Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (13-қисм)

Файзулла чол ўғлини қўйиб юборгиси келмади. Бироқ начора, унинг ёнида ҳозир биров туриши мумкин эмас. Ҳар қалай, жонлантириш бўлими, ҳар қалай, шу ергача қўйиб беришибди.
— Болам, — деди у Иброҳимнинг қўлидан ушлаб, — айтганларим эсингдан чиқмасин. Устозингнинг измидан чиқма.
— Хўп, — деди отасига тикилган Иброҳим.
Отанинг кўзига тик қараб бўлмайди, деб ўргатганди унга Сайфулла эшон. Аммо у ҳозир қаради. Меҳр билан қаради. «Мени олиб қолинг, мен ҳам ёнингизда бўлай», деган хаёлда қаради.
Шу куни у ҳар доимгидан кучлироқ Қуръонга берилди. Эшоннинг уйига келишлари билан ўзига ажратилган хонага кирди-да, биринчи қилган иши китобни олиш бўлди…
Энди у ҳам шоша бошлаганди. «Эртароқ кўпроқ сура ёд олай, отамни хурсанд қилай», деган хаёлда эди у. Аммо ўғлининг қори бўлганини кўриш Файзулла чолга насиб этмаган экан.
Орадан икки кун ўтгач, Актам келди Сайфулла эшоннинг уйига. Мулла уйда йўқ эди. Иброҳим ҳовлида Нурсултон билан ўйнаётганди. Аниқроғи, Нурсултон унга телефондаги ўйинлар ҳақида гапириб бераётганди:
— Менга Аброр исмли синфдошим телефонини бериб турди. Биттада «PUBG»нинг иккинчи босқичига ўтиб кетдим. Ҳали ҳеч ким бундай қилолмаган экан. Агар ўқитувчимиз кириб қолмаганида, учинчи босқичга ҳам ўтардим. Феруз деган ўртоғим бор. Шунинг акаси уйида компьютерхона очаётган экан. Энди маза бўлади. Аммо чатоқ томони ҳам бор, дадам билиб қолса, ёмон қилади. Шуни бир нарса қилишим керак-да.
— Фойдаси борми? — деб сўради Иброҳим.
Нурсултон ўзидан деярли тўрт ёш кичик боланинг оғзидан бунақа гап чиқишини кутмаганди. Ҳайрон бўлди.
— Сен катта одаммисан? — деб сўради.
— Йўқ.
— Унда нега бунақа гап айтасан? Бошқа бундай дема.
— Хўп.
Ана шу пайт Актам дарвозадан бош суқди, лекин ўзи ичкарига ўтмади.
— Мулла бобо! Мулла бобо! — дея чақирди.
Болалар бирдан шу томонга қарашди.
— Эй, акам келибди, — деди Иброҳим ва ўрнидан турди-да, дарвоза ёнида турган одамнинг ёнига югуриб бориб, салом берди.
— Яхши, ўзинг дарров келдинг. Менга қара, тез бўл, кийимларингни алмаштир. Отам сени сўраяпти. «Оёғини ерга теккизмай олиб кел», деди, — дея укасига пешонасини тириштириб қаради Актам.
— Лекин устозим уйда йўқ эди-да. Сўрамасдан…
— Ўчир! — деб шу заҳоти унинг гапини кесиб ташлади Актам. — Мен сенга нима деган бўлсам, дарров қил. У ёқда отам «ўламан» деб ётибди!..
— Ҳозир.
Иброҳим ортига бурилиб, югурди. Хонасига отилиб кирди-да, устидагиларини ечиб, бошқасини кийди. Сўнг қандай тез уйга кирган бўлса, худди шундай тезликда чиқди.
— Отам оғирлашиб қолибди. Мени чақираётган экан, — деди Нурсултонга ва унинг ёнидан югуриб ўтиб кетди.
Актам жаҳл билан газни босди. Унга алам қилаётганди. Отаси оғирлашиб қолгани ҳақида хабар келганидан кейин ҳамма ака-ука, опа-сингиллар боришди. Лекин отаси ҳеч кимга қайрилиб ҳам қарамади. Кўзи юмуқ ҳолда:
— Иброҳим! Иброҳим борми? — деб сўради.
Фарзандларининг бари бир-бирларига қарашди. Катталарининг энсаси қотди.
— Иброҳим йўқ, — деди катта ўғил, — у сиз қўйиб келган жойда. Кичкина деб, уни бу ерга олиб келмадик…
— Олиб келинглар, — деди ота унинг сўзларини охиригача эшитмай, — Иброҳимни олиб келинглар!..
Кейин ҳамма унинг палатасидан чиқиб кетди.
Дўхтирлар: «Майли, видолашиб қолинглар. Умри оз қолди. Юраги зўрға уриб турибди», дейишган эди.
— Шунча ўғил-қизлари турганда, шу битта маймунчанинг нимасини кўргиси келади? — деди ташқарига чиққанларидан кейин Арслон.
— Ака, — деди бирдан Зуҳра, — ундай деманг. Энамиздан кейин отам шунга боғланиб қолганди.
— Нимага менгамас? Нимага Актамга, Ҳасанга, ана бор, Соҳибгамас? Нимага келиб-келиб, муштдай тирранчага боғланиб қолади? У нима қилиб берди? Чой дамлаб бердими? Овқат қилдими? Ишқилиб, отам қариганида ўзгариб қолганди…
— Қўйинг, ака, — деди Актам, — ана, дўхтирлар «охирги нафасларини оляпти», дейишди.
— Бўлмаса, бор, топиб кел ўша тасқарани! — деди унга жавобан Арслон.
Шу тариқа Актам истар-истамас йўлга тушди. Келаётиб, унга ҳам алам қилди. «Арслон акамнинг гапида жон бор. Иброҳим келиб нима қилади? Худо кўрсатмасин, ўлишини кўриб қолса, кейин бир умр эсидан чиқаролмай юради. Ўзи уни ҳамма ёмон кўради. Агар шу ёмон кўришларига Иброҳим ақлдан ҳам озса, тамом, жиннихонага топширишга тўғри келади. Кейин ўзини билган-билмаганлардан: «Манавининг битта томи кетган маймунсифат укаси бор» деган гапни эшитамиз… Булар-ку, майли-я, лекин нега мен Иброҳимни олиб кетгани келяпман? Машинаси бор мендан кичкина укаларим қуриб кетганми?! Ўзи доим шундай. Қаёқдаги қора ишлар менинг бўйнимга тушади», деб ўйлади.
Мана энди қайтаётганларида:
— Чўрилик яхши кетяптими? — деди Иброҳимга.
Иброҳим қул ким эканлигини билади, лекин чўрини билмайди. Ҳали эшитмаган.
— Нима у, ака? — деб сўради у Актамдан киприкларини пирпиратиб.
— Эшоннинг хизматини чопиб-чопиб қиляпсанми? Ҳожатхонасигача тозалаб беряпсанми, ишқилиб?!
Иброҳим кесатишни тушунмади.
— Устозим менга иш айтмайди. Мен ўзим сўраб оламан. Отам шундай деб тайинлаган, — деди.
— Йўғ-э, отам бировларнинг мардикори бўл деганми?! Ўзингнинг туғишган акаларингнинг айтганларини қилма деганми?! — дея иржайди.
— Йў-ў-ў-ўқ, акамлар иш буюришса, энг аввал қиламан, — деб бурнини тортиб қўйди Иброҳим.
— Майли, нима бўлсаям. Энди гап бундай. Отам «ана ўламан, мана ўламан» деб ётибди. Киргин-у чиқ. Тез чиқ, тушундингми?! Сен ёш боласан, агар отамнинг ўлганини кўриб қолсанг, қўрқиб қолишинг мумкин…
Иброҳимнинг бутун танаси жимирлади. Қулт этиб ютинди. Кўзидан ёш оқа бошлади. Шу билан то касалхонага етгунларича Актам нимани сўрамасин, нима демасин, жавоб қайтармади.
Катта дўхтир «майли, кирсин» дейиши билан Иброҳим отасининг палатасига югуриб кирди. Бу пайтда Файзулла чол хириллаб қолган эди.
— Ота, — деди у Файзулла чолнинг қўлидан ушлаб, — ота, мен келдим.
Дўхтирлар: «Бўлди, ўзидан кетди. Энди ҳеч кимни танимайди, ҳеч кимнинг гапини эшитмайди», дейишган эди. Аммо Файзулла чол Иброҳимнинг овозини эшитди. Бирдан хириллаши тўхтаб, секин кўзлари очилди.
— Иброҳим, — деди паст овозда.
— Ота, ота, — дея унинг қўлларини силай бошлади Иброҳим.
— Ўқи, ўқи, — дея пичирлади ота.
Нимани ўқиши кераклигига Иброҳимнинг фаросати етди. У Қуръони каримнинг Ёсин сурасини тиловат қила бошлади.
Палатада у ва отасидан бошқа Актам, даволовчи врач ва битта ҳамшира бор эди. Улар Иброҳимнинг бундай ширали овози борлигини, сеҳрли тиловат қилишини билишмасди. Ҳар учаласи ҳам қотиб қолди. Иброҳим эса кўзларини юмиб, юзига ёши оққанча тиловат қилишда давом этаверди. Отанинг эса юзида табассум бор эди. Ота мутлақо хирилламай қолганди…
Тиловат тугаши билан эса Файзулла чол «уфф» деган товуш чиқарди…
Отаси ва укасидан кўзини узмай турган Актам бирдан дўхтирга қаради. Дўхтир шошди. Чолнинг томирига бармоғини қўйди.
— Тамом, — деди.
Актам бирдан бақириб юборди. Иброҳим эса индамай турарди. Унинг лаблари пичирларди.
Дўхтирлар уларнинг ҳар иккисини ҳам ташқарига чиқарди. Актам оға-иниларини кўриши билан бор овозда бақирди.
— Отажонимдан айрилиб қолди-и-и-ик!!!
Шу заҳоти бошқа ака-укалар, опа-сингиллар жўр бўлишди. Бирпасда уларнинг овози ҳаммаёқни тутиб кетди. Бирпасда касалхона ҳовлиси мотамхонага айланди. Токи бош врач чиқиб, уларни тинчлантирмагунча. Арслон жуда қаттиқ қайғуда эди гўё. У йўл четидаги пастқам бетон тўсиққа ўтирганча пешонасига муштларди. «Отам, отам, отам! Нимага ташлаб кетдингиз, отам?» дерди. Қолганлар… Қолганлар ҳам шунчаки йиғламасди, бир нима-бир нималарни айтиб йиғларди… Биргина Иброҳим индамай турарди. Биргина Иброҳим ичида Аллоҳдан раҳм-шафқат сўрарди…
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, Сайфулла эшон келди. Иброҳим акалари ва опаларидан ажралиб, бир четда ёлғиз турарди. Катталар эса маййитни қандай қилиб олиб кетиш, кейин нима қилиш кераклигини маслаҳат қилишарди. «Таниш-билиш, қавм-қариндош кўп. Агар бугун кўмадиган бўлсак, улар келишга улгуришмайди. Шунинг учун эртага соат ўнга дафнни мўлжаллаймиз» деган қарорга ҳам келиб бўлишганди. Бироқ улар мулла бобони кўрганларидан кейин ундан маслаҳат олмоқчи бўлишди.
— Бугуннинг ўзида бу ишни бажаринглар, ҳали кечмас. Шомгача бемалол дафн қилса бўлади, — деди бирдан Сайфулла эшон Арслоннинг сўзларини эшитганидан сўнг.
— Дўст-биродарлар…
— Хабарини етказинг, етиб келишга улгурса, улгурди, бўлмаса, кейин келиб таъзия билдириб кетаверишади. Маййитнинг тили қотиб қолмасин. Сиз ҳозир ўзингизга ёки бошқа бировга яхши бўлишини ўйламанг. Вафот этган одамни ўйланг, — дея кескин гапирди Сайфулла эшон.
Шундан кейин ҳамма режалар ўзгариб кетди. Ҳамма шошди. Бироқ нега шошаётганларини ўзлари билишмас эди.
Иброҳим бир четда турарди. Сайфулла эшон унга таъзиясини билдирди. Бошини силаб қўйди.
— Сен мен билан юравер. Бу ерда бир четда қолиб кетасан, — деди унга ва акаларини огоҳлантириб, Иброҳимни ўзи билан олиб кетди.
Қишлоққа аллақачон хабар етиб борган, қўшнилар, қариндошлар келиб бўлишган, дарров дод-войни бошлаб юборишган эдилар.
— Рустам ака, — деди Сайфулла эшон муллалар учун ажратилган чорпояга чиқиб ўтирганидан сўнг, ёнидан жой олган шу қишлоқнинг мўйсафидига. Унинг соқоли кўксига тушарди. Бошига салла ўраб олганди.
— Эшитаман, мулла бобо, — дея қулоғини унга тутди Рустам ака.
— Анави ҳовлидагилар Худонинг ғазабини келтиришмасин. «Ишонган тоғимдан, суянганимдан айрилиб қолдим», дегани нимаси?
— Эй-й, — дея қўлини силтади Рустам чол, — фойдаси йўқ. Сиздан бошқалар ҳам қанча айтишди. Биз ўзимиз уришиб бердик. Лекин, барибир, ана шундай қилиб юртни бузгани-бузган. Буларнинг эркакларини Худо уриб кетган. Биттасиниям гапи аёлига ўтмайди.
Сайфулла эшон индамади. Аслида, унинг қишлоғида ҳам шу аҳвол. У ерда ҳам таъзияхонадагилар жонлари борича бақиришади. Худди шундай деб бақиришса, мурда тирилиб қоладигандай.
Маййит келтирилганидан кейин бақир-чақир баттар кучайди…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.