Боғчалардаги овқат сифати — ота-оналар ва жамоатчилик танқидига сабаб бўлди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда айрим мактабгача таълим ташкилотларида болаларга берилаётган овқат сифати ва маҳсулотларнинг сақланиш ҳолати бўйича танқидий пост ва видеолар тарқалмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу ҳолатларга изоҳ берди.
Маълумотларга кўра, биринчи ҳолат Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 42-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бундан 5 ой аввал, 2025 йил 27 февралда содир бўлган. Ҳудудий бошқарма томонидан ҳолат ўрганилиб, овқатланиш тартиби ва санитария қоидаларига амал қилинганига доир хулоса тақдим этилган.
Иккинчи ҳолатда эса Қорақалпоғистон Республикаси, Чимбой туманидаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат маҳсулотларининг яшириб қўйилгани аниқланган. Бу 2025 йил 23 июлда Вазирлик аудит хизмати томонидан ўтказилган текширув чоғида фош этилган. Ҳозирда зарурий ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ва айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши белгиланган.
Вазирлик жорий йилда ҳукумат томонидан соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинганини эслатиб ўтди. Бу орқали давлат мактабгача таълим муассасалари аутсорсинг усулида озиқлантириш тизимига босқичма-босқич ўтказилмоқда. Махсус марказ бу жараённи мувофиқлаштириб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилинишини назорат қилади.