Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (9-қисм)

«Астағфирулло, астағфирулло, астағфирулло», деди чол овоз чиқариб. Кейин:
— Ҳали мен ўладиган пайт келгани йўқ. Эҳҳе, ҳали қанча қиладиган ишларим бор! Шуларнинг энг аввалгиси қазо намозларим. Эй, Худо, жонимни олмай тур, яна озгина имконият бер. Ўзи кўп қолмади, лекин шу оз учун ҳам вақт керак, — деди у ўзига ўзи.
Сўнг жойнамозга ўтириб, тиловат қилди. Албатта, билганича. Ортидан дуога қўл кўтарди.
Юрак санчиғи узоқ давом этмади. Ўтиб кетди. Аммо Файзулла чолнинг хаёлига «шошилиш керак», деган гап муҳрланиб қолди.
Эртасига у иккинчи ўғлини чақирди. Унга: «Мени бозорга олиб бориб келасан», деб буюрди.
Бозорга бориб, кўп миқдорда дафтар-қалам олди. Актам ҳайрон бўлди. «Отам бунча дафтарни нима қиларкан?» деб ўйлади, лекин сўраёлмади. У ҳатто Иброҳимнинг қаердалигини сўрашга ҳам ботинолмади. Чунки Зоирдан отаси нималар деб уришганини эшитганди. Кейин Файзулла чол айнан Сайфулла эшоннинг уйи тўғрисида машинани тўхтатишни буюрди. Сўнг бозордан олганларини кўтариб, эшонникига кириб кетди.
Бу пайтда Иброҳим Сайфулла эшон берган топшириқларни зўр бериб бажараётганди. Эшоннинг ўзи эса боғда эди. У ғалати бир иш қилганди: узум сўриларининг ҳар бирини беш қаватдан тахлаб чиққанди. Ҳатто томнинг устини ҳам узум сўриси қилганди. Файзулла чол шунга кўзи тушиб, бироз қараб қолди, сўнг кетмон чопаётган эшонни чақирди. Сабаби, дарвозаси очиқ бўлгани боис ҳовлисига кириб қўйди. Бундай қилишни эшон ёқтирмасди. «Бегона одам бировларнинг ҳовлисига сўроқсиз кириши мумкин эмас», дерди. Бироқ одамлар бу талабга унчалик ҳам эътибор беришмасди. Шунингдек, Файзулла чол ҳам.
— Ҳов! Ҳозир! — деди эшон ва қўлидаги кетмонни қўйиб, ўзини чақирган одамнинг ёнига шошди.
У чарчаганди. Юзида ҳорғинлик аломатлари бор эди. Ахир тонгда соат тўрт бўлмасдан уйғонган. Тоат-ибодатларини қилиб, уч пора Қуръон ўқиган. Сўнг уй юмушларига киришиб кетган. Орада бир муддат нонушта учун чорпояга чиққан. Ўшанда ҳам бўш ўтирмасдан, Иброҳимга таълим берган. Унинг шиддат билан ҳамма ҳарфларни тез ёд олаётганига ҳаваси келган, сўнг яна томорқа юмушларига киришган эди. Режаси бўйича яна бир соатлар ишлагач, икки соат ухлаб олиши керак эди. Бироқ кутилмаганда… Аслида, бундай кутилмаган ҳолатлар кўп бўлади. У оғринмасликка ҳаракат қилади. Бироқ баъзида… Энди у ҳам банда-да. Шу боис: «Сал шошмай турсин, ишларимни озроқ камайтириб олайин», дейди.
Аммо бугун, ҳозир у оғринмади. Юзида табассум пайдо бўлди. Ҳали Файзулла чолнинг ёнига яқинлашмасдан салом берди.
— Мен сизга нима дегандим? — деди чолни қучиб. — Менга катта бойликни ташлаб кетяпсиз, деганмидим? Худди айтганимдан ҳам ортиқ!..
— Йўғ-э, йўғ-э, мен…
— Ҳозир шошмай туринг, сиз тўғридаги уйга киринг. Иброҳимжон шу ерда ўтирибди. Мен ювиниб, дарров ортингиздан бораман…
Файзулла чол анчадан бери бундай енгил тортмаганди. «Худога шукур», дея кўнглидан ўтказди у.
Иброҳим бошини кўтарди. Отасини кўрди. Шу заҳоти ўрнидан сакраб туриб, ўзини отасининг бағрига отди. Бу ҳодиса ҳам биринчи марта юз берди. Шунда ота, ҳақиқатан ҳам, ўғлини яхши кўришини ҳис этди. Жуда бошқача бўлди. Илгари энг ёмон кўрган болам шу бўлса керак, деб ўйлаганди. Ҳа, шундай бўлганди, чақалоқ ҳақиқатан ҳам ўзининг боласи эканлигини билганидан кейин шундай деб ўйлаганди. Кейин ҳам неча вақт унинг юзига қарамади. Ҳатто бошқа болалари кенжасининг устидан очиқ-ошкора кулишганида ҳам қўлини силтади. «Эй-й, нима бўлса бўлар», деди. Аммо ҳозир… Ҳозир уни бошқача яхши кўрди. Энди «нима бўлса…» деган гап умуман йўқ. Энди кимдир мана шу ўғлининг номига сал бундайроқ гап айтиб қўйса, нақ уриб ўлдириб қўяди.
— Ота, — деди Иброҳим ҳаяжон билан, — мен ўнта ҳарфни тўлиқ билиб олдим. Ёзилишиниям, ўқилишиниям биламан. Ўша ҳарфлардан ташкил топган Қуръон калималарини ўқий оламан, ота. Ўқий оламан!
Бу сўзларни эшитган чол, сал бўлмаса, сакраб юбораёзди. Мижжаларидан ёш оқди. Кўзини чирт юмиб очди.
— Мени кечир, болам, — деди оҳиста.
— Нимага? — сўради ҳайрон бўлган Иброҳим.
Файзулла чолнинг назарида, шу гўдаккина бир кунда бутунлай ўзгариб қолгандай эди. Бир кунда у улғайганга ўхшарди. Сўзлари, саволлари худди катталарникидай маъноли эди.
— Энди-да, болам, шундай дегим келди-да. Қийналмадингми?
— Мени умуман ишлатишмаяпти. Менга вазифа бериб, устознинг ўзи чиқиб кетади. Мен дарров бажариб қўяман. Кейин яна бошқасини ўргатсин, дейман. Устоз бўлса, келавермайди, келавермайди. Бир марта ёнига бордим. Помидор жўякларини чопаётган экан. Уларнинг орасига пиёз, саримсоқ пиёз экиб қўйибди. Ҳайрон бўлиб сўрадим. «Менга яна вазифа беринг», дейишга уялганимдан шундай дедим. У киши менга: «Агар помидорлар орасига пиёз экиб қўйилса, зарарли ҳашаротлар яқинлашмайди», деди. Кейин вазифани сўради. Мен дарров жавоб бердим. «Яна бирор нима буюринг», дедим. У киши: «Чарчаб қоласан», деди. Мен чарчамаслигимни айтдим. Кейин устоз шу ерга дафтар-қаламни олиб келишимни буюрди…
Иброҳим шундай деб эшик томонга қаради.
— Қолганини мен айтаман, — деди Сайфулла эшон. — Иброҳим уйга кирмади. Вазифани қаерда олган бўлса, шу ерда бажарди. Мен иккинчи қатордан қайтиб келгунимча бажариб бўлибди…
Шундан сўнг у жилмайиб, шогирдини ташқарида айланиб келишга имлади. Ўзи эса Иброҳим ҳақида, унинг лаёқати тўғрисида Файзулла чолга гапира бошлади. Чолнинг кўзлари чақнади. Яна йиғлади. Ўғлининг сўзларини эшитаётганида ҳам йиғлаганди. Кўз ёшини билдирмай Иброҳимнинг бошига артиб олганди. Энди эса яширишнинг иложи бўлмади…
— Худонинг неъмати. Бу неъматни авайлаб-асрасак, ундан тўғри фойдалансак, жуда кўп яхши натижалар бериши мумкин. Шунингдек, битта ёмон томони ҳам бор.
— Нима экан у?! — деб сўради чол бирдан ҳушёр тортиб.
— Сизга унинг хотираси тўғрисида айтдим. Ана шу хотира ёмон нарсаларни ҳам миясида сақлаб қолиши ва келажакда ундан фойдаланиши мумкин. Айтайлик, у истаган одамни алдаши мумкин. Жуда осон. Шунчалик осонки, бир туки қилт этмайди. Эътибор бердим. У жуда кўп нарсаларни яширишни ўрганиб олибди.
— Ўғриликми? — деди баттар ҳаяжони ошган Файзулла чол.
— Йўқ, ўғрилик эмас. Кўрганлари, билганларини. Яна ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетиш йўлини излайди. Буларнинг бари яхши ҳозирча. Аммо эрта бир кун қандайдир муаммони ўзи яратиб қўйиб, кейин унинг ортидан қандай қилса ўзи чиқади-ю, унга эргашганлар қолиб кетишади — ана шу нарсани ҳам ўйлаб топиши мумкин. Билими кўп бўлгач, буни ҳам қила олади.
— Энди нима қиламан? Ҳалигина бир қарич ўсгандай бўлиб тургандим.
— Йўли — Қуръонни яхшилаб ўрганиши, мағзини чақа олиши керак. Ҳадисларни ҳам унинг ортидан ўрганиб кетавериши лозим. Бунга унинг миясида ҳозир исталганча жой топилади.
— Эшон бобо, энди сизга суяниб, сизга ишониб…
— Ундай деманг, ота. Фақатгина Худога суянилади. Худога ишонилади. Бизлар бор-йўғи сабабчи бўламиз. Аслида, мен кимман? Ҳеч ким! «Эшон, эшон» дейишади. Эшон ким? У ҳам битта одам. Агар Худонинг йўриғига юрмаса, Худонинг буюрганларини бажармаса, «фалондай эди, пистондай эди», дегани сариқ чақага ҳам қиммат.
— Хўп-хўп, бошқа айтмайман. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам… Энди биз оми одамлар-да. Сиз ўқиган, кўрган, билганлардансиз. Шунга ўзингиз тарбиянгизга олиб, шу боланинг адашмай катта бўлишига ёрдам бериб юборасиз-да…
— Ҳа, Худодан сўрайман. Сўраяпман ҳам. Унга ўзимниям қизиқишим ортиб боряпти.
— Мендан нима хизмат? — дея эшоннинг кўзига мўлтирабгина қаради чол.
— Сиздан… сиздан хизмат, ҳар куни келаверманг. Ҳафтада бир келсангиз ҳам бўлади.
— Эй-й, мулла бобо, менинг ичимни қиздириб қўйдингиз, қандай энди ҳафтада бир келаман? Ўлиб қоламан-ку.
— Унда уч кунда бир келинг. Қолгани кўп. У ҳозир ўрганиши керак. Тайёр бўлганидан кейин ўзим сизга қўшқўллаб топшираман.
— Менга қаранг, мулла бобо, озроқ йиғиб-терганим бор эди. Шуни сизга берсам…
— Мени хафа қиляпсиз. Нима, мен сиздан бирор нима умидвор бўляпманми? Жаброил алайҳиссалом пайғамбаримизга Аллоҳнинг буйруқларини олиб келаётганида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нима умидвор бўлганми? Пайғамбаримиз саҳобалардан бирор нима тама қилганмилар? Йўқ. Шундай экан, бу гапни бир айтдингиз, бошқа айтманг. Айтадиган бўлсангиз, ўғлингизни ўзингизга қайтариб бераман.
— Йўқ, йўқ. Шу ерда қолсин. Шу ерда қолгани яхши. Сизнинг ёнингизда, — дея чол шоша-пиша ўрнидан турди.
Сайфулла эшон уни ўтқазишга, бир пиёладан чой ичишга қанчалик ундамасин, у қолмади.
Дарвозадан ҳам югуриб чиқди. Уни кўрган ўғли ҳайрон бўлди. У ҳам: «Отамни биров қувди, шекилли», деган ўйда машинадан тушди ва:
— Нима гап?! — дея сўради.
— Ҳеч гап йўқ. Ўтир-ўтир, тез бўл, кетдик. Кетамиз.
Эшон чолдан бундай қилиқни кутмаган эди. Турган жойида мулзам бўлиб қолди. Ҳатто чолнинг орқасидан бормади. Бир-икки марта:
— Тўхтанг, тўхтанг! — деди, холос. Лекин чол унга ҳатто бурилиб ҳам қарамади. Отасининг шошиб кетаётганини Иброҳим ҳам кўрди. Ахир отаси унинг ёнидан ҳаллослаб ўтиб кетди-да. Кичкинагина бошига: «Отам устоз билан уришиб қолганга ўхшайди», деган ўй келди. Шу боис қўрқа-писа устозининг ёнига кирди.
— Эй-й, — деди Сайфулла эшон Иброҳимни кўрганидан кейин, — қовун тушириб қўйдик.
— Нимага? — деб сўради ҳеч нарсага ақли етмаган Иброҳим.
— Билмай отангни хафа қилиб қўйдим. Отангга гапларим бунақа таъсир қилади, деб сира ўйламагандим. Энди ёнига бориб, кечирим сўрашимга тўғри келади.
— Мен ҳам бораманми? — деб унга тикилди Иброҳим.
— Йўқ, сен бормайсан. Сенга дахли йўқ. Сен берилган топшириқларни бажар.
Чол йўл бўйи миқ этмади. Актамнинг ичини ит тирнади. Нима бўлганини сўраш учун бир неча марта оғиз жуфтлади, лекин отасининг важоҳатидан қўрқди. Ота машинага ўтириши билан ўғлини тезроқ ҳайдашга ундаганидан кейин бир нуқтага тикилиб қолди. Унинг нима ҳақида ўйлаётганини бир ўзи, бир Худо билар эди.
У машинадан индамай тушди. Жимгина уйига кирди. Жойига ётиб, шифтга қаради. Худди шу пайт юраги санчиб, афти буришди.
— Ҳали сал бордай эди. Ҳали сал яшашим керакдай эди, — деб пичирлади. Сўнг бошини кўтариб эшик томонга қараб:
— Қайсинг бор?! — дея бақирди.
Актам ҳовлида эди. Эшоннинг уйига кириб чиққанидан кейин отаси бутунлай ўзгариб қолганини Зоирга айтаётганди. Отасининг овозини эшитиши билан у Зоирни турткилади.
— Бор-чи, нима деркан? — деди.
Зоир шошди.
Отаси унга муздай сув олиб келишни буюрди.
Сув ичганидан кейин чолни уйқу элитди. Юрак санчиғи ҳам қўйиб юборгандай бўлди. Аммо, барибир, кўнгли ғаш эди.
Кўп ухлаёлмади. Бослиқиб уйғонди. Тушига кампири кирибди. Ҳеч нарса демабди. Аммо қарашлари жуда ўткир экан. Ана шундан қўрқди Файзулла чол.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.