Бахтиёр, агар шу гапларингизни ўн йил аввал ёзганингизда эди, оёғингизни ерга теккизмасдан…

АТТЕСТАЦИЯ
Ўзбекчилик қизиқ-да. Маоши баландроқ давлат тизимларида тез-тез аттестация ўтказиб турилади. Шу билан гўё: «Мана, биз шул маош ва имтиёзларга сапсем лойиқмиз, энг билимли ходимларни саралаб борамиз», дейилса керак-да. Ваҳоланки, ўзбекчиликда ҳар қанча синов, аттестация ёки бало-баттар бўладими, ўзгармас қоида бор: ўтиши керак бўлган ходим лом-мим демаса ҳам барибир ўтади, керакмас одам эса, булбулигўё бўлиб сайраса, ҳамма талабларга жавоб берса-да, барибир «йиқилади»!
2008 йилнинг жазирама ёзи, таътилдан эндигина ишга чиққандим. Президентнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридан аттестация топшириш белгиланибди. Фавқулодда! Қайноқ август, ҳамма ўз ташвишлари ила овора. Шу дамда каллага Президентнинг кечагина чиққан асари сиғадими?! «Нуфузли комиссия» аттестация олишга шай!
Қарасам, офицер домлалар кайфияти чатоқ, аттестациядан ҳаммаси «йиқилиб» ёки «шартли» баҳо олиб чиқаяпти. Ичкари киришга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди! Шу пайт эшик очилиб, «кадровик» хотун сўради:
– Кто готов?!
Ўйлаб-нетиб турмай жавоб бердим – Я!
Эшик тагида китоб варақлаётган Дилфуза опадан ,»бир дақиқа», дея китобни олдим-у, таваккалига дуч келган варағини очдим. Кўзим тушган биринчи жумлани ёдладим (эсда сақлаб қолдим).
Сўнгра шахдам қадам ила хонага кирдим:
– Ҳурматли Генерал, ҳурматли комиссия аъзолари! Майор Бахтиёр Ҳайдар навбатдаги аттестацияни топшириш учун келди! – деб ахборот бердим.
Генерал бошчилигидаги «нуфузли комиссия» зал тўрида аллақандай важоҳат ила ўтирардики, унча-мунча одамни суст босиб, тили калимага келмай қолиши тайин!
Кадрлар бошқармаси бошлиғи, жаноб полковник Ж.Б. дастлабки саволни берди:
– Сиз Президентнинг охирги китобини ўқидингизми?!
Негадир шу топда (балки ўринсиз) тилим қичиди:
– Ўртоқ полковник, – дедим босиқлик ила. – Муҳтарам Президентимиз қаламига мансуб бу китоб, Худо хоҳласа, асло охиргиси эмас! Президентимиз ҳали кўплаб буюк-буюк асарлар ёзадилар! Шу боисдан бу китобни «Янги ва бебаҳо асар», десак, тўғри бўлар эди…
Полковник, қовун тушириб, жуда нозик «сиёсий хато»га йўл қўйганини туйқусдан англаб қолди. Ўша пайтлар МХХ деган ташкилот бутун бошқарувни ўз қўлига олган, айниқса, Ислом Карим ҳақида заррача тили тойган бадбахтнинг шўрига шўрва тўкиладиган қалтис бир замон эди!
Мен давом этдим:
– Бу бебаҳо китобни мен ҳар куни ўқийман, ҳар дарсда курсантларга уқтираман! Масалан, бир жойини сизларга айтиб бермоқчиман…
Ҳамманинг диққати менда!
– Орамизда шундай одамлар борки, – дедим бир қадам олға босиб – Уларни кўргани кўзим йўқ! Уларни тезда орамиздан йўқотишимиз керак!..
Шу дам шиддатли бир ҳолга кирдим, «протокол» ёзаётган котиб ҳам секингина қаламини қўйиб, менга соме бўлди. Генерал бошлиқ комиссия аъзолари нафасини ичга ютган, пашша учса билинадиган сукунат: «Ким экан, ўша йўқоладиганлар?!»
Мен авжга чиқдим:
– Булар – сотқинлардир! – дедим, қўлимни нуфузли комиссия томон сермаб. Бир дамдан сўнг, «Президентимизнинг сотқинлар ҳақидаги бу гаплари 122-бетда ёзилган», дея қўшиб қўйдим…
Очиғини айтсам, нафақат полковникнинг, балки бутун «комиссия»нинг бўлари бўлди. Ҳаммаси жим, бошини кўтармайди. «Аттестация комиссияси аъзолари» бўлмиш жанобларнинг ўзлари бу китобни деярли ўқимаганини жуда яхши биламан! Шу аҳволда каминага савол беришга журъат қайда дейсиз?!
«Майдон» ўртасида қаққайиб туравердим. Шўринг қурғур комиссия аъзолари, савол бериш тугул, мен томон бошини кўтармайди! Охири генерал секингина:
– Хайдаровга саволларинг борми? – деб сўради. Ҳаммаси бараварига:
– Йўўў-ўққ-йўқ…
Бир дақиқа ўтар-ўтмас «аттестация»дан чиқдим. Аллақандай хавотир ва қўрқув акс этган чеҳралар менга қадалиб:
– Нима бўлди, ўтдингми, – деб сўрашди.
– Албатта, – дедим мен. – Яна нима бўлиши мумкин?
Энг қизиғи кейин бўлибди. Юқорида айтганимдек, Президент асаридан синов олаётган «комиссия» бу китобни ўқимаганини жуда яхши билар эдим. Аммо қурғурлар, тан олиш керак, чакана одамлар эмас! Мени киришим уларга зўр сабоқ вазифасини бажарибди. Яъни, мендан кейин кирганларни яна «эзиш» учун хийлагина саволлар топилибди! Масалан бири:
– Муҳтарам Президентимиз сотқинлар ҳақида нима деганлар? – деса, бошқаси:
– Шу гаплар китобнинг нечанчи бетида айтилган? – деб сўрармиш. Ҳа қурғурлар-а!
Бирпасдан кейин Ўқув юрти бошлиғининг ҳарбий тайёргарлик бўйича ўринбосари Р. Садиков чиқиб, ўз ҳаяжонини изҳор этди:
– Хайдаров! Ты очень правильно сказал! Это не последная книга Президента! Он ещё много книг пишет! Это очень серьёзная тема!…
Менинг аттестациям бутун тизимда ҳангома-анекдот бўлди. Нима қилай, бўлгани ўзи шу-да!
Бахтиёр Ҳайдаров