АҚШ бюджети Трампнинг савдо урушидан $50 млрд ишлаб олди

АҚШ савдо уруши бошланганидан тўрт ой ўтгач, божхона тўловларидан қарийб $50 млрд қўшимча даромад олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига таяниб, Financial Times хабар берди.
2025 йил апрель-июнь ойларида божхона даромадлари рекорд даражадаги $64 млрдга етди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан $47 млрдга кўпдир.
Баҳорда Доналд Трамп глобал тарифни камида 10%га кўтарди, айрим тоифадаги товарлар — масалан, автомобиллар ва металлар учун эса божхона тўловлари 25−50%гача оширилди.
Расман, тарифлар “кўзгу мантиғи” тамойили асосида амал қилмоқда: АҚШ Оқ уйи фикрига кўра, хорижда Америка товарларига қандай чекловлар қўлланилаётган бўлса, худди шундай чекловларни жорий этмоқда.
Музокаралар учун вақт бериш мақсадида кўплаб давлатлар учун божхона тўловлари вақтинча тўхтатилди. Бироқ АҚШ аллақачон огоҳлантирганки, август ойидан бошлаб келишувга эришилмаган мамлакатлар учун божхона тўловлари тўлиқ ҳажмда қайта жорий этилади.
АҚШнинг савдо ҳамкорлари, кичик истиснолардан ташқари, Трамп тарифларига симметрик жавоб беришдан бош тортдилар ва бу 2025 йилнинг иккинчи чорагида мамлакат бюджетини қарийб $50 млрдга тўлдирди. Бу рақам ўтган йилнинг иккинчи чораги ($17 млрд) ва жорий йил ($64 млрд) учун божхона тўловлари ўртасидаги фарқдир.
Барча йирик иқтисодий давлатлар орасидан фақат Хитой ва Канада жавоб тарифларини жорий этди. Европа Иттифоқи, Япония ва бошқа мамлакатлар эса можаронинг кучайишидан ва ўз иқтисодиётларига зарар етказилишидан хавотирланиб, кутиш позициясини эгаллади.
Халқаро брендлар божхона тўловлари таъсирини юмшатишга интилмоқда: Apple, Mercedes ва бошқа компаниялар дунёдаги энг йирик истеъмол бозори ҳисобланган АҚШдаги улушини йўқотмаслик учун харажатларни турли бозорлар ўртасида қайта тақсимламоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, америкалик харидорлар нархларнинг 5%га ошишига бардош бера олади, аммо 30−40%га эмас. Шу боис, компаниялар бошқа бозорлардаги фойдасини қурбон қилишга мажбур бўлмоқда.
Шу билан бирга, Трамп босимни кучайтирмоқда: у аллақачон Бразилияга 50%, Мянма, Лаос, Таиланд ва бошқа мамлакатларга 40% янги божлар билан таҳдид қилган. У, шунингдек, агар БРИКС мамлакатлари “антиамерикача сиёсат»ни давом эттирса, уларга товарларга қўшимча 10%лик тарифлар жорий этиш ниятида.
Бу орада бир қатор давлатлар АҚШ билан савдо шартномалари тузишга ҳам улгурди. Буюк Британия, Ветнам, Хитой ва Индонезия билан келишувларга эришилди.