Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (15-қисм)

— Бор! — дея уни турткилади Соҳиб. — Анави картошканинг ичи ўтга тўла, молларнинг ўтини эшакка бериб қўйганинг учун энди ҳамма молга етгулик ўт юласан, тушундингми?!

— Ҳа-а, — дея бошини ирғади Иброҳим.

Соҳиб ҳовли томонга ўтиб кетди. Иброҳим енгил тортди. Унга шуниси яхши. Биров бўлмаса, яхши ишлайди. Тез иши унади.

У жўякларга оралади. Картошкаларга анчадан бери ишлов берилмагани учун ўт босганди. Иброҳимда саккиз-тўққиз ёшли боланинг кучи бор. Бунинг устига, унинг қўллари узун. Шу боис бегона ўтларни осонгина юла бошлади. Шу билан бирга, паст овозда хиргойи қилганча тиловат қилишга тушди. Ишга берилиб кетди. Ҳаш-паш дегунча анча ўт йиғиб қўйди. Лекин у буни сезмади, шу боис ишлашда давом этди.

Орадан тахминан икки соатлар ўтиб, томорқада Зоир пайдо бўлди. У айнан шафтолини кўриб қўймоқчи эди. Маърака ўз йўлига: ўтади-кетади, аммо у шафтолиларни териб олиши лозим. Эртага саҳарлаб бозорга олиб бориши керак. Унинг шафтолиси бозорнинг энг олдиси. Ўтган сафар олиб борганида, кўтара савдо қилувчилар қўлидан юлиб олиб қўйишди. У бошқа дарахт эди. Аммо худди мана шу дарахтнинг ҳосили билан бир хил эди.

Бирдан Зоирнинг кўзи олайди. У қанча машаққатлар билан, ҳаттоки ўз пушти камаридан бўлган болаларидан авайлаб-асраб юрса-ю, бу ерга кимдир келиб, обдан шафтолихўрлик қилса-я! У дарров бошини кўтариб аланглади ва картошка жўяклари орасида юрган Иброҳимга кўзи тушди. Ичидаги ғазаб икки ҳисса ошди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Ҳой маймун! — дея бақирди.

Иброҳим эшитди. Аммо бошини кўтармади. У томонга қарамади. Унинг-да ўжарлиги тутди. «Мен маймун эмасман, отам билан онам қўйган исм бор», дея кўнглидан ўтказди.

— Сен итни чақиряпман, ҳой маймун, тасқара!

Иброҳим унга ҳатто қараб ҳам қўймади.

— Тушунмадим. Ҳали мен чақирганимда қарамайдиган бўлдингми?! Ибро-ҳ-ҳим!!!

Иброҳим бирдан ўт юлишдан тўхтаб, акаси томонга қаради.

— Гаранг бўлганмисан, ит? Бу ёққа кел!

Иброҳимнинг кўнгли қандайдир нохушликни сезди. Айни чоғда акаси Соҳибнинг: «Агар Зоир акам билиб қолса, ўлдиради», деган гапи хаёлидан яшин тезлигида ўтди ва югурди.

— Ака, — деди Зоирнинг ёнига етиши билан.

— Шафтолини сен едингми?! — деб сўради Зоир кўзларини чақчайтириб.

— Битта едим, — дея жавоб берди Иброҳим қўрқа-писа.

— Битта?! Қолганини ким еди?!

— Билмайман, ака.

— Нега билмайсан?!

— Кўрмадим.

Иброҳим алдамаётганди. Илло, Соҳиб шафтолиларни бир бошидан паққос тушираётганида атайин у томонга қарамаганди.

— Анчадан бери шу ердамисан?

— Молларга ем бердим. Эшакни суғориб, емиш бердим. Энди яна ўт юлиб…

Зоир унинг гапини охиригача эшитмади, юзига бирдан тарсаки тортиб юборди. Акасининг бундай қилишини билмаган Иброҳим шафтолининг тагига, боя Соҳиб еб, пўстлоғини ташлаган мева қолдиқлари устига йиқилди. Йиқилаётиб, қўли билан шафтолининг шохини уриб юборди. Роса пишиб етилган мевалар тапиллаб ерга тушди. Буни кўриб, Зоирнинг баттар қони қайнади, укасини тепди. Аммо иккинчи марта тепишга улгурмади: катта ака кўриниш бериб қолди.

— Нима қиляпсан?! — дея бақирди Зоирга.

— Ака, бу ифлос мен бозорга олиб бориб сотаман деб қўйган шафтолиларимни ебди!..

— Ҳаммасини еб қўйибдими?!

— Ебди-да!

— Еган бўлса, бир кило егандир, ярим кило егандир. Шунга ётқизиб олиб тепасанми?! Шу еганининг пулини мен бераман.

— Ака, яшик тўлиқ бўлмайди!..

— Ҳеч нарса қилмайди! Ҳовлига ўт. Анави столларни йиғиб, эгасига топшириб келиш керак. Ҳалим ака юз марта қўнғироқ қилди. Тегинма унга!..

— Ҳали шошмай тур, сен билан бошқача гаплашаман! — деди Зоир пишқириб укасига.

Иброҳим ўрнидан туриб ўтирди. Унинг бурнидан қон оқмоқда эди. Болакай қонни шафтолининг баргига артмоқчи бўлди, бироқ қўрқди. «Шунинг орқасидан ҳам калтак еб қоламан», деб ўйлади. Эсига сайисхонадаги челак тушди. Унда эшакдан ортиб қолган сув бор…

Ҳовлида эса бошқача воқеа содир бўлди. Зоир ўн киши атрофида бемалол ўтирадиган узун тахта столни бир томонидан ушлаб энди кўтарган эди ҳамки, ерга тушиб кетди ва қўлида зирқираган оғриқ пайдо бўлди. У афтини бужмайтирганча қўлини ушлаб секин ўтираркан:

— И-и-и-и-м!!! — дея инграб юборди.

Столнинг иккинчи учини тутиб турган Актам укасининг аҳволини кўриб ҳайрон бўлди.

— Нима қилди? — деб сўради.

— Билмайман. Билмайман. Во-о-ой!

— Шуниям эплаб кўтаролмадингми?! Ўзи қўлингдан бир иш келмайди-да. Илкис кўтариб юборгансан-да!..

— Лўқиллаяпти. Иммм! — дея баттар афтини бужмайтирди у.

Арслон келди. Укасини уришди.

— Ўзи сенларга бир иш буюриб бўлмай қолибди. Айтсанг, биттангнинг қўлинг оғриб қолади, яна биттангнинг бошқа жойинг. Шу ишни мен учун қилинглар деяётганим йўқ-ку! — деди.

— Ака-а, — деб Арслонга башарасини буриштириб қаради Зоир, — шуям иш бўлибдими?!

— Қани анави Ҳусан? Чақиринглар бу ёққа.

Зоир қўлини силай бошлади. Оғриқ борган сари кучайиб кетаётганди.

— Оғриқ қолмаяпти-ку! Мафтуна қани?! Маз-паз олиб келсин!..

Хотини уйда эди, овсинлари билан обдан ғийбатлашаётганди: таъзияга келганлар, уларнинг гап-сўзлари ва ҳоказо-ҳоказолар ҳақида.

Унга эрининг амри етказилди.

— Вой ўлмасам, Зоир акамга нима қилибди? — деди дарров ўрнидан турган Мафтуна.

Овсинлар орасида биргина у эрини «ака» дерди ва бунинг учун бир неча марта қайнонасидан дакки эшитганди. Бироқ, барибир, «ака» дейишини қўймади. «Тилим келмаяпти. Бошқача чақирсам, эрим бегонага ўхшаб қоляпти. Ўзимга «ака» дейишим қулай», дея оёқ тираб олди у. Лекин эрининг ўзига «ака» демасди. «Дадаси», дерди. Шуни биринчи боласи туғилганидан сўнг айта бошлади.

Мафтуна ташқарига чиққанида, Зоир ерга ўтириб олган, қўлини оёқлари орасига тиққанча, кўзидан ёшини оқизиб инграр эди. Унинг аҳволини кўрган акалар ўрнидан турғизмоқчи, стулга ўтқазмоқчи бўлишди, бироқ Зоир кўнмади. «Тегманглар!» деди.

— Ҳа-а, дадаси, сизга нима бўлди?! Нега бундай ўтирибсиз?! — дея сўради қўрқиб кетган Мафтуна.

— Билмайман, билмайман. Столни кўтараётгандим, тушиб кетди. Бирдан қўлим оғриб қолди!..

— Қўлингизнинг устига тушдими стол?!

— Йў-ў-ў-қ!!!

Мафтунанинг ҳам кўзидан тирқираб ёш оқди. У атрофига, эрининг акаларига олазарак қаради.

— Дўхтир-пўхтирга олиб бормайсизларми?! — деди алам билан.

Буни қарангки, шундай қилиш ҳеч кимнинг калласига келмабди.

— Актам! Мошинангни юрғиз! Тез бўл! Ҳалим дўхтирникига олиб бор! — дея амр қилди Арслон келиннинг гапидан кейин.

Зоир ўрнидан туриб билдики, битта оёқнинг ҳам мазаси қочибди. Тўғри таёққа ўхшайди. Тиззасидан букилмайди. Буни кўриб, айниқса, Мафтуна даҳшатга тушди. У бақириб юборди:

— Эримни нима бало қилиб қўйдинглар?!

Кўрганлар, бунинг устига, Мафтунанинг бақиришидан акалар ҳам шошиб қолишди. Арслоннинг ўзи бормоқчи эмасди. Аммо энди қараса, бормаса бўлмайдиганга ўхшайди.

— Бос! — деди у Актамга машина эшиклари ёпилиши билан.

Ҳалим дўхтирнинг уйи узоқмас, машинада беш дақиқада етиб олса бўлади. Аммо шу беш дақиқа ҳам Зоирга юз йилдай туйилди. У оғриқнинг зўридан, гарчи акалари «чида, чида» дейишса-да, бақириб юборар эди.

Бахтига, Ҳалим дўхтир уйида экан. Уни «кўзли дўхтир» дейишади. Бировлар уни табиб деб атайди. Ҳалим дўхтир ҳар хил касалларни, Зоирдан баттар бақириб келганларни кўрган. Аммо ҳозир у ҳам шошиб қолди. Кечагина уйида таъзия бўлган, бундан бир неча соат олдин ўйнаб-кулиб юрган йигит бирдан бундай аҳволга тушиб қолса, ғалати-да унинг учун ҳам.

У ҳали нима бўлганини суриштирмасдан, Арслон ҳаммасини айтиб берди. Зоир оғриқнинг зўридан башараси бужмайганча инграб, акасининг гапларини тасдиқлади. Ҳалим дўхтир «фалондай бўлибди», демасдан, дарров битта укол қилди. Шундан кейин Зоир бироз тинчланди.

— Ўлиб қоламан, деб ўйлагандим, — деди дўхтирга.

— Мен фақат оғриқ қолдирувчи укол қилдим. Дарров марказга, касалхонага бориш керак. Текшириш керак. Ҳализамон оғриқ яна бошланиши мумкин, — дея Зоирнинг қўлини босиб кўра бошлади Ҳалим дўхтир.

— Ака, бирга юринг, — деди унга Арслон. — Биз қайси дўхтирга учрашишни билмаймиз.

— Яхшиси, тез ёрдам чақиринглар. Агар касал тез ёрдамда борса, исталган касалхона қабул қилиб олади. Тўғриси, мен ўзим ҳам ҳозир қандай касаллигини билолмаяпман. Балки, асаб толаларини шамоллатиб қўйгандир. Одатда, оёқнинг ҳеч жойи жароҳатланмаганда, лекин оғриқ кучли бўлганда асаб толаларида қандайдир…

Шундай деб Ҳалим дўхтир ўйланиб қолди. Кейин ўзи тез ёрдамга қўнғироқ қилиб юборди.

Тез ёрдам келди. Ундаги врачга Ҳалим дўхтирнинг ўзи аҳволни тушунтирди. Бу пайтда оғриқ яна кучая бошлаган, Зоир амаллаб тишини тишига босиб чидар, баъзан эса бақириб юборарди. Унга қўшилиб хотини ҳам увиллаб йиғлар: «Кимдир қарғади. Кимдир бизга илму амал қилди. Сеҳр-жоду қилди. Ўша одам қайнотамни ҳам ўлдирган!» дерди.

Зоирни олиб кетишди. У билан бирга хотини ҳам кетди. Арслон эса Актамнинг машинасида йўлга тушди. Буларнинг ҳам боши қотган эди. Илло, иккаласи ҳам ўтган тундаги тушларини эслашди. «Отам бекордан-бекорга бизга бундай қарамаган. Ораларингдан битталаринг ўласан, деган», деб қолди бир муддатдан сўнг Актам.

— Йўғ-э, тушга ҳар нарсалар кираверади-да, — деди унга жавобан Арслон.

— Бу оддий тушмас, ака. Ҳаммамиз бир хил кўрибмиз. Ҳатто опа-сингиллар ҳам. Биргина Соҳибни отам безовта қилмабди. Ака, бу ерда аниқ бир гап бор. Лекин шу танлаб олинган Зоирми, дейман-да, — дея хавотир билан бошини чайқаб қўйди Актам.

— Нимага у бўларкан? Ҳали ёш, бола-чақаси ҳам майда. Аммо яхшилаб қарашимиз керак. Ундан кейин мен туш-пушларга ишонадиганларданмасман. Зоир аниқ оёқ-қўлини шамоллатиб олган. У кеча ё бугунги шамоллаш эмас, аввалдан бўлиб келган. Неча марта унга айтгандим: «Зах ариқнинг сувига чўмилма», деб. У муздай булоқ суви. Эллик даража иссиқда чўмилсанг ҳам музлаб қоласан. Шу ерга бориб неча марталаб чўмилган. Ундан кейин ичиб олиб сувга тушган. Жўраларининг бари ўзига ўхшаган алкаш. Иккитаси бир бўлса, дарров битта яримта олишади. Тўғри гумга — зах ариққа боришади. Битта помидорни газак қилиб ичишади-да, кун бўйи чўмилишади. Ичган одамга билинмайди. Мана, кўриб турибсан аҳволини!.. Ўзи шу етмай турганди. Маъракалардан роса чарчагандим… Бўпти, майли. Ҳозирдан ҳар балони тўқиб-бичиб ташлайвермайлик. Дўхтирлар текширишсин-чи, ундан кейин бирор қарорга келамиз.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: