Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (43-қисм)

Бир пиёладан чой ичилганидан сўнг Ислом бўлиб ўтган воқеаларни қисқача гапириб берди. Чунки у ҳам Рисолатнинг висолида ёнаётганди.
— Сен шундай гапирдингки, гўёки бир гала қарғалар олдингдан чиқиб қолган-у, ҳаммасини… — деди Салим чол бир муддат ўйланиб ўтирганидан сўнг.
— Ота, — дея унинг сўзларини бўлди Ислом, — ўлим ҳақида гапириш жудаям оғир. Жанглар енгил бўлмади. Ва мен бундай бўлишини истамадим. Аммо нима қилай? Тоғамни кўришим билан шу нарсага дуч келдим. Ёрдам бермасликнинг иложи йўқ эди. Бўлмаса, уларнинг ҳам қишлоғи кимсасиз бўлиб қолиши мумкин эди. Дошқурлар қанчалик махлуқ эканликларини ўзингиз биласиз. Бамисоли юҳо улар. Дуч келган нарсани ютиб кетаверишади. Яна уларнинг тавбаларида ҳам тайин йўқ.
— Ҳа, ўз кўзим билан кўрганман. Шу бир-иккитасининг қўлини бойлаб, бу ёққа олиб келмабсан-да, хуморим чиққунча савалардим. Энди бу ёғини нима қиламиз?
— Ота, бутун қишлоқ одамларини вақтинча Бешкапага кўчирсак. Вақтинча икки қишлоқ бир бўлиб яшасак. Ундан кейин…
— Бу ерда яшаб ўтганларнинг, бу ерда шаҳид бўлганларнинг чироғини ким ёқади? — дея кўзига ёш олди Салим чол.
— Айтдим-ку, қайтамиз деб. Бешкапада кичкинагина битта қўшинча тузганман. Уни катталаштириш, мукаммалаштириш учун оилам, қишлоғимнинг одамлари ёнимда туришлари керак. «ҚИЗИЛ» деган бало нафақат бизнинг қишлоқнинг, водийдаги ҳамманинг бошига келган. Агар бирлашмасак, уни тупроғимиздан ҳайдаб чиқаролмаймиз. Шунинг учун, ота, мени тўғри тушунинг. Менга қўшилинг. Мени қўлланг. Бўлмаса, ҳеч нима ўхшамайди.
— Ҳа-а, ҳа-а, гапингда жон бор, болам. Бунинг устига, сен юрт кўрганлардансан. Эсиз, отанг тирик бўлмади-да. Бўлди, агар сен шуни маъқул топган бўлсанг, мен розиман. Эртага эрталабдан ҳаммамиз йўлга чиқамиз. Неъматилла, сен чиқиб, хотин-халажга айт. Тайёргарлигини кўрсин. Саҳарлабдан Бешкапага кетамиз. Вақтинчага. Шундай экан… Ўзи ҳеч кимнинг ҳеч вақоси йўқ. Шундай бўлсаям-да… Болам, — деб Исломга юзланди Салим чол, — ҳали айтган гапларингдан унча ҳам қониқмадик. Бўлмаса, Бешкапага борайлик, шу ёқда ҳаммасини билиб оламиз. Энди вақт ғанимат, сен ҳам бор уйингга.
— Ота, — деди унинг топшириғини аёлларга етказиб келган Неъматилла, — ҳали ҳеч нарса емади-ку. Меникида бир бурда гўшт бор эди. Шуни келтиргандим. Ҳализамон пишириб олиб келишади. Ислом йўл юриб келган. Қорниям очқаган. Ундан кейин Бешкапага борганидан бери бир тиниб ўтирмабди. Бунинг устига, эрталабгача ҳали, эҳҳе, қанча вақт бор. Жавоб беришга сал шошмай туринг.
— Неъматилла, бир хил пайтлар овсар-овсар гапларни гапирасан. Бу боланинг уйланганига неча кун бўлди? Яша! Шундай экан, овқатни уйига бериб юбор. Бу ерда сенинг бир бурда гўштингга биз ҳам шерик бўлсак, нимаси қолади унинг? — дея Неъматиллага дакки берган бўлди Салим чол.
— Қорним унақа оч эмас, ота. Айтдим-ку, ўлжалар кўп бўлди, деб.
— У ўз йўлига. Қишлоқ одамлари билан биргалашиб бир нима ейиш бошқача-да. Ўзи тўртта одам қолган бўлсак. Яна шундай дастурхон атрофида қачон ўтирамиз, Худо билади.
Ислом кўнди. Чунки шундан ўзга иложи йўқ эди.
Қишлоқ одамлари ярим кечгача тиним билмади. Салим чол кимга нима қилиш кераклигини айтди. Ишнинг бажарилишини кутди. Ахир ўзи бўладими, улар бутун бошли қишлоқни мутлақо кимсасиз ҳолда ташлаб кетишяпти. Тасаввур қилинг, бутун бошли қишлоқ одамсиз қолаяпти.
Ислом уларнинг ҳаракатларидан бехабар эди. У Рисолат билан эди…
Эртаси куни йўл олдидан Салим чол тиловат қилди. Сўнг йўлга тушилди.
У ёқда эса Абдужаббор тайёргарлик кўриб қўйган экан. Одамлар кўчага чиқиб, тантана билан кутиб олишди. Аёллар йиғлашди. Бир-бирларини бағирларига босишди. Кейин ҳар ким ўзига ажратилган уйга кетди. Абдужаббор Бачқир одамларининг яқинлари йўқликларини ҳисобга олиб, мумкин қадар уларни қишлоқнинг ўртароғига жойлаштирди. «Ҳар қалай, хотиржам бўлишади. Бировдан қўрқмай-нетмай яшашади», деди.
Шу куни душмандан ўлжа сифатида олинган битта от сўйилди. Катта дошқозонда шўрва қилинди. Ёш-қари, хотин-халаж — ҳаммаси бир жойга тўпланди. Фақат аёллар бошқа жойда, эркаклар бошқа жойда ўтирди. Еб-ичилди, яхши гаплар гапирилди. Келажакдан умид қилинди.
Исломнинг бутун диққат-эътибори Жумақулда эди. Чунки Жумақул ўзини жуда ғалати тутаётганди. Бир жойда ўтиролмас ва хизматчиларнинг ёнларига бориб, уларга алланималарни тушунтирган бўлар, сўнг худди ўғриликка тушгандай атрофга алангларди. Бир марта ҳатто қўлидаги косани тушириб юборди.
— Тоға, — деди Ислом ўтирган жойида Абдужаббор томонга энгашиб, паст овозда, — Жумақулни кузатмадингизми?
— Йўқ, нимайди? — деб сўради ҳайрон бўлган Абдужаббор ва кўзи билан Жумақулни қидира бошлади.
— Ҳали айтганимдай, унинг бир нимадан хабари бор. У шунчаки Қўқонга бориб келмаган. Йўлдош чол қандайдир муҳим масала билан жўнатган. Ана ундан кейин чолнинг бирдан ўлиб қолиши ҳам ғалати. У эса Қўқонда юрибди. Бошқа хизматчиларини ҳам кўрдим. Уларнинг бир муштлик жонлари йўқ. Йўлдош чол ҳар қандай шароитда ҳам уларни тагига босиб олиши мумкин. Лекин Жумақул анча бақувват экан. Нима дедингиз?
— Ҳайронман. Лекин унинг Қўқонга кетганини, кейин қайтиб келганини ҳамма кўрди-ку.
— Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳамма нарса. Яна бир гаплашай у билан. Ундан кейин бир қарорга келарман. Айтганча, унинг қўлидан нима келади?
— Қўлидан нима келарди? Югур-югур, қора меҳнат. Умри шу билан ўтаяпти. Кейин билишимча, тилли-жағлиям. Ўзининг айбини осонгина бошқаларнинг бўйнига юклаб қўяди, деб эшитганман.
— Йўлдош чол унга ишонармиди?
— Унисини билмадим. Аммо Қўқонга жўнатганига қараганда, ишонган. Лекин қандай ишонганлигиям қоронғи. Сабаби, раҳматлининг ўзи уддабурон эди. Бировга сир бой бермасди.
— Майли, нима бўлсаям, йигитларнинг бирортаси уни кузатувга олиши керак. Шундайлигича у бир нима демайди.
— У ёғидан ташвиш қилма. Менда ишлайдиганлардан биттаси у билан дўст. Ўшани қўямиз.
Ислом шунчаки кулиб қўйди.
Зиёфат кечгача давом этди. Ҳеч кимнинг кетгиси келмасди. Айниқса, аёлларнинг гаплари жуда кўп эди. Шу боис ўтираверишди. Аммо кеч тушиши билан ҳамма тарқади.
Ислом эртасига машғулотларни бошлаши керак эди. У ўзининг қишлоғига бориб келгунча озмунча режа туздими? Энди ана шу режаларни амалга ошириш керак.
Эрталаб у йигитларидан иккитасини танлаб олди.
— Сизлар Қўқонга борасизлар. Биринчи қиладиган ишингиз — рус тилини яхши биладиган мусулмонни топиш. Қаранглар, у сотқин бўлмасин. Унинг ёрдамида гарнизонда нечта аскар борлиги, қанақа қуроллар билан қуроллантирилганлиги, нима ҳаракатни бошламоқчилиги, умуман олганда, уларнинг ҳар қандай ҳаракатларини билиб, бу ёққа хабар жўнатишингиз керак. Кейин бирингиз қоласиз. Мабодо қўшин биз томонга йўлга чиқадиган бўлса, улар ҳали шаҳардан чиқмасларидан бурун бу ёққа етиб келасиз, — деди.
Йигитлар пиёда кетишди. Сабаби отда бориш хавфли эди. Яна устларига йиртиқ-ямоқ кийимларни кийиб олишганди. Энди уларнинг кўриниши бечора йўқсилларникига ўхшарди. Айни замонабоп. Чунки бошқачасига шаҳар кўчаларида юриб бўлмай қолди. Масала шунчаликка бориб етдики, кўчада ямоқ кийимсиз одам кўриниб қолса, бўлди, қўллари ортига қайрилиб олиб кетилади. У ёқдан ё майиб бўлиб чиқади, ёки сотқин. Учинчи вариант ҳам бор: ўлик.
Ислом адашмаган экан, Ҳамидулла билан Нормурод Қўқонга етишлари билан тиланчиликни бошлаб юборишди. Бу режани улар йўлма-йўл бир-бирига гапириб, пишитиб олишган эди. Яна бориб-бориб, айни гарнизоннинг атрофида тиланчилик қилишарди улар. Шу билан бирга гарнизондан ким кирди, ким чиқди, ҳамма-ҳаммасини кузатишарди. Ана шу пайтда Ҳамидулланинг ёнига пўрим кийинган, бошига кепка бостириб олган бир одам келди.
— Роса шарманда қилдинглар, уялмайсанларми? — деди ўзбекчалаб.
— Нимадан уяламан, ака? Ейишга ноним, ётишга жойим бўлмаса. Агар манави ўрислардан тўрт-беш танга ундирсам, арманларнинг дўконига бориб, нон-пон олардим.
— Эсинг жойидами? Кўринишингдан қўлингдан иш келадиган тетиккина йигитга ўхшайсан, — деди кепкали киши.
— Ҳа, акажоним, қўлимдан ҳар бало келади. Том сувашми, ғишт ташишми? Ишқилиб, ҳамма бало.
— Йўқ, сен қизил аскарлар сафига ёзилишинг керак. Ана шунда ётишга жойинг, ейишга нонинг бўлади.
— Эй-й, шундай қилса бўладими?
— Албатта, бўлади.
— Саводим йўқ-ку.
— Бўлиши шартмас. Сен менинг ёнимда юрасан. Нима айтсам, ҳаммасини қиласан. Мен сенга ҳозир ичкарига киргандан кейин кийим-бош олиб бераман. Ўзи қаерликсан?
— Менми? Мен Эшонгузарданман.
— Эй-й, ҳеч қачон унақа дея кўрма. Эшон деган сўзни бу ердагилар умуман ёқтиришмайди. Сен Гузарқишлоқданман де, тушундингми?
— Майли. Лекин нимага? — деб бошини эгди Ҳамидулла.
— Кейин у ёғини билиб оласан. Ҳозир қорнингни тўйғазишни ўйла.
Пўрим кийинган одамнинг мўйлови бор. Унинг чарм этиги ялтирайди. Пўрим кийинган одам гапираётганида мўйловини силаб қўяди.
— Хўп. Хўп. Сиз нима десангиз шу. Тўрт кундан бери ҳеч нарса емайман. Ичакларим бир-бирига ёпишиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Есам бўлди.
— Худди сендай одам керак эди менга. Юр, — деди кепкали одам.
— Кечирасиз, минг бор узр, мен сизни ким деб чақирай? — деб сўради Ҳамидулла ўрнидан тураркан.
— Обид Холмуродович, деб чақирасан.
— Нима… ич?..
— Нима… ичмас, Холмуродович.
— Эй-й, акажоним, тилим келмайди-да.
— Ҳечқиси йўқ, аста-секин ўрганиб оласан.
— Ака, сиз кимчисиз?
— Менми? Мен инқилоб намояндасиман. Бунисига тилинг келар.
— Ҳа, келади. Энди бирорта танишимни кўриб қолсам, айтаман. Менинг, кимсан, инқилоб намояндаси деган акам бор, дейман.
Обид Холмуродович унинг соддалигидан кулди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.