Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (12-қисм)

Отасини кўриб келганидан кейин Иброҳим жуда оз ухлайдиган бўлди. Бу унинг ёшига мос эмасди. Китоб қўлидан тушмайди. Узлуксиз Қуръон ўқийди, сураларни ёдлайди. Кейин уни хиргойи қилиб айтиб юради. Сайфулла эшон эса борган сари хавотирланаверди. Ахир бировнинг боласи, бу кетишда касал-пасал бўлиб қолса, отасига нима дейди?

Энди у, гарчи ўта кераклигини билса-да, Иброҳимга вақт белгилаб қўйди. Қолган пайтда ташқарида бўлишни, кўпроқ ўғли Нурсултон билан ўйнашни буюрди. Ва яна ўғлига ҳам тайинлади: «Мактабда қандай ўйин ўйнасанглар, қўшни болалар билан нима ўйнасанглар, шуларнинг барини Иброҳимга кўрсат. Уни кичкина дема, кичкина бўлса ҳам ақли кўп. Кейин ҳеч қачон устидан кулма», деди.

Иброҳимнинг эса кўпроқ Қуръон ўқигиси келарди. Аммо устозининг талабини бажармаса бўлмайди. «Агар мен мулла бобонинг айтганини қилмасам, у мени ёмон кўриб қолади…» деб ўйларди. Шунингдек, Нурсултон ҳам телефонга, интернетга, ундаги ўйинларга роса қизиқиб қолган эди. Ўзининг телефони йўқ. Отаси олиб бермаган. Аммо синфдошларида бор. Синфдошлари билан мактабдан қайтаётганларида телефонда роса ўйин ўйнашади. Иброҳимга ҳам телефон ва ундаги ўйинлар янгилик эмас. Соҳиб акасида ҳамда жиянларида бор. Улар биргалашиб ўйнашади. Бир-икки марта Иброҳим ҳам қизиқиб, ичи ёниб, уларга қўшилиб ўйнамоқчи бўлган. Лекин уни ўйнатишмаган, қайтага қувиб солишган. «Бундай нарсаларга сенинг тишинг ўтмайди. Ундан кўра, сигир-бузоқларга қара!» дейишган.

Нурсултон ҳам мактабдан келганидан кейин Иброҳимга ўйинлар ҳақида гапиради. Аммо энди Иброҳимнинг қизиқиши сўнган: унинг фикри-зикри Қуръонда.

Кунлар ўтаверди. Иброҳим Қуръоннинг бир порасини ёд олди. Касал ётган отасига бориб мақтанди. Тиловат қилиб берди. Тўлиқ бир порани. Кейин қайтиб келиб яна ёдлашга тушди. Нурсултондан эса ўзбекча ёзувни ўрганди. Шунингдек, сонларни қўшиш-айиришни ўрганиб олди. Кейин Нурсултоннинг китобларини ҳам ўқий бошлади…

У гоҳ узум сўриларининг устига чиқарди. Сўридан сўрига осонлик билан кўтариларди. Сабаби қўллари узун эди. Худдики қўллари оёқларига нисбатан бақувватроқдай эди. Яна бир қўлида ҳам осилиб турарди. Қилиқлари маймунларникига жуда ўхшаб кетарди. Буни уйдагиларнинг ҳаммаси кўришарди, аммо ҳеч бири унинг устидан кулмасди. Лекин катта қиз Раъно кўнглидан ўтказди. «Маймунча. Бизнинг ҳайвонот боғига боришимиз шарт эмас», деди ичида. Кейин мийиғида кулиб қўйди. Кулганини онаси кўрди. Ўша кўрган жойида ҳеч нарса демади. Чунки ёнида ўғли бор эди, Сайфулла эшон ҳам шу ерда эди.

— Юр ошхонага, Раъно, менга анави нарсаларга қарашиб юбор, — деди. Лекин «анави нарса»нинг нима эканлигини айтмади. Ҳамманинг хаёлига «она қизига нимадир берса керак», деган ўй келди.

Ошхонага аввал аёл, ортидан қизи кирди. Кирган заҳоти она қизининг қўлидан ушлаб ўзига тортди-да:

— Кулдингми?! — деди.

— Қачон? — дея ўзини гўлликка солди Раъно.

— Кўзимга қара, сен кулдинг. Тўғрими?

— Кулиш мумкинмасми?

— Мумкин. Лекин бировнинг устидан эмас.

— Кимнинг устидан кулибман?

— Иброҳимнинг.

— Ая, нималар деяпсиз?

Раъно шундай дейиши билан онаси унинг биқинидан чимчилади.

— Мен кўр эмасман. Кулганингни кўрдим! Ярамас қиз, нима қилиб қўйганингни биласанми?! Худодан қўрқмадингми?! Шундай боланинг ҳам устидан куласанми?! У ҳализамон қори бўлади. Демак, сен тирик Қуръоннинг устидан куляпсан, шуни тушуняпсанми?!

Раъно қўрқиб кетди. У ҳам Художўй. У ҳам Қуръон ўқийди. Араб алифбосидан сураларни ёд олган, лекин Иброҳимчалик эмас. Ўн бешта кичик сурани билади.

— Ая, — деди у бирдан кўз ёшини дув-дув оқизиб, — мен билмай шундай қилиб қўйдим. Мени кечиринг, ая!

— Сен мендан эмас, Худодан кечирим сўра, Иброҳимдан кечирим сўра! Керак бўлса, дадангдан кечирим сўра! Чунки Иброҳимнинг устози даданг бўлади!

— Хўп, аяжон, хўп!..

— Тез хонангга кир, икки ракаат намоз ўқи, кейин Худога ёлвор!

— Хўп, ая. Хўп!

Раъно кечга яқин Иброҳимнинг ёнига борди. Бу пайтда дадаси уйда йўқ эди. Қишлоғидан кимдир чақириб кетди. Аёлининг мазаси бўлмай қолибди. «Ўқиб қўйинг», деди келган одам. «Кеч бўлди, эртага бораман», деб Сайфулла эшон жавоб қайтарса-да, у кўнмади. «Қандайдир жуда бошқача. Ўқиб қўймасангиз бўлмайди. Болалар ҳам қўрқишяпти. Бир-икки марта шайтонлаб ҳам қолди», деди келгувчи одам. У — Бобомурод ака, қишлоқнинг нариги чеккасида туради. Ёши Сайфулла эшонникидан анча катта. Аммо бошқаларни сен деб атаса-да, Сайфулла эшонни «сиз» дейди. Эшонга меҳри бўлакча унинг.

Сайфулла эшон кўнди. Таҳоратини янгилаб, Бобомурод ака билан бирга кетди.

У кетиши билан Раъно Иброҳимнинг ёнига борди. Болакай энди китобни очганди.

— Сенда битта гапим бор эди, — деди Раъно бошини эгиб.

— Менда? Ҳа, айтинг, — дея жилмайди Иброҳим.

— Мени кечир.

— Нимага? — деди ҳайрон бўлган Иброҳим.

— Кечириб қўявер. Кечирдим, деб қўявер.

— Хўп, кечирдим.

— Раҳмат.

Шундан кейин Раъно имкони борича Иброҳимга кулиб қарашга, уни чиройли болача деб тасаввур қилишга ҳаракат қилди. Илгари шунчаки «Иброҳим» дерди. Энди «Иброҳимжон» деб атай бошлади. Ҳаттоки Иброҳим Қуръон сураларини ёдлаётганида, у турли ширинликлар олиб келиб ёнига қўйиб кетарди. Дарди-ўйи битта: нима қилиб бўлмасин, Иброҳимни хурсанд қилиш, унинг кўнглига йўл топиш…

Ана шундай кунларнинг бирида Файзулла чол яна оғриб қолди. Буни Иброҳим анча кеч эшитди: устозидан.

— Бугун иккаламиз касалхонага бориб келамиз, — деди Сайфулла эшон унга.

— Хўп, — деди дарров Иброҳим. «Нега? У ерда ким бор?» деб сўрамади. «Хўп», деди, тамом-вассалом.

Аввалига Сайфулла эшон ёллаган ҳайдовчи — ҳамқишлоғи Хайрулла Иброҳимга ажабланиб қараб қўйди. «Одамзоднинг ҳар турлисини кўрганман, лекин бунақасига биринчи дуч келишим», дея кўнглидан ўтказди. Бироқ у Сайфулла эшондан: «Бу бола ким? Нега бунча хунук?» деб сўрамади. У — киракаш. Машинага қанақа одам ўтириши уни қизқтирмайди. Муҳими, пул берсин. Аммо ҳар битта мижозига нисбатан кўнгилда нимадир пайдо бўлади.

Кейин касалхона эшиги ёнида тўхтаб, Сайфулла эшон билан Иброҳим машинадан тушгач, шу ердагилар Иброҳимнинг устидан кулишди. Сўнг негадир бирдан жиддий тортиб қолишди. «Беўхшов бўлса ҳам, жуда истарали экан. Тавба! Шунақаям бўлиши мумкинми? Агар у билан бирга келган одам отаси бўлса, отаси чиройлигина экан. Демак, аясида бир гап бор», дейишди.

Файзулла чол эса ўғлини кўриши билан ётган жойида иккала қўлини ҳам кўтарди.

— Ўзимнинг қори ўғлим келибди, қори ўғлим! — деди кўзларидан дув-дув ёш оқиб.

Чолнинг юзи докадай оқарган, лаблари қонталаш эди.

У боласини бағрига босди. Ётган жойида юз-кўзларидан ўпди. Кейин ҳидлади.

— Қизиқ, — деди бирдан киприкларини пирпиратиб, — сендан жудаям бошқача ҳид келяпти. Сени ҳидлаб тўймайди одам, — дея янада қаттиқроқ қучди ўғлини.

— Жаннат ҳиди, — деб гапга аралашди Сайфулла эшон, — жаннат ҳиди!

— Ўҳ! — деди бирдан Файзулла чол. — Ўзингга минг қатла шукур! Етказганингга, берганингга минг қатла шукур! Тириклигимда жаннатнинг ҳидини ҳидладим-а!

Йиғидан чолнинг кўкраги кўтарилиб туша бошлади. Сайфулла эшон қўрқди. Ахир чол ҳали тўла ўзига келмаган эди. У ҳамон оғир аҳволда эди. Бундай пайтда қаттиқ ҳаяжонланиш мумкин эмаслигини дўхтир бўлмаса ҳам у жуда яхши биларди.

— Эй-й, ҳали бу ҳидни кўп ҳидлайсиз. Сизнинг ёнингизда бўлади. Тўла қори бўлганидан кейин…

Файзулла чол ўғлини қўйиб юборди-да:

— Келинг, келинг, сизниям бир қучоқлай, — деди эшоннинг гапини бўлиб, уни ўзига чорларкан.

Эшон чолни енгил қучди.

— Битта қиёмат қарзни сизга айтаман, — деди унинг қулоғига Файзулла чол, — шу бола қори бўлмагунча, ўзини-ўзи эплайдиган бўлмагунча ёнингизда олиб юрасиз.

— Хўп, — деди Сайфулла эшон ортиқча гапга ўрин қолдирмай.

Чунки ҳозир шундай қилиши керак эди-да. Шундай демаса бўлмасди-да.

Чол муллани қўйиб юборганидан кейин кўзини чирт юмиб очди. Чунки юраги яна безовта қилди.

— Сизнинг ёнингизда кўп ўтириш мумкин эмас. Ўзи дўхтирларга роса ялиниб-ёлвориб, «кирамиз-у, чиқамиз», деб рухсат олган эдик.

— Эй-й, ҳеч қўйиб юборгим келмаяпти.

— Ҳали кўп гаплашамиз.

— Сира ўхшамайди-да.

— Ундай деманг. Ҳар бир гапга фаришталар «омин» дейишади.

— Ҳа, тўғри, лекин ўзим ҳам кўп нарсани билиб қолдим. Лекин тан олиб айтаман: кўзим кеч очилди. Ёшлигимни бус-бутунлигича бой бериб қўйган эканман. Каттариб, соч-соқолим оқарганидаям бир нимани бопламадим. Лекин, қаранг, Аллоҳ меҳрибон-да. Иброҳимни бериб турибди… Билсангиз, мен шундай неъматдан юз ўгирмоқчи ҳам бўлганман.

— Худо бир нарсани беришни истадими, оҳ десангиз ҳам беради, воҳ десангиз ҳам. Қани, олмай кўринг-чи… Лекин рост гап: кўринишингиз яхши.

— Уни-буни қўйиб туринг, ўлгим келмай қолди. Ишонасизми? Шу пайтгача: «Мени қийнамай, жонимни ол», деб ётгандим. Лекин жаннатим борлигини билишим билан ўлгим келмай қолди. Ҳеч қурса, бир-икки йил умр берсин Худо. Дуо қилинг, шу бир-икки йил Иброҳимнинг ҳидини ҳидлайин.

— Ё насиб! Ҳар куни дуодамиз. Иброҳим неча марта намоз ўқиса, барида сизга умр тилайди. Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин. Яна битта гап бор.

— Айтинг, эшон бобо, айтинг.

— Битта шарти бор.

— Бажараман.

— Сизнинг ёнингизга келишимиздан олдин Иброҳим Қуръонни еттинчи марта хатм қилди!..

— Йўғ-э!

— Худди шундай.

— Иброҳим, кел, болам, кел!..

Шу пайт палатага дўхтир кирди.

— Ҳалигача шу ердамисизлар?! Тез чиқиб кетинг! — деди у Сайфулла эшонга.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: