Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (11-қисм)

Шу билан бирга унинг бутун танаси хотиржамликни ҳис қилаётганди. Хаёллари ўта гўзал, хушманзара жойларга кетиб қолган эди. Шунинг учун у ҳатто ўғли тиловатни тўхтатганини ҳам сезмай қолди. Сайфулла эшон унинг ҳолатини сезиб-билиб турарди. Шу боис тиловатдан сўнг ўзига қараган шогирдига «тисс», деган ишора қилди бармоқларини лабининг устига қўйиб. Унга-да жараённи томоша қилиш мароқли эди. Чунки ҳар ким ҳам бундай аҳволга тушавермайди…

— Худога шукур, — деди чол бир муддатдан кейин худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай. Сўнг оҳиста кўз ёшларини артиб, устоз-шогирдга қаради.

— Зўр-а! — деди Сайфулла эшон кўзлари чақнаб.

— Зўр ҳам гапми? Аъло! Аммо мен ўз боламдан бундай тиловатни кутмагандим.

— Нега?

— Билмайман. Лекин энди ёруғ умид пайдо бўлди. Ишқилиб, Аллоҳ ўлимга сабр бериб турсин. Ишқилиб, мен Иброҳимнинг қори бўлганини ўз кўзим билан кўрайин.

— Кўрасиз. Умидни катта қилаверинг.

— Айтганингиз келсин, дуо қилиб туринг.

— Хўп.

— Энди Иброҳим кўп ўқиб чарчаганга ўхшайди. Шунга…

— Йўқ, — деди бирдан Иброҳим отасига қараб, — чарчамадим!

— Майли, шундай бўлсаям. Ўзи бу уй ишларига қарашяптими? — деб юзланди чол Сайфулла эшонга.

— Ҳали кичкина. Ҳали улгуради, — дея жавоб қилди эшон.

— Ҳозирдан меҳнатгаям чиниқса, янаям яхши бўларди. Айтганча, эшон бобо, мен сизнинг узумларингизга эътибор бердим. Беш қават сўрими?

— Ҳа, — деб кулди эшон, — ерни иқтисод қилай дедим. Ўзимча шундай қилиб кўрдим. Узум сўрилари шамолнинг «кўз»и. Шунинг учун сўрилар оралиғини бир метрдан қилдим. Шамол айланиб турса бўлавераркан.

— Уни қандай хомток қиласиз? Қандай дорилайсиз?

— Осон. Устида юравераман. Бемалол кўтаради. Ҳаммаси қалин трубалардан. Сўриларни айтаман-да. Ундан кейин ток шохларини босмайман. Асосан, майиз бўладиган узумлар. Бошқаларидан ҳам бир тупдан бор. Улар ейишга. Майизи бозорга.

— Лекин ҳеч кимнинг калласига келмайди шундай қилиш.

— Энди бир қилиб кўрдим-да. Осмоннинг охири йўқ. Узум бўлса, қанча чўзсангиз, кетаверади. Муҳими, озуқасини бериб турсангиз бўлди. Лекин боғбончиликка бир берилсангиз, ажралолмай қоларкансиз. Ўзига боғлаб қўяркан. Боғ катта. Шафтоли, ўрик, нок, олма, ўрик — эй, қўйинг-чи, нима мева бўлса, ҳаммасидан бор. Андармон бўлсангиз, кун ўтганини билмайсиз. Ҳам рўзғорга яхшигина барака олиб келади.

— Ана, энди бу масаладаям Иброҳимга устозлик қиласиз. Бўш пайтлари сизга ёрдам берсин. Ҳеч бўлмаса, ёнингизда юрсин. Ишингизни ўрганолмаса, камида иккита яхши гапни ўрганади. Ҳозир бориб, бир меваларингизни томоша қилиб келсин.

Сайфулла эшон чол нега бундай деяётганини тушунди. Шу боис шогирдига айланиб келишни буюрди.

— Энди-и-и, мулла бобо, бу ёғимиздан нариёғимиз яқин. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам шундай. Ана шунга менга бир қабр азобини гапириб беринг. Ҳеч нимани яширманг. Мен шунга тайёргарлик кўрайин. Бу одамзоднинг гуноҳ қилмаган куни йўқ экан. Ўтган умрим давомида не-не гуноҳларни қилмадим. Кўпини бир мен биламан, бир Аллоҳ. Шунга энди қандай қилиб тавба қилиш йўлларини тушунтириб беринг.

Сайфулла эшон бошини эгиб, кўзларини чирт юмди. «Ота, сиз айтяпсиз, менда камми улар?» деган ўй ўтди хаёлидан. Сўнг чолга юзланди:

— Қанчадан-қанча одамлар гуноҳларини билмай, тан олмай ўтиб кетишди. Мен умримни таниганимдан бери биринчи марта сиздан шундай гапларни эшитяпман. Беайб парвардигор! Энди мен сизга билганимча айтаман. У ёғига Худо подшо. Энг муҳим масала умид ва ишонч…

Сайфулла эшоннинг юзида табассум пайдо бўлди. У яқинроқ ўтирди ва Файзулла чол берган саволга аста-секин жавоб бера бошлади. Гапининг охирида эса шундай деди:

— Ҳисоб-китоб сўнгги одам қабрдан уч қадам узоқлашганидан кейин бошланади. Ривоятларда шундай дейилган. Демак, кимдир узоқлашмаса, ҳамма кетганидан кейин қолиб, Ёсин сурасини ўқиса, яхши бўлади. Ҳар қалай, майит озми-кўпми сўнгги манзил-маконига мослашиб олади. Сўровчи фаришталарнинг саволларига тайёрланиб олади.

— Ҳимм! — деди бир нуқтага термилиб қолган чол. — Унда Иброҳимга эртароқ Ёсинни ёдлатинг!

— У нафақат Ёсинни, бутун Қуръонни ёд олади. Сиз ҳали ҳаётлигингизда сизга тож кийдиради.

— Эй-й, жуда хурсанд қилдингиз. Ҳеч қачон бундай хурсанд бўлмаганман. Ҳеч қачон бундай енгил тортмаганман. Ишқилиб, шу кунларга етказсин…

Бироқ Файзулла чол Сайфулла эшон билан яна анча вақт гаплашиб, бир чойнак чой ичиб, сўнг хайрлашиб, эшагига миниб ярим йўлни босиб ўтганида, кутилмаганда юрагида санчиқ пайдо бўлди. Оғриқ шунчалик кучли эдики, чол икки букилиб қолди. Пешонасида реза-реза тер пайдо бўлди. «Ё, Худо! Боламнинг қори бўлишини кўрмасимдан бурун жонимни олма! Ё Худо!» деди овоз чиқариб. Оғриқ эса баттар кучайди. «Пешонамга ёзилмаган экан. Онаси мен эшитган хабарларни эшитмай ўтиб кетган эди, мен эса эшитдим. Лекин етолмаётганга ўхшайман. Умрим калталик қиладиганга ўхшайди», дея кўнглидан ўтказди у ва эшагини тўхтатиб, жуда секинлик билан ундан тушди-да, йўл четига узала тушиб ётди. Тупроқ, тош деб ўтирмади: ётаверди. Ётишидан олдин, ётганидан кейин ҳам узлуксиз калима қайтариб турди. Сўнг кўзларини юмди. «Бахтимга, таҳоратлиман, мана шундай ҳолимда Худонинг буйруғи билан Азроил жонимни олса, анча енгиллик бўларди», дея кўнглидан ўтказди.

Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ўтди. Оғриқ аста-секин пасая бошлади. Шу билан бирга, чолда умид учқунлари пайдо бўлди.

— Эй-й, ким у? Чол… Бобой! Югур! — деган гапларни эшитди у ва секин кўзини очди.

— Бова, — деди уни дарров таниган ҳамқишлоқ йигит, — сизга нима бўлди? Нимага бундай ётибсиз?!

Чол унга жавоб бермоқчи бўлди, бироқ лабларини қимирлатолмади.

— Мазаси қочибди! — деди йигит ва бирдан чолнинг елкасидан ушлаб кўтармоқчи бўлди.

— Қўй, тегинма. Бундай пайтда қимирлатиб бўлмайди! Болаларига қўнғироқ қил!.. Тез ёрдамни чақиришимиз керак! — деди унинг ёнида турган шериги.

Чол уларнинг кейинги гапларини эшитмади. Унинг кўзлари юмилган эди.

Фақатгина касалхонада кўзи қайта очилди. Қараса, нотаниш жой. «Бу ерга қандай келиб қолдим?» деб ўйлади у. Шунда кимдир, аммо таниш овозли одам:

— Кўзини очди! Кўзини очди! — деди ҳовлиқиб.

У ўша гапирган одамни тепасига келганидан кейин таниди. Ўғли Зоир экан. Кейин Актам билан Ҳасан ҳам ёнига келди.

— Ота, яхшимисиз?! — деб сўради Актам ҳовлиқиб.

— Билмайман. Мен қаердаман ҳозир? — деб сўради чол.

— Сизни касалхонага олиб келдик. Йўлда йиқилиб қолган экансиз. Эшакнинг устидан йиқилдингизми?! Эшак йиқитдими?!

Чол бошини чайқади. Шу билан «йўқ» дегандек бўлди. Кейин юраги санчиб қолганини, эшагидан тушганини, ётганини эслади. Шунингдек, таҳоратли экани ҳам ёдига тушди. «Оббо, таҳорат синди-да», дея кўнглидан ўтказди ҳамда:

— Дўхтирлар нима дейишди? — деб сўради.

— Чарчабсиз, — дея ёлғон гапирди Актам.

Аслида, Файзулла чол инфарктни бошидан ўтказган эди. Бироқ дўхтирлар: «Ўзига келса, «чарчагансиз» деб айтинглар», дейишганди. Ўзи шу пайтгача ўғилларининг ҳаммаси касалхона ҳовлисида юришганди. Яқингинада кўришга рухсат олишди ва уларнинг бахтларига, киришлари билан оталари кўзини очди.

— Ҳа-а, кўп яшаб қўйдим-да. Кўп яшаш ҳам одамни чарчатади, — деди чол паст овозда.

— Йўғ-э, ота, ҳали қанчагина яшабсиз? Юзга кирмасангиз бўлмайди.

Чол индамади. Бу гап учун мийиғида кулмоқчи бўлди. Бироқ уддалай олмади…

У ўн беш кун хастахонада ётди. Бир ҳафтадан кейин туришга, юришга рухсат беришганди. Бундан фойдаланган чол дарров бориб таҳорат олиб келди. Шароит йўқ эди, лекин амаллади. Келиб намоз ўқиди. Ўқилмаган қазо намозларини ҳам ўқишга киришди. Бироқ бундан дўхтирлар хабар топиб: «Тўхтатинг, Худо ҳам бундай шароитда кечиради. Аввал соғайиб олинг, ана ундан кейин ўқийверасиз», дейишди.

— Хўп, худди айтганларингдай қиламан, — деди чол.

Аммо улар кетганидан кейин барибир намоз ўқиди. Ўзини қийнамай, туриб руку қилмасдан, ўтирган жойида ўқиди. Ўтирган жойида саждага бош қўйди. Шуниси унга анча енгил кечди. Бироқ охирги ўн бешинчи куни дўхтирлар бундан ҳам хабар топишди. Буни ҳам тўхтатиб қўйишди.

Касал бўлганидан роппа-роса саккиз кун ўтиб, Сайфулла эшон уни кўргани келганди. Иброҳимни олиб келмабди. «Аввал ўзим бир кўриб кетайин, кейин олиб келаман», деган баҳонани қилди у. Буни қарангки, ўтган кунлар мобайнида бошқа фарзандларининг бирортаси «Иброҳимни қаерга олиб боргансиз? Ундан хабар олиб турайлик», демади. Чол шундай дейишларини жуда кутган эди. Бироқ кутгани бўлмади-да. Мана, эшоннинг ўзи келиб турибди. У ҳам бирга олиб келмабди. «Нима, маймунга ўхшайдиган, тасқара болани ўзингиз билан олиб юришга уялдингизми?» деб сўраёлмади чол. Аммо шундай савол кўнглидан ўтгани рост.

Иброҳим Ёсин билан Мулк сурасини ёд олибди. Ҳозир Қуръонни анча яхши ўқиётган экан. Ҳатто ажабланарли даражада тез. Чол яна йиғлади, яна ўғлининг тиловатини эшитгиси келди. Аммо эшонга: «Эртага агар малол келмаса, Иброҳимни олиб келинг», деёлмади. Кейин: «Келмагани ҳам дуруст. Чунки бу ерда уни кўрганлар ҳар бало-бир бало дейишлари мумкин. Унақа гапларни энди мен кўтаролмайман», деб ўйлади.

Чол соғайиб, уйга қайтиб борганидан сўнг, Иброҳим устози билан бирга келди. Йўл-йўлакай эшон отасига бирдан ташланмаслик кераклигини уқтирган, шекилли, падарини беозор қучди.

— Эй-й, болам, — дея унинг сочларини силади Файзулла чол, — шу куни кўп хурсанд бўлиб кетибманми? Сенгамас, ўзимга ўзимнинг кўзим тегдими, ишқилиб, нима бўлсаям, мазам қочиб қолди.

— Ота, яхши бўласиз ҳали, — деди Иброҳим унга термилиб.

— Худо хоҳласа. Фақат сен сира бўшашма. Устозингнинг гапидан чиқма! Нима деса, ҳаммасини қил, хўпми?

Сайфулла эшон кулди:

— Эй-й, ҳалиям мен ҳай-ҳай деб турибман. Бўлмаса, буни тўхтатиб бўлмайди.

Дарҳақиқат, шундай эди. Иброҳимга ташқарига чиқиб ҳовли ишларига қарашиш имкони берилгач, у деярли уй эгасига иш қолдирмай қўйди. Нима иш бўлса, қилиб кетаверарди. Яна унга айтиб ўтириш шарт эмасди. Ўзидан билиб қиларди. Онгига «ўз уйимдаги каби қанча кўп иш қилсам, шунча яхши кўринаман, мени биров уришмайди», деган туйғу ёпишиб қолганди. Шунинг учун ҳам у тиним билмасди.

Сайфулла эшон Иброҳимни ўзи билан олиб кетди. Қолдирмоқчи эди, «Бир-икки кун ёнингизда бўлсин», деб чолга айтганди. Бироқ Файзулла бобо кўнмади.

— Йўқ, менинг ёнимда бўлса, ҳеч нимани ўрганолмайди. Бошқа нарсаларга чалғиб қолади. Мен сизга ишондим, сиз эса Худога ишонасиз. Сизга омонат. Мен сизга ниятларимни айтганман. Олиб кетаверинг! — деди.

У ялинчоқ овозда, худди бечоралардай сўзлади. Аслида ҳам у айни чоғда ўзини бечора ҳис этаётганди. Чунки вақти-соати етганини билиб турибди. «Борадиган жойимга қуруқ қўл билан боряпман. Ҳеч бўлмаса, Иброҳим ортимдан дуо қилиб турса, Қуръон хатм қилиб, савобини менга бағишласа», деган умидда эди. Шундай экан, Иброҳим устозидан айрилмаслиги шарт!

— Мени ҳафтада бир келиб кўриб турсангиз бўлди. Шундай дейман-у, ҳафталигим борми-йўқми, билмайман, — дея кулган бўлди чол ўғли ва унинг устози билан хайрлашаётганида.

— Насиб этса, ҳали кўп яшайсиз. Ҳали биз эмас, ўзингиз борасиз, — деб унга далда берган бўлди Сайфулла эшон.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: