўлди… Бу нима кўргилик, болам?! Таъзияга йиғилганлар сўзсиз, сўроқсиз ўлдирилди. Энди уларнинг ўзларига жаноза ўқиш керак эди. Лекин жаноза ўқийдаган одам қолмаган…
Чол бошқа гапиролмай ўкириб йиғлаб юборди. Ислом ҳам унга қўшилди. Унинг қўллари шунчалик мушт бўлиб тугилган эдики, ҳатто бармоқлари кафтига ботди…
— Ҳаммаси учун жавоб беришади. Битта ҳам қолдирмасдан қириб ташлайман ярамасларни! — деди у.
Чол кафтлари билан кўз ёшларини артди.
— Сен бир неча вагон дошқурни ўлдирганингни айтганингда кўнглим ёришди. Ҳар қалай, озми-кўпми ўч олинибди. Лекин бизникилар улардан бир неча юз марта кўп ўлди. Йўқотишларимиз жуда катта бўлди. Ва бу нарса давом этаяпти. Агар бунинг олди олинмаса, билмадим, асли туркистонлик бу ерда қоладими, йўқми? Ҳозир қаерга қарама, дошқурга кўзинг тушади. Тўнғиз қўпгурлар одамларнинг ҳатто битта товуғини қўймаяпти-да. Ўзлари бўлса, дўконлар очиб олишган. Майхоналар очишган. Айшу ишратда юришибди. Яна биттаси ўзига ароқ завод қуриб олган. Мусулмон диёрида ароқ завод! Масжидларга одамларнинг кирганларини кўришса, уриб ўлдиришади. Ўзлари эса!.. Э-э, қайси бирига куясан?! Энг ёмони, ўша дошқурларга, қизилларга ўзимизнинг сотқинлар ҳам эргашишган. Ҳар куни маст ҳолатда кўрасан уларни! Эй, Худо, қандай кунларга қолдик?!
— Халқ ҳаммасини жим кузатиб турибдими?!
— Шўринг қурғурларнинг қўлларидан нима ҳам келарди?! Ахир сал бош кўтарганларни нима кўйга солишганликларини сенга айтдим-ку! Шундан кейин одамларнинг ҳаммаси юракларини олдириб қўйишди. Имкони борлар, йўлини қилганлар хорижга қочиб кетди!.. Кўрдингми, ўлган битта сенинг отанг эмас. Ҳозир етим бўлмаган одамни учратолмайсан. Менинг ҳам, асли, ҳеч кимим йўқ эди. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Шунинг учун масжидга бораман, шундаям фақат бомдодга. Агар мен бормасам, масжидни… У ерни аллақачон ташландиқхонага айлантиришган. Сен кечаси кўрдинг, кундузи кўрсанг йиғлайсан… Яна озроқ нон е. Сариёғдан сур устига.
— Ўтмай қолди. Энди мен борсам. Жуда хотиржамман ҳозир. Асли касбим жосуслик. Жосус ҳеч қачон ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Фақат менга исмингизни айтмдингиз, ота.
— Шодмонқул отим.
— Ота, мен борайин энди.
— Майли. Фақат мен сенга бир нималар бериб юбораман. Бу кийимингда қишлоғингга борсанг, уларнинг юраклари тўкилиб қолади. Яна босқинчилар келишибди, деб ўйлашади. Аммо шаҳарда ҳозирги кийимингда юр. Бошингда кепка, устингда ўрисларнинг камзули, шими, этиги. Хуллас, аниқ уларнинг вакилларига ўхшайсан.
— Раҳмат. Лекин мен сиз айтган кийимларни ҳозирнинг ўзидаёқ ечаман. Эҳтимол, мен ҳақимдаги маълумотлар бу ерга етиб келгандир. Балки мени Қўқондан ҳам қидиришаётгандир. Улар биринчи навбатда менинг кийимларимга эътибор қаратишади. Рухсат берасизми?
— Ҳа. Кийиниб ол унда…
Шодмонқул ота ўзининг кичкинагина ҳовлисига чиқиб турди. Ислом эса кийимларини алмаштирди. Энгида чопон, бошида салла. Фақат соқол, мўйлов йўқ. Агар улар ҳам бўлганида ёшгина бобойга айланарди.
Кейин Ислом ташқарига чиқди ва уй эгаси билан қучоқлашиб хайрлашаркан:
— Келаман. Бир-иккита ишларни бажариб кейин келаман. Сизнинг кўп маслаҳатингиз керак бўлади менга, — деди.
Вақт пешинга яқинлашган эди. Кўчаларда хийла одам кўпайибди. Уларнинг аксарияти юпун кийинган бечоралар эди. Шунингдек, қизил аскарлар ҳам изғиб юришарди. Ислом уларга яхшилаб эътибор қаратса, кўпчилиги дошқурлар.
У хотиржам кета бошлади. Ўзининг қишлоғи томонга. Елкасига илиб юрган латтали йўл халтасини чолникига ташлаб чиққан. Шу боис энди унинг қўлида ҳеч нима йўқ эди.
Агар ўша воқеа содир бўлмаганида, эҳтимол, тинчгина шаҳардан чиқиб кетарди. Бироқ…
Кўзи иккита болани судраб кетаётганларга тушди. Болалар жонлари борича бақиришар, олиб кетаётган қизил аскарларнинг қўлларидан чиқиб кетиш учун оёқларини ерга тираб қаршилик кўрсатишга уринишарди. Аммо кучлари етмасди. Қаёқдан ҳам етсин? Таналари нимжон, оёқлари ингичка. Куч деган нарсанинг ўзи йўқ. Аскарлар ҳар тортганларида учиб кетгудай бўлишяпти. Учишарди ҳам. Агар аскарлар уларни тутиб турмаганларида… Аммо шунга қарамасдан қўрқувлари шунчалик кучлики, нима қилиб бўлмасин, қизилларнинг қўлларидан чиқиб кетишга ҳаракат қилишарди.
Ислом дарров уларнинг йўлларини тўсиб чиқди.
— Тўхта! — деди кўзларини олайтириб.
Аскарлар тўхташди. Улар учта эди. Шулардан иккитаси дошқур. Айнан шу дошқурлар болакайларнинг қўлларидан ушлаб олишганди.
— Ҳа-а?! — дея унга кўзларини олайтирди бўйи узунроқ болакайнинг қўлидан тутиб олган дошқур. — Нега йўлимиздан чиқдинг?!
— Қаерга олиб кетаяпсанлар буларни?! — деб сўради Ислом соф рус тилида.
Ана шу биргина сўроқнинг ўзи уларни довдиратди. Илло, бу маконда унча-мунча ўзбек соф рус тилида гапира олмасди.
— Ўғирлик қилган булар, — дея дошқурнинг ўрнига жавоб берди малла соч аскар.
— Қанақа ўғирлик? — деб сўроқни давом эттирди Ислом.
— Дўконга ўғирликка тушган. Нон ўғирлаган. Дўкон Никоянники.
— Тушунмадим, қайси гўрдан Никояннинг дўкони пайдо бўлиб қолди? Биз инқилобни нега қилдик?! Нега?! Биз зодагонларга, бойларга қарши эмасмидик?!
Аскарлар ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қараб олишди.
— Нега нон ўғирладинглар? — деб сўради бу сафар Ислом болалардан ўзбек тилида.
— Амаки, бизнинг қорнимиз оч, уч кундан бери ҳеч нима емадик, — дея жавоб қилди болалардан бири йиғлаб.
— Нега булар оч?! — деди Ислом аскарларга дағдаға қилиб.
Аскарларнинг тиллари калимага келмай қолди. Илло, улар «Бу одам НКВД вакили бўлса керак», деб ўйлашаётганди.
— Мен сен овсарлардан сўраяпман, нега болалар оч?! — дея баттар овозига зўр берди Ислом аскарлардан жавоб бўлмагач.
— Ҳалиги, ўртоқ бошлиқ, биз…
— Нима биз?! Нима биз?! — дея узун бўйли дошқурнинг ёқасидан олди Ислом. — Гапир, итнинг боласи?! Гапиролмайсан. Чунки у ёқда Никоян, сенинг ҳамтовоғинг дўкон очиб олган. Сенлар йўқсилларнинг нонларини тортиб олгансанлар! Энди буларга ўн баробар қиммат нархда сотасанлар, ўзларингга эса текин! Шундайми?!
Ислом чидаёлмай қўйнидан наганини чиқарди-да, дошқурнинг пешонасига тиради.
— Уруш пайтида ҳарбий трибунал жанг майдонида бўлади, ҳозирнинг ўзидаёқ пешонангдан дарча очиб қўяман, ҳаромининг боласи!
Аскарлар Исломнинг бу сўзларидан кейин, сал бўлмаса, иштонларини ҳўллаб қўяёзишди.
— Дўкон қаерда?!
Дошқурлардан бири ортига ўгирилди. Сўнг бурнини тортиб қўйиб:
— Ҳов анави ерда, — деди паст овозда.
— Болаларни қўйвор-да, бошла ўша ёққа!..
Дошқурлар дарров Исломнинг айтганини бажаришди.
Аскарлар олдинда, орқада Ислом билан бирга икки болакай кетиб борарди. Шу кетиш асносида Ислом ҳар икки боланинг ҳам бошини силаб қўйди.
Дўкондор Никоян қориндор, семиз одам экан. Унинг бошқа дошқурлардан фарқи — узун бурнининг тагида мўйлови ва иягида соқоли бор эди. Ислом биринчи зарбани айнан шу ёққа берди.
— Бу чўчқа ғирт босмачи-ку!..
Аскарлар ҳам, дўкондор ҳам дарров бақа бўлиб қолди. Шунда Ислом илдам юриб келиб, Никояннинг соқолини иягига қўшиб ғижимлаб тортди.
— Манави нима?! — деди сўнгра ғазаб билан.
Никояннинг кўзи чиқиб кетай деди. Қолганлар ҳам ҳайрат билан Исломнинг қилаётган ишларига қараб туришарди. Болакайлар эса нимтабассум қилишарди.
Ислом семиз дўкондорнинг катта қорнига бир мушт туширди. У икки букилди. Букилаётганида орқасидан ел чиқариб юборди ва ҳамманинг кулгисига қолди. Аскар-дошқурлар Исломни ёмон кўриб туришганди, аммо Никоян ел чиқарди-ю, улар ҳам чидаёлмасдан кулишди.
— Буни маҳкамага олиб кетинглар. Бу бежизга соқол қўймаган. Дўкондорлик ниқоби остида нималар қилиб юрганлигини аниқлаш керак. Ундан кейин ўртоқ Ленин нима деганди? Орамизда дўкондорларга, ер эгаларига, бойларга ўрин йўқ. Биз йўқсиллар томонидамиз!.. — ўртоқ Ленин шундай гап айтганми-айтмаганми, билмайди. Билишининг ҳам ҳожати йўқ. Агар манави маллавойни ҳисобга олмаганда, узун бурун дошқурлар мутлақо гўл. Ҳатто ўқишга ҳам тиши ўтмайди уларнинг. Уларга: «Ўртоқ Ленин мана шундай деганди», деб биров айтса, сўзсиз ишонишади. — Никояннинг дўкони эса ҳозирнинг ўзидаёқ халқ ихтиёрига ўтказилади. Қани, болалар, келинглар, кўтарганча нон олинглар, олиб бориб, ўзларингга ўхшаган очларга тарқатинглар, ўзларинг ҳам енглар!
Ислом гапининг ярмини ўрисча айтган бўлса, ярмини ўзбекчада гапирди. Шу боис ҳамма уни тушунди.
Никояннинг қўлларига «темир тасма» тақилди ва олиб кетилди. Болалар эса шу дўкондаги қоплардан иккитасини олиб, шоша-пиша нонларни сола бошлашди. Уларга ҳатто Ислом ҳам ёрдамлашиб юборди…
«Очиғи, — дея кўнглидан ўтказди Ислом, — болалар қопларни кўтариб, уйлари томонга югуриб кетишганларида, уларнинг ортидан қараб, бунчалик маза қилмагандим. Қанчадан-қанча дошқурни ўлдирдим. Аммо ҳозиргидай хурсандчилик беролмаганди қилган ишларим. Энди эса маза қилаяпман».
У шу кайфиятда дўкондан узоқлашди.
Бирпасдан кейин дўконнинг ёнига бошқа одамлар келишди. Асосан, бир бурда нон сотиб олмоқчи бўлганлар. Уларнинг пуллари жуда оз эди. Илло, зўрға озгина нон сотиб олишга етадиган пул ишлаб топишганди. Киришди дўконга. Дўкондорни чақиришди. Кутишди. Сўнг индамай биттадан олиб чиқиб кетишди олдингилар. Кейингилар эса қўлларига, қучоқларига сиққанича олишди. Ахир оч отасини танийдими? Шундай қилиб, ҳаш-паш дегунча дўкон шипшийдам бўлди. Кейинроқ дўкон эгасиз эканлигидан хабар топган ўғрилар келиб, унинг кассасидаги бор пулни ўмариб кетишди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.