Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (10-қисм)

Уйғонгач, ташқарига шошди. Дарров таҳорат олиб келди. Икки ракаат намоз ўқиди. Сўнг Сайфулла эшоннинг сўзларини ёдига олди. «Бундан чиқди, Иброҳим ёмон одам ҳам бўлиши мумкин экан. Ёмон бўлгандаям жуда ашаддий бўларкан. Эшон аниқ билмайди. Тахмин қилди. Лекин эшонлар, айниқса, саводи бор эшонлар бекордан-бекорга тахмин қилишмайди. Бежиз гапиришмайди улар. Уч кун… Йўқ, уч кунда боролмайман. Энди боролмайман. Бир ҳафта… Ҳа, шу бир ҳафталарда борсам керак», дея ўйлади у.

Аммо ўша бир ҳафтанинг ўтиши жуда қийин кечди. Чол Иброҳимни соғинди. Боғланиб қолган экан. Ҳар куни эрталаб уйғониши билан ёнига қарайди. Пешонасига уради. «У эшонникида-ку», дейди. Эртаси куни яна шу такрорланади. Аста-секин у эшоннинг сўзларини унутди. Фақатгина хотирасида ўғлининг гаплари қолди. «Эй-й, у бир кунда қанча нарсани ўрганиб олганди, бир ҳафтада ҳамма ҳарфларни ўрганган бўлса керак. Бир Қуръон ўқишини эшитсам эди! Бу ҳафта дегани жуда узоқ муддат экан. Илгари у ёқдан-бу ёққа қарагунча ўтиб кетарди. Энди бўлса бир соатнинг ўтиши қанчалик машаққат!» дея кўнглидан ўтказади.

Ниҳоят ўша кун келди. Чол эрталабдан шоша-пиша кийинди. Бу пайтда у ҳатто нонушта ҳам қилмаганди. Кейин эшикдан чиқар-чиқмас тўхтаб қолди. «Қандай бораман? Қайси юз билан мулланинг юзига қарайман? Нима дейман? Ўзи нега кетиб қолгандим? Ҳа, қўрққандим. Эшон қўлимга Иброҳимни тутқазиб юборишидан қўрққандим. Тавба қилдим, нима гап гапирсам, ҳаммаси нотўғри бўлиб чиқаверди», дея кўнглидан ўтказди ва секин остонага ўтирди. Шу ўтирган кўйи ўйга чўмди. Бу сафар Иброҳимни эмас, кампирини ўйлади. «Илгари жуда аҳил-иноқ эдик. Бечора кампирим сира менга гап қайтармасди. Болаларнинг бирортасини уришиб қўйсам, менга қўшилиб уни уришарди. Ҳеч ёнини олмасди. Кейин кўнглимга қарарди. Бечора, шу эрталабдан бугун нима ейишимни сўрарди. Иброҳимга ҳомиладор бўлиб қолганида ҳам энг аввал: «Бобой, уятли бўлиб қолибмиз», деганди. Эҳ, шуниям соғиндим. Ёнига югуриб боришни хоҳлайман-у, Иброҳимни ўйлайман-да. Ундан катта Соҳиб ўғлим акалари билан эл бўлиб кетди. Ундан хотиржамман. Аммо Иброҳимни бу сўқимларнинг бирортаси ёқтирмайди. Бунгаям ўзим сабабчиман-да…»

— Ота…

Чол бирдан овоз келган томонга қаради. Зоир ўғлини кўрди. Энсаси қотди.

— Нима дейсан? — деди.

— Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?

— Ўзим ўтирибман. Нима, сенларнинг дастларингдан ўтириб ҳам бўлмайдими? Нимага ҳамманг менга хўжайинлик қилишга ўтдинг?! — дея ғазабланди Файзулла чол.

— Йўқ, анави… Келинингиз сут пиширган экан. Сиздан ўтиб уйингизга киргизиб беролмабди. Шунга сўраяпман-да.

— Сут? Ҳа, сут. Мен ҳар куни эрталаб сут ичаман-ку.

Чол шундай деб ортига ўгирилиб, хонасига кириб кетди. Зоир унинг ортидан ҳайрон бўлганча тикилди. «Отамга аниқ нимадир бўлганга ўхшайди. Бир мулла чақириб ўқитиб юбориш керакмикан? Йўқ, акамлар билан маслаҳатлашиб кўришим керак аввал. Актам акам айтганди: «Отам эшонникига кириб чиққанидан кейин бирдан ўзгариб қолди», деб. Рост. Мана, бир ҳафтадан бери ҳеч ким билан гаплашмайди. Кеча-ю кундуз уйидан чиқмайди. Намоз ўқиганлари майли, лекин одамови бўлиб қолгани чатоқ-да», дея ўйлади.

Аммо келиннинг тили-жағи бор экан. Қайнотасининг олдига косани қўйганидан сўнг:

— Ота, кийиниб олибсиз. Қаерга борасиз? Ўғлингизга айтайми, мошинада олиб бориб келсинми? — деди.

— Керакмас. Ўзим бориб келавераман. Эринг ўзининг ишини қилсин. Менсиз ҳам ишлари бошидан ошиб-тошиб ётган бўлса керак, — деб қўрс жавоб қилди чол.

Унинг сўзлари келинга оғир ботди. «Ўл-а-а! Ўзи тўрт кунлигинг қолганми-йўқми, вишиллашингга бало борми? Олиб бориб келаман деса, жон-жон демайсанми? Яхшилик ҳам ёқмай қолибди. Шўринг қурғур қайнонам кун кўрмай ўтиб кетган экан», деб ўйлади у ва бирдан ортига бурилиб чиқиб кетди.

Чолнинг томоғидан овқат ўтиши жуда қийин бўлди. Сутга нон ботириб, бир-икки тишлам еди. Бўлмади. У ўрнидан туриб, томорқага ўтди-да, эшагини эгарлади…

У Сайфулла эшоннинг уйигача қаҳрамонлардай борди. Аммо эшакдан тушгач, нима қиларини билмай қолди. Қандайдир уят, ноқулайлик вужудини эгаллаб олди. Шу боис гўё эшагини боғлаб қўйишга жой қидирган киши бўлиб тураверди. Токи мулланинг аёли кўриб қолмагунча. Аёл тезда бориб эрига Иброҳимнинг отаси келганини айтди. Сайфулла эшон шошди. Ахир у ҳам ўзини айбдор ҳисоблаётганди-да. Аввалига чол уч кундан кейин келса керак, деб кутганди. Бироқ чолдан дарак бўлмади. Кейин: «Арази жиддий бўлибди. Энди ўзим ёнига бораман», деган хаёлга келди. Ҳа, агар бугун Файзулла чол келмаганида, унинг ўзи борарди. Бориб кечирим сўрарди.

— Ассалом алайкум!

Файзулла чол чўчиб тушди. Бирдан Сайфулла эшонга қаради. Саломига алик олди. Сўнг шошиб:

— Бирровга келдим. Шундай Иброҳимни кўраман-у, кетаман! — деди.

— Эй-й, ота, нималар деяпсиз?! Бугун ўзингизниям олиб қоламан!

Сайфулла эшон шундай деб Файзулла чолни маҳкам қучоқлаб олди. Бунинг-да иккита боиси бор эди. Биринчиси, ўша ўзини айбдор ҳис этаётгани, иккинчиси, Иброҳимнинг дарсларни тез ўзлаштираётгани эди. Ахир у бир ҳафта мобайнида араб алифбосини тўлиқ ёд олди. Ёза оладиган бўлди. Оз-оздан калималарни ҳам ўқий бошлади. Устозидан эшитган ҳадисларни эса шу заҳоти ёд олаётганди. Бундан ташқари, Барно… Барно бир ёшга тўлди. Сайфулла эшоннинг қизи. Иброҳим уни ўйнатади. Шу ишни унга топширишди. Иброҳим ер чопаман, молларга сув бераман, емиш бераман, тагларини тозалайман, деди. Аммо бундай ишларга рухсат тегмади. «Биз иш билан овора бўлиб, Барнога қараёлмаяпмиз. Шунга қараб тур», дейишди… Иброҳим Барнони кўтаради, ҳар хил қилиқлар қилиб уни кулдиради, сўнг ўзи эшак бўлиб, уни устига миндиради. Барно яна қиқирлаб кулади. Аста-секин қизча Иброҳимга ўрганиб қолди. Болакай сал кўринмай қолса, қизалоқ қоп-қора кўзчалари билан аланглаб, уни қидирадиган бўлди.

Сайфулла эшоннинг учта фарзанди бор. Икки қиз ва бир ўғил. Ўғил — ўртанчаси. Иккинчи синфда ўқийди. Катта қизи эса тўртинчида. Аммо кичкина Барно анча кеч туғилди… Ўғил билан катта қиз бир дақиқасини ҳам бекор ўтказишмайди. Уларга ҳам араб алифбоси ўргатилади. Бундан ташқари, ҳар иккиси ҳам ота-онасига ёрдамлашиб, кўп вақтларини ташқарида ўтказишади. Аммо Иброҳим бегона бўлгани боис, кўрганлар: «Битта қулвачча топиб олишибди», демасликлари учун ташқаридаги ишларни унга буюришмайди.

— Яраш оши қиламиз, — деди Сайфулла эшон хотинига эшиттириб. — Ўтган сафар мен отамни хафа қилиб қўйдим. Демак, ошни мен қилишим керак!

— Йўғ-э, — деди бирдан чол, — мен ҳеч кимдан хафа бўлмадим. Қайтага, ўзим… Шу қишлоқдан чиқмагандан кейин, бундай элга аралашмагандан кейин гўр бўлармиди? Мана шундай довдир, беўхшов бўлади-да.

— Ундай эмас. Мен ўзим ўйламай гапириб қўйдим. Сизнинг олдингизда ҳам уятлиман, ҳам қарздорман…

Уларнинг суҳбатини Иброҳим эшитиб, дарҳол ташқарига чиқди. Югуриб келиб ўзини отасининг қучоғига отди ва шу ондаёқ мақтанмоқчи бўлди. Бироқ устозининг ёнида мақтанолмади.

Файзулла чол Сайфулла эшон билан сўрашди, болаларининг аҳволини сўради, аммо бир оғиз: «Бизнинг ўғил қандай?» демади. Бунга тили бормади. Сўрамаса-да, мулланинг ўзи ҳаммасини гапириб берди. Иброҳимнинг зеҳни ўткирлиги, меҳнаткашлиги, меҳрибонлиги — ҳамма-ҳаммасини гапирди. Аммо у ҳам Иброҳимнинг «боғча»лик қилаётганини айтмади.

Кейин гап айланиб, олдинги сафарги суҳбатга тақалди.

— Мен, аслида, бошқача айтишим керак эди. Умуман, олди-берди… Битта гапни айтай сизга: бировдан ниманидир рози қилиб олиш жуда яхши нарса, бунинг умуман ёмон томони йўқ. Мен кўпинча, ҳа, кўпинча маъракаларга бораман. Ўшанда менга тугунча бериб юборишади. Оламан, қайтариб бермайман. Чунки сўрамасам-да, беришади. Эҳсон қилишади. Бунинг йўли бошқа, лекин… Иброҳимга таълим бериш, айниқса, оғзингиздан нима чиқса, шогирдингиз ҳаммасини бекаму кўст бажаришини кўриш… Унинг ана шундай ўзлаштиришининг ўзи менга бериладиган эҳсон. Сизга битта гапни айтай: масалан, сизга биров Қуръонни ўргатди. Сиз Қуръонни ўқий бошлаганингизда, шубҳасиз, ҳар битта ҳарф учун иккита савоб оласиз. Биттаси ўқиганингиз учун бўлса, иккинчиси ҳарфларни кўрганингиз учун. Аммо сизнинг шу ўқиётганингиздан яна битта одам доимий равишда савоб олиб туради. Бу сизнинг устозингиз… Ҳозир Иброҳим бир кунда қанча калимани ўқийди? Кўп! Демак, менга шунча савоб эҳсони келиб турибди. Энди шундай неъмат келиб турган бир пайтда сизнинг менга нимадир беришингиз… буниси бўлмайди-да. Хўп, майли, бу гапларни қўяйлик. Ўзингиз қалайсиз?

— Илгари ёшинг ўтган сайин вақтни қувиб етолмай қоласан, дейишарди. Аслида ҳам шундай эди. Лекин мана шу бир ҳафта жуда қийин ўтди.

— Ҳа, тўғри айтасиз. Мана, бир ҳафта мобайнида ўзим ҳам Иброҳимга ўрганиб қолдим. Энди ўйлайман, шогирд ҳамма нарсани ўрганиб бўлганидан кейин кетади. Ундан кейин мен нима қиламан?..

— Эй-й, раҳмат! Кўнглим анча ёришди. Айтганча, битта гапни сўрайман деб келдим.

— Бемалол.

— Иброҳим ёмон одам бўлиши мумкинми?

— Энди бўлмайди. Энди у бутунлай бошқа йўлга бурилди. Илгари бўлиши мумкин эди.

— Худога шукур.

— Иброҳим, — дея чақирди Сайфулла эшон.

Иброҳим ташқарида қолган эди. Онгли равишда шундай қилди. Тўрт ёшли боланинг шунга ақли етди. «Отам билан устозим гаплашиб олсин», дея ўйлади. Ахир ўтган сафар ҳам устози гаплашиб олиш учун уни ташқарига чиқариб юборганди. Ана шу нарса унга дарс бўлди. Бироқ эшикдан узоқлашмади. Айни пайтда ичкаридагиларнинг гапларини эшитмаслик учун қулоқларини ёпиб олди. «Бировларнинг гапларини яширинча эшитиш гуноҳ», дея устози унга ўргатиб қўйган эди-да. Унинг қилиғини Сайфулла эшоннинг аёли кўрди. Сўнг ёнига катта қизи Раънони чақирди.

— Қара, эшитмайин, деб қулоғини ёпиб олган. Сенлар ундан ўрнак олинглар. Даданг нима деса, у ҳаммасини бажаради. Сенлар бўлсаларинг қулоқсизлик қиласанлар.

— Ҳа, у яхши бола экан, — деб қўйди Раъно.

Иброҳим эшикдан салом бериб кирди. Сўнг отасининг ёнига ўтирди.

— Иброҳим, нечта сура ёд олдинг? — деди Сайфулла эшон.

— Ўнта…

— А-а?! Нима, ўнта?! — деди отаси унинг сўзларига ишонмай.

— Ростдан ўнта, шулардан иккитаси анчагина катта. Биттаси Ар-Роҳман, иккинчиси Воқеа сураси. Ҳар куни шом маҳал фарз намозининг аввалги ракаатига Воқеа сурасини зам қиляпти.

— Ростданми?

— Рост. Қани, Иброҳим, бир тиловат қилиб бер.

Иброҳим тиловатдан аввал устозига, сўнг отасига қаради. Кейин кўзларини юмиб, тиловат қила бошлади. У калималарни аниқ-тиниқ айтарди: чўзиладиган ҳарфлар чўзиларди, қисқалари қисқа айтиларди… Файзулла чол эса йиғлар эди. Лаблари титраб йиғларди. Кўзларидан тинимсиз ёш оқарди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: