БМТ Бош Ассамблеяси “Толибон” ҳаракати кескин танқид қилинган резолюцияни маъқуллади

“Толибон”нинг сиёсатини қораловчи ҳужжатни 116 давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади, АҚШ ва Исроил унга қарши овоз берди. Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон каби давлатлар бетараф қолди.
Резолюция Германия, Ирландия ва Швеция томонидан тақдим этилган. Унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши, ташкилот Бош котиби директиваларидан олинган хулосалар, шунингдек, Афғонистон бўйича БМТ махсус маърузачисининг баҳолари ўрин олган. Ҳужжат муаллифлари моҳиятан “Толибон” ҳаракатининг қизларни таълим олиш имкониятини, нодавлат ташкилотлар фаолияти, аёлларнинг эркин ҳаракатланиши ва ҳоказоларни чеклаб қўяётган сиёсатини кескин қоралайди.
Шу билан бирга, резолюция халқаро молиявий донорларни Афғонистонга тез ва эркин ёрдам кўрсатишга чақиради, чунки миллионлаб фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар жуда муҳтож аҳволда қолган.
Мутахассислар, шунингдек, “Толибон” томонидан ОАВ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан цензура ва зўравонликни қоралаб, Кобулни сўз эркинлиги ва ахборот олиш кафолатларига риоя қилишга чақирган. Шу билан бирга, БМТ ноқонуний ҳибсга олишлар ва суддан ташқари, ўзбошимча қатлларга алоқадор шахсларни жазолашни, шунингдек, халқаро гуманитар хизматлар ва дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди.