Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (23-қисм)

Ислом уч кун муттасил қишлоқдошларига қурол ишлатишни ўргатди. Шу билан бирга: «Бекордан-бекорга тепкини босаверманглар. Бирорта фалокат олиб келади. Олиб келмаган тақдирда ҳам, ўқ-дорилардан айрилиб қоласизлар. Ана ундан кейин қуролнинг оддий чўпдан фарқи қолмайди», деб тайинлар эди. Айни чоғда у ҳам худди чўғнинг устида тургандай ҳис қилар эди ўзини. Сабаби, нимадандир қолиб кетадигандай, агар эртароқ кетмаса, режаларининг бирортаси ҳам ўхшамайдигандай туйилаверди.
Тўртинчи куни у йўлга тушди. Яна пою пиёда. У эҳтиёткор, отда юрмайди. Қолаверса, кутилмаганда битта бўлинманинг ном-нишонсиз кетиши Қўқонда, Андижонда каттароқ масканларда қўмондонлик штабларини ўрнатган қизилларнинг катталарини ўйлантириб қўйган бўлса, эҳтимол. Улар янги кучларни эскиларининг изидан юборган бўлишлари мумкин. Яна қўшимчасига асли миллати сарт, дини ислом, аммо мақоми сотқин бўлган жосусларни юборган бўлишлари ҳам тайин. Шундай экан, бундан бу ёғига Ислом икки ҳисса эҳтиёт бўлиши ва Бешкапага омон-эсон етиб олиши керак.
Бу ерлар унга эскидан таниш. Аммо кўп нарсалар… Кўп нарсалар деймиз-у, асосий ўзгаришлар чангалзорларда бўлган, бир жойларда илгари ўсмаган ёввойи жийдалар энди пайдо бўлибди. Эскилари эса қуриб битибди. Яна у ўтган сафар шу ердан юрганида, ҳар битта бутага разм солган ва ҳар бири хотирасида қолган эди.
Ислом «қизил»лар қирилган жойга етиб борди. У ерга одам зоти келмабди. Аммо оч юрган шоқоллар келишибди. Умумий қабрни қазишибди. Бир-иккита мурдани чиқарганларига қараганда, шоқоллар кўп бўлмаган. Қўлсиз, оёқсиз, бошсиз ириб-чириётган мурдаларнинг ёнига яқинлашиб бўлмасди. Улар шунчалик сасиб кетгандики, нафақат бурнингни ёпасан, ҳатто кўзинг ҳам юмилади.
«Қарғалар қаерда экан? Наҳотки улар буларнинг ҳидини топиб олмаган бўлса?! Эртароқ топганларида яхши бўларди. Бир кунда еб битиришарди. Кейин ортиқ бу ерлар сасимасди. Яна, менимча, шоқоллар ўтган оқшомдагина шу ерда янги қабр пайдо бўлганини топганга ўхшайди. Акс ҳолда, суяклардан бошқасини қолдиришмасди. Бир жойларда болта ютар қушлар бор экан. Уларнинг емишлари, асосан, суяк экан. Ана шундай қушлардан бирор ўнтаси бизнинг томонларда ҳам бўлганида борми, бу «қизил»ларнинг суяклари ҳам қолмасди».
Шундай ўйларни хаёлидан ўтказган Ислом эртароқ бу ердан узоқлашиш учун югурди.
Вақт асрга яқинлашганда у Бешкапага етиб борди. Олдин у ерга кирмасдан, узоқдан қишлоқни кузатди. Бешкапа уларнинг қишлоғи каби хонавайрон қилинмаганди. Ора-чора бир-икки уйнинг қорайганини кўрди, аммо қолганлари бус-бутун эди. Баланд тераклар қаторлашиб турибди. Бу қишлоқ одамлари илгаридан ҳамма нарсадан пул қилишнинг ҳадисини олишган. Терак борми, экин-тикин борми — ҳаммасини бозорга олиб бориб сотишади. Жуда кўп нарсаларда улар биринчи. Ҳатто ҳунармандлари ҳам бор. Айтишларига қараганда, савдогарлари бу ёғи Арабистон, Ҳиндистон ва ҳаттоки Хитойга ҳам бориб келишаркан. Хуллас, Бешкапанинг одамлари дунё кўрган…
Исломнинг тоғасининг исми Абдужаббор. Унинг уйи қишлоқнинг ўртасида. У ҳам қишлоқнинг олд одамларидан бири. Боғи жуда катта. Ислом ўқишга кетишидан олдин тоғасининг тўрт хотини борлигини биларди. Энг кичиги Ислом билан тенг. Қўқонлик савдогарнинг қизи. Ислом уни кўрганида ҳушидан айрилаёзган. Илло, у гўзалликнинг бундай вакиласини ҳеч қачон кўрмаган. Тоғаси унинг отасини Худоёрхоннинг чангалидан олиб қолган экан. Қандай бўлган, нима бўлган, нега энди нақ хоннинг чангалига савдогар тушиб қолган, буниси Исломга қоронғи. Билгани шуки, савдогар қутулиб қолгани эвазига қизини унинг тоғасига хотинликка берган.
Ислом бир муддат хаёл суриб ўтирганидан кейин ўрнидан туриб, юришда давом этди. Шунда ўзи томон от чоптириб келаётган одамга кўзи тушди. Ҳайрон бўлди. Тўхтади. Бир хаёл яшириниб, отлиқни ўтказиб юбормоқчи бўлди. Аммо ички қизиқиш уни бундай қилишдан тўсди. Отлиқдан кўзини узмаган кўйи тўғри у томонга юрди. Отлиқ эса узлуксиз тулпорга қамчи урар, уни янада тезроқ югуришга ундарди.
«Нега бунчалик шошаяпти? Нима мажбур қилди?» дея кўнглидан ўтказди Ислом ва ўзиям югургиси, отлиқнинг шошаётгани сабабини билгиси келди. Илло, ҳозирги замонда бекордан-бекорга бунчалик шошиб юрилмайди. Қандайдир ўта жиддий сабаб бор.
— Ҳо-о-о-о-й! Тўхта! — дея у қулочларини кенг очди отлиқ яқинлашиб қолганида унинг йўлини тўсиб.
Отлиқ жон-жаҳди билан азбаройи йўлини тўсган одамни уриб кетмаслик учун отнинг жиловини тортди. От оғриқ зўридан кишнаб юборди ва тўхташ асносида олд оёқларини кўтарди.
— Чеккароқ турсанг ўласанми?! — дея қичқирди чавандоз.
— Нимага бунчалик шамолдай елиб кетаяпсиз?! — деб бақирди Ислом.
— Душман келаяпти!!! Душман! «Қизил»лар бостириб келишаяпти!!! Мадаминбекнинг ёнига кетаяпман!
Чавандоз шундай деб яна отига қамчи босди ва Исломнинг ёнидан ўтиб кетди.
Ислом ҳам ўйлаб ўтирмай қишлоқ томонга жони борича югурди. Нима қилиб бўлса ҳам, эртароқ Бешкапага, тоғасининг ёнига бориши керак. У Мадаминбек тўғрисида кўп эшитди. Ҳамқишлоқлари у тўғрисида ғурурланиб гапиришди. «Қанийди, у келиб шу ерда қўним топса, шу атрофда лашкарини тўхтатса, шу ердан бошлаб «қизил»ларга қарши уруш қилса», дейишди. «Мадаминбекдан «қизил»лар, айниқса, дошқурлар Азроилдан қўрққандай қўрқишади», дейишди. Шунда Исломда унинг лашкарига бориб қўшилиш истаги пайдо бўлди. Аммо бироз кейинроқ: «Атрофимга беш-ўн одамни йиғиб, улар билан бирга яхши қуролланиб, кейин бориб қўшилсак, алоҳида бўлинма бўлсак, кўпроқ фойдам тегади», деди ўзича.
У қишлоққа кириб бориши билан ичкари томондан югуриб келаётган хотин-халаж, ёш бола ва чолларга кўзи тушди. Жувонларнинг кўпчилигининг қўлларида ёш болалари бор эди. Худди уларнинг ҳаммасининг ортидан итлар галаси қувиб келаётгандай эди.
У йўл четига ўтиб турди. Бақириб-чақирган, йиғлаган, душманга ўлим тилаган, болаларининг исмини айтган, бир-бирларини тезроқ югуришга ундаганлар бирин-кетин унинг ёнидан ўтиб кета бошлашди. Ортда қолганлар эса, асосан, чоллар эдилар. Улар югура олишмаётганди, тез юришаётганди. Ҳаммаси ҳайратда турган Исломга бирровгина қараб қўйишарди. Ислом уларга: «Тўхтанг, қочманг. Мана, мен келдим, биргалашиб душманни йўқ қиламиз», дея олмайди. Алам билан, ичи қовурилиб, кўзларидан тирқираб ёш оқиб кузатиб турибди Ислом. Шу билан бирга тоғаси Абдужабборни қидирди. Қочаётганлар орасида у йўқ эди.
Ислом тоғасини қишлоқнинг ўртасидан, айнан уйининг тўғрисидан топди. У тахминан Ислом тенги йигирма чоғли йигитлар орасида турарди. Атрофини ўраб олганларга нималарнидир тушунтирарди. Қўлларига болта, ўроқ, паншаха олган йигитлар унинг сўзларини бўлмай тинглашарди.
— Тоға! — дея қичқирди Ислом.
Абдужаббор шу заҳоти сўзлашдан тўхтади. У томонга қаради. Кейин кўзларини қисиб яхшилаб тикилди.
— Сен… Сен… Сен Исломмисан?! — деди бирдан ўпкаси тўлиб.
Илло, у: «Синглимнинг иккита қизидан бошқа ҳеч ким қолмади. Ҳаммаси ўлиб кетди», деб ўйлаб юрарди.
— Ҳа, тоға, мен Исломман!
— Қаранглар, — деди Абдужаббор ёнидагиларга, — менинг жияним Ислом! Қаранглар, у тирик экан!
Уни ўраб турганларнинг юзларида ним табассум пайдо бўлди.
— Кел! Кел, жиян!
Абдужаббор шундай деб қучоғини очди.
У жиянини бир қучоқлади-ю, шу заҳоти қўйиб юборди. Кейин Исломнинг юзига тикилиб:
— Ҳамма гап-сўзлар кейин бўлади. Ҳозир қишлоғимизга падар лаънати «қизил»лар яна бостириб келаяпти. Кўзимизни очишимизга қўймаяпти. Яқингинада келиб, шўримизни қуритиб кетишганди. Тўймаган экан! Уфф! Сен бу ерлик бўлмасанг ҳам, сенинг онанг, тоғаларинг, холаларинг шу қишлоқнинг одамлари. Сен ҳам бизнинг қишлоқни сақлаб қоласан энди. Қўлингга бирор нима бераман. Шу билан урушасан! — деди Абдужаббор шоша-пиша.
— Тоға, — деб Ислом қўйнидан бир эмас, иккита наган чиқарди, — меники ёнимда юради доим.
— Эй, қаердан олдинг? Қандингни ур, тоғанинг жияни! — дея ҳайқирди Абдужаббор.
— Тоға, мен ўқишга кетгандим-ку, эсингиздан чиқдими?!
— Ҳа, ҳа, — дея ёнидагиларга қараб қўйди Абдужаббор, сўнг Ислом томонга қўлини чўзиб деди: — Бу ҳов оқ подшо даврида Петроградга кетганди. Қачон келдинг?!
— Тоға, вақт тиғиз-ку. Ҳали ҳаммасини сизга гапириб бераман. Йигитларнинг ҳаммасини менга беринг. Мен ўзим бош бўлиб, дошқурларга қарши олишамиз. Майлими, шунга розимисиз?!
— Бу билади. Бу урушиш нималигини билади. Худога шукур! Худонинг ўзи сени бизга етказди, жиян.
— «Қизил»лар қайси томондан келишаяпти? — деб сўради Ислом йигитларга юзланиб.
Бошига дўппи кийган, кўкси очиқ, чопонининг бели боғланган, соқол-мўйлов қўйган йигит жавоб беришга чоғланди. У асли савдогар, лекин ҳозир кўпроқ деҳқонга ўхшарди. У Исломга:
— Қўқон томондан келишаяпти. Ярим кундан мўлроқ юришса, қишлоққа кириб келишади, — деди.
— Сони қанча?
— Отлиқлари тахминан элликтача келади. Пиёдалари беш юзга боради. Лекин ҳаммасида милтиқ бор.
— Яхши. Вақтимиз оз қолибди. Хўш, йўлнинг шароити қандай?
— Орада чакалакзор бор. Бир киши юрса, бир ош пишгулик вақт ичида чакалакзордан ўтиб, далага келади. Мирпўлат бойнинг даласи.
— Кетдик, қолган гапларни кейин йўл-йўлакай гаплашиб оламиз. Фақат югурамиз. Биз уларни чакалакзорда тутишимиз керак.
Шундан сўнг улар худди Ислом айтганидай югура кетишди. Сўзлашган жойларида биргина Абдужаббор савдогар қолди. У йигитлар билан борай деса, ёши олтмишдан ўтган, улар каби югуролмайди. Бу ерда қолса, қишлоқ бўм-бўш. Унинг уйидагилар ҳам, биргина кичик хотинидан бошқа ҳаммаси кетиб бўлди. Уни кеткизолмади. «Мен ҳам кетсам, сиздан ким хабар олади? Урушмоқчи бўлиб турибсиз, хавотирдаман», деди у.
Қишлоқ йигитлари Мирпўлат бойнинг даласидан тез ўтишди. Аввалги йиллари бу ерларга ҳамма нарса экиларди. Ҳатто пахтазори бор эди. Ҳозир эса бўм-бўш. Сабаби уруш. «Қизил»лар бировни ишлагани қўймаяпти. Мирпўлат бойнинг ўзининг ҳам ҳафсаласи пир бўлган.
Ниҳоят, чакалакзорга киришди. Шу ерда Ислом ҳаммага тўхташни буюрди.
— Сенинг отинг нима? — деб сўради Ислом қишлоқда унга маълумот берган йигитдан.
— Улуғмурод исмим.
— Гап бундай, Улуғмурод. Бу ерларни жуда яхши биласан. Биздан олдинга ўтиб югурасан. Душманга қара, улар қаерга келишибди? Олдинда ким бор? Охиргиларининг аҳволлари қандай? Хуллас калом, кўрганларингнинг ҳаммасини оқизмай-томизмай етказасан. Келишдикми?
— Ҳа, — дея бош силкиди Улуғмурод.
— Унда югур… Энди бошқаларга топшириқ: ҳозир бирор эллик қадамча ичкарилаймиз. Кейин ўтин йиғамиз. Кўпроқ тез ёнадиган хас-хашак бўлсин. Йиғиб бўлишимиз билан беш киши шу ерда қолади. Қолганлар мен билан бирга юради. Ҳар эллик қадамда битта йигит яширинади. Кўзи ўзидан олдинги одам яширинган томонда бўлади. Ёқинглар деб буйруқ беришим билан ёқиб юборасизлар. Кейин қўлларингдаги бор қуроллар билан урушга тайёрланиб туринг. Фақат очиқчасига югуриб чиқманглар. Уларнинг милтиқлари, тўппончалари бор. Сиз етиб бормасингиздан олдин отиб ўлдириб қўйишади. Айтиб қўяй, бунақа ўлиш қаҳрамонлик ҳисобланмайди. Бунақа ўлиш ўзини ўлдиришдай бир гап. Демак, гапим ҳаммага тушунарлими?
— Ҳа, — дейишди йигитлар.
— Қани, унда ишга киришайлик.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.