Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (35-қисм)

Ана шундай бир пайтда Қудратилла чол баланд овозда бақирди:

— Абдужаббор! Абдужаббор! Менинг боламга жаннат муборак бўлсин!.. Исматилла жаннатга кетди! Болам энг зўр жойга кетган бўлса, мен қайғурайинми?! Абдужаббор, мен ютдим!

Унинг сўзларини эшитганлар бақа бўлиб қолишди. Оҳ-воҳ қилаётганлар, ёқаларини йиртаётганлар, душманга ташланмоқчи бўлаётганлар бирдан жойларида тошдай қотишди.

— Бизнинг покиза, мусулмон тупроғимизга кофирнинг оёғи тегмаслиги учун болам ўз жонидан воз кечди!.. Мақом муборак, мақом муборак!

У турган жойида айланиб ўйнай бошлади.

Пешиндан кейин ҳамма шаҳидлар дафн этилди. Қудратилла чолнинг сўзлари таъсир қилдими, ҳар қалай, оҳ-воҳлар унчалик ҳам кучли бўлмади… Бу пайтда Ислом ухлар эди. У таъзияларда қатнашмади. Қатнашишга кучи қолмаганди.

— Тоға, мен сал кўзимни юмиб олайин. Кейин бошқа нарсаларни гаплашамиз, — деди асирларни қамаб, шаҳидларни яқинлари уй-уйларига олиб кетганларидан сўнг.

— Юр, юр, юр. Уйга борайлик, — дея унинг қўлидан етаклади Абдужаббор.

Аввал Исломнинг жароҳати иссиқ сувда ювилди, сўнг боғланди. Кейин Абдужаббор: «Олдин бирор нима еб ол», деб хотинларига таом пиширишни буюриш учун уйдан чиқиб кетди.

Қайтиб келса, Ислом ухлаб қолибди. Уни безовта қилгиси келмади. Кейин ҳамма шаҳидларга битта жаноза ўқилишини, жаноза вақти пешиндан кейинлиги ҳақида хабар беришди. Абдужаббор жиянини уйғотмади. Жанозага ўзи кетди. У ердагиларга Исломнинг мутлақо мадори қолмаганлигини, ҳатто овқатланишга кучи бўлмай ухлаб қолганлигини очиқ айтди.

Жангда қатнашганлардан фақатгина икки киши бор эди жаноза маросимида. Улар дарров Исломнинг ёнини олишди. «У тиним билмади. Бир марта ҳам кўзини юммади. Душман билан худди арслонлардай олишди», дейишди. Ўзи шундоқ ҳам қишлоқ одамлари айнан Ислом сабаб ғалаба қўлга киритилганлигини билишарди. Шунинг учун дарров: «У ухласин, дам олсин», дегувчилар топилди.

Ислом уйғонганида, қуёш уфққа ёнбошлай бошлаган эди. Сапчиб турди. Кейин худди бир нимани йўқотиб қўйган одамдай атрофга аланглади. Шифтга қаради. Ана ундан кейин ташқарига чиқди. Энг аввал кичик янгасига кўзи тушди.

Янга тоғорага энгашган кўйи идиш юварди. У Исломнинг эшикдан чиққанлигини кўрмади.

— Янга, тоғам қаерда? — деб сўради Ислом.

Янга чўчиб тушиб, ортига ўгирилди. Сўнг дарров ўрнидан туриб, рўмолини тўғрилаган бўлди-да, жавоб берди.

— Қишлоқнинг адоғига кетганди. Асирлар бор уйга…

Ана шунда ўзи асирга олган аскарлар Исломнинг ёдига тушди. Ҳали уларни нима қилиш тўғрисида ҳеч ким билан гаплашмаганди. «Боришим керак», деб кўнглидан ўтказди у ва индамай кета бошлади.

— Исломжон, тоғангиз сизни уйғонса, аввал овқатланиб олсин, дегандилар, — деди жувон.

— Раҳмат, янга. Иштаҳам йўқроқ…

— Ундай деманг, қайним. Овқат тайёр. Сиз уйга кириб туринг, мен иситиб бераман. Болаларнинг бирортасини ёнингизга киритаман. Сизга шериклик қилади.

Уларнинг суҳбатини эшитган Абдужабборнинг бошқа хотинларидан туғилган ўғиллари хоналаридан югуриб чиқишди. Бирининг ёши ўн тўртда, иккинчисиники ўнда эди. Улар Ислом тўғрисида эшитиб, мағрурланишди. «Бизнинг шундай қариндошимиз бор», дейишди. Иккиси ҳам катта бўлса, Исломдай паҳлавон бўлишни орзу қилишарди. Олдин бироз хафа ҳам бўлишди. Чунки Исломни басавлат, ҳар бир елкасига бемалол бир одам ўтирса бўладиган, бўйлари узун йигит деб ўйлашганди. Бироқ қарашса, жиянлари эл қатори экан. Аммо қўлларининг бақувватлиги, қарашларининг ўткирлиги уларнинг ҳавасини келтирди.

Ислом уларга кулиб қаради. Сўнг:

— Тоғам билан бирга қайтиб келаман. Ана шунда ейман, — деди.

У кетди. Қишлоқнинг адоғи, раҳматли Саъдулла қоранинг уйи атрофи бозорга ўхшаб қолганди. Ҳеч ким ҳеч нима сотмаяпти, ҳеч ким ҳеч нарса сотиб олмаяпти. Аммо тортишувлар, баҳс авжида эди. Қари-ёш, хотин-халаж кўп эди. Улар асирларни нима қилиш тўғрисида бир-бири билан тортишаётган эдилар. Йўлдош чол: «Ҳамма нарсасини тортиб олиб, қўйиб юбориш керак. Кейин уларга тайинлаш керак: иккинчи марта бу ёқларга қадам босишмасин. Гарнизондаги бошлиқлари ҳам биттада шунча йўқотишдан кейин бу томонларга яна қўшин юборишдан қўрқишади. Аммо жангчилари асирда экан, улар тинчимайди. Нима қилиб бўлмасин, уларни озод қилишга уринишади. Бу яна кўп қон тўкилишига олиб келади», дерди. «Йўқ, — дерди унга жавобан Абдужаббор. — Булар бизнинг қишлоққа келиш-кетиш йўлини роса ўрганиб бўлишди. Бориб, ҳаммасини оқизмай-томизмай катталарига айтиб беришади. Ана ундан кейин улар яна келишади. Шундай экан, буларнинг қамоқда тургани маъқул. Яна булар бизнинг шаҳид бўлган йигитларимиз учун ҳам хун тўлашлари керак. Қолаверса, ўқиган, урушнинг паст-баландини биздан кўра яхшироқ биладиган Ислом дам олиб келсин-чи, ундан маслаҳат сўраймиз». Исломнинг номи тилга олиниши Йўлдош чолнинг тепа сочини тикка қиларди. «Жиянинг бўлди, сен бўлдинг. Агар жиянинг билан бирга уруш балосини бошлаб бермаганингда, шунча йигитдан айрилмаган бўлардик. Мен сенга яна бир марта қайта айтаман: келишувда гап кўп. Агар бизга зиёни тегмаса, келишиб яшайверамиз. Илгари бизни хон эзарди. Ҳамма топган-тутганини хонга, унинг атрофидаги итваччаларга олиб бориб берарди. Мана, нима бўлди? Аро йўлда бизни — халқни қолдириб, хон қочиб қолди. Гумашталари ҳам жуфтакни ростлашган. Бизнинг қўлимиздан олди-сотдидан бошқа нарса келмайди. Ўзи, аслида, уруш ҳам савдодай бир гап. Агар савдони пишиқ қилсанг, умуман ютқазмайсан. Хом қилсанг, ўзингдан кўр… Сенинг жиянинг урушни биларкан, буни кўрдик. Лекин бу дегани, қишлоққа тинчлик-хотиржамлик олиб келди, дегани эмас-да…»

Баҳслашаётганлар Ислом борганидан кейин жим бўлиб қолишди. Ҳамма унинг юзига қаради. У эса тўпланганларга бирма-бир қараб чиқди.

— Асирларни нима қиламиз? — деб сўради ундан Абдужаббор.

Олдин у: «Бирор нима еб олдингми, жароҳатинг оғримаяптими?» деб сўрамоқчийди. Бироқ лаблари орасидан бошқа сўзлар учди.

— Улар гаров. Урушнинг қонун-қоидаси шундай. Таслим бўлганлар асир олинади ва гаров сифатида ушлаб турилади. Уларни маълум суммага сотиб олишлари ёки ўзларидаги бу томондан асирга тушганларга алмашишлари мумкин. Агар униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса, суд қилинади. Шу суднинг қарори билан агар асир тушганларнинг жиноятлари жуда оғир бўлса, ўлдирилиши мумкин. Ёки улар қул сифатида сотилади. Бу илгаридан бўлиб келаётган амал, ҳозир ҳам бор. Ҳаттоки ривожланган давлатлар ҳам шу тутумни қилишади, — дея жавоб қилди Ислом.

— Лекин биз буларни боқишимиз ҳам керакми? — деди Йўлдош чол унга тикилиб.

— Қандай боқамиз? Ўзимизда ейишга ҳеч вақо йўқ. Ҳозир ҳамма олдинги урушдан олинган ўлжа ҳисобига кун кўряпти. Агар уям тугаса, кўйлагимизни еймизми?

— Бу жангдан ҳам ўлжа олинган. Ҳозир отлар шунчалик кўпки, қишлоқнинг ҳар битта одами минсаям ортиб қолади. Керак бўлса, ўшалар сўйилади. Асирлар қўриқланади.

— Лекин…

— Бобо, у ёғини менга қўйиб беринг. Ҳозир бошқа нарса тўғрисида бош қотириш керак. Агар мана шундай келишолмай, ҳар қайсимиз ҳар томонга тортадиган бўлсак, эрта бир кун қизиллар келиб, қишлоқни Бачқир қишлоғининг ҳолига туширади.

— Нима қилмоқчисан?

— Урушга чиққанларнинг ҳаммаси шу ердами? — деб сўради тўпланганларга қараган Ислом.

— Йўқ. Тўрт-беш йигит бор. Қолганлар ҳали келмади. Улар қаттиқ чарчаган бўлишса керак, — деб жавоб қилди Абдужаббор.

— Асирларни ким қўриқлаяпти? — деб сўради Ислом.

— Чоллар.

— Бўлмайди. Кеч тушаяпти. Ҳамма уйига борсин. Йигитлар келишсин. Улар қўриқлашади асирларни. Сиз иккингиз одамларга ўлжани тенг бўлиб берингизлар, — деди Ислом Йўлдош чол билан тоғасига. — Учдан бири шу ерда қолади. Биз уни вақтинча асирларга бериб турамиз. Эртага эрталаб иккалангиз келсангиз, асирларни нима қилиш тўғрисида гаплашиб оламиз.

— Тушунарли, — деди Абдужаббор.

Йўлдош чол бошини сарак-сарак қилди ва қўлини силтади. Сўнг:

— Ўлжа билан ҳам, бошқа нарса билан ҳам менинг ишим йўқ. Гапим бир тийинга олинмаган жойда менга пишириб қўйгани йўқ, — деди ва кетди.

Қишлоқнинг бошқа одамлари «Ўзимиз бўламиз, ўзимиз бўламиз», дейишди. Исломнинг эса кўнгли хира бўлди.

У Саъдулла қоранинг уйи томонга юрди. Мақсади асирлар билан гаплашиш эди.

— Ота, — деди у эшик ёнига борганидан кейин қоровулликда турган чолга, — энди уйингизга боринг. Ўрнингизга мен қўриқчилик қилиб тураман.

— Болам, сен кеча уришдинг. Оқшоми билан уришдинг. Чарчадинг. Сен дам ол. Мен… Мен ҳали бақувватман. Керак бўлса, мен ҳам бир нечта душманни ер тишлатишим мумкин. Кейин чоллар навбат олиб қўйишган, — дея жавоб қайтарди бобой жиддий.

Ислом кулди.

— Майли. Лекин энди уйингизга боринг.

Ислом шундай деб эшикни очди-да, ичкарига кирди. Асирлар қўллари орқасига боғланган кўйи деворга қадалиб тиғиз ўтиришарди. Шу туришида ҳам уйда бир қарич жой қолмаганди. Бунинг устига, уйнинг ҳавоси ўта бузилганди.

— Инсофларинг борми? — деб сўради асирлардан бири. Унинг ёши бошқалариникидан каттароқ эди.

— Инсоф?! — дея унга жилмайиб қаради Ислом. — Худди шу нарсани сизлардан сўрашга келдим.

Исломнинг соф рус тилида гапириши асирларни ажаблантирди. Улар секин бир-бирларига қараб олган бўлишди.

— Қара, чўчқа ҳам бундай шароитда ўтирмайди. Ҳаммамизнинг қўлларимиз боғланган. Қимирлашга жой йўқ, — деди Исломдан инсоф сўраган асир.

— Ҳар қалай, бошқача азобдан яхшироқ.

— Мен қўлимни умуман сезмаяпман. Қўлларим қотиб қолган. Ундан кўра чиқариб отиб ташланглар, осон қутуламиз.

— Лекин сизларнинг осон қутулишларингизнинг умуман кераги йўқ. Менимча, кўп гапираётганингизга қараганда, амалингиз хийла баланд, — деди Ислом.

— Амалим-ку, баланд эмас, лекин буларнинг ҳаммасидан каттаман, — деб кўзи билан ёнидагиларни кўрсатди асир. — Яқинда қирққа кирдим.

— Жуда яхши! Қани, бир ўрнингиздан туринг-чи. Ташқарига чиқинг, гаплашиб оламиз.

— Битта гапирадиган, тушунадиган бор экан. Анави қишлоғингнинг одамларига нима демайлик, жавоб ололмадик. Ундан кейин улар чўчқага бергандай, нон бериб кетишди.

— Беришибди-ку. Беришмаганда нима қилардинглар?! Бу қишлоқ, аслида, ҳеч вақосиз қолган. Сенлар бу қишлоқнинг бор-будини талаб кетгансанлар. Чўчқага… Сенлар ундан баттарсанлар! Ҳар қалай, чўчқанинг зарари камроқ тегади.

Ислом нафрат билан асирларга қаради. Асирлар жанг маҳали унинг қандай ҳаракат қилганлиги, шерикларини қандай қилиб осонлик билан йўқ қилганлигини кўрган эдилар. Ҳозир ҳам қалтираб ўтиришарди.

У билан сўзлашган асир бошқаларга уриниб-суриниб, амаллаб ўрнидан турди. Сўнг хонанинг ичида юришга йўл қидирди. Унинг ёнгинасидаги икки асир энгашди. У амаллаб уларнинг ўртасидан оёғини ўтказди. Аммо кейингилар… улар қоп-қора серсоқол дошқур эди. Ислом чақирган шерикларини ўтказиб юбориш учун ҳатто қимирлаб ҳам қўйишмади.

— Мени чақиришаяпти, — деди уларга ёши улуғ асир.

— Нега энди сени? — деди улардан бири рус тилини бузиб гапираркан.

— Билмадим.

— Сен сотқинсан.

— Нима?

— Қулоғинг карми, сен сотқинсан. Битта исқирт сартнинг чақирганига югуриб кетаяпсан. Сен сотқинсан.

Исломнинг тепа сочи тикка бўлди. У ҳар нарсага чидаши мумкин, аммо бутун бошли миллатини ҳақорат қилишларига чидаёлмайди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: