Нега аёллар эркакларга қараганда кўпроқ ухлаши муҳим?

Мутахассисларнинг фикрича, катта ёшли соғлом инсонлар суткасига 7-9 соат ухлашлари лозим. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аёллар одатда эркакларга нисбатан бир оз кўпроқ ухлайди.
Аёллар шунчаки хоҳлашгани ёки одатий кўникмалари туфайли кўп ухламайди. Уйқудаги фарқ физиологик хусусиятлар ва турмуш тарзи сабабли юзага келади.
Нима учун аёлларга кўпроқ уйқу керак?
Аёлларнинг кўпроқ ухлашига бир нечта сабаблар бўлиши мумкин.
Гормонлар таъсири
Аёлларнинг аҳволига уйқуга бўлган эҳтиёжни белгилаши мумкин бўлган гормонлар таъсир кўрсатади. Улар буни организмнинг сиркад ритмлари — “биологик соатлари”га таъсир этиш орқали амалга оширади.
Уйқу бузилишининг юқори хавфи
Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ уйқусизлик, безовта оёқлар синдроми ва сифатли уйқу етишмаслигидан азият чекади, бу эса сурункали чарчоққа олиб келади. Бунинг эҳтимолий сабаблари турли жинсдаги одамларнинг руҳий ҳолати ўртасидаги фарқда.
Аёллар депрессия, хавотир ва турли руҳий касалликларга кўпроқ дуч келиши ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Ортиқча юклама
2021 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, ҳақ тўланмайдиган меҳнатнинг 75 фоизини аёллар бажаради. Бу уй-рўзғор, оила ва яқинларининг тиббий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилиш деб аталади. Бундай юклама кўпинча стресс ва сурункали уйқусизликка олиб келади, натижада дам олишга бўлган эҳтиёж ортади.
Етарлича ухлаш нима учун муҳим?
Уйқу соғлиқни сақлаш ва организмнинг нормал ишлаши учун зарур. У диққат ва хотирани кучайтиради, стрессни бошқаришга, тана вазнини меъёрда сақлашга, иммунитет тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Инсон ухлаганда юраги камроқ фаол бўлади, бунинг натижасида қон босими ва юрак уриш тезлиги пасаяди. Етарли ухламаслик гипертония, юрак ишемик касаллиги, инсульт ва семизлик хавфини оширади.
Бундан ташқари, уйқу гормонлар ишлаб чиқарилишини бошқаради. Бу гормонлар инсоннинг ўсиши, жинсий етилиши ва моддалар алмашинувига таъсир кўрсатади. Ҳаддан ташқари қисқа ёки енгил уйқу эса иштаҳа ва кайфиятга таъсир қилувчи моддаларнинг организмдаги мувозанатини бузиши мумкин.
Уйқуни қандай яхшилаш мумкин?
Уйқунгизни йўлга қўйиш ва сифатини ошириш учун қуйидаги бир неча усулларни қўллаб кўришингиз мумкин.
Режимга риоя қилиш
Белгиланган ухлаш ва уйғониш тартиби яхши уйқу асосидир. Дам олиш кунларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ҳар куни бир вақтда ётиб, бир вақтда туринг.
Уйқудан олдин хотиржам бўлиш
Ётишдан бир соат олдин телефон, планшет ва бошқа қурилмалардан фойдаланманг — уларнинг кўк нури уйқуга халақит беради. Бунинг ўрнига тинч машғулотларни танланг: мусиқа ёки подкастлар тингланг ёки медитация қилиб кўринг.
Хавотирли фикрларни ўйламаслик
Ташвиш ва стресс — сифатли уйқунинг кўп учрайдиган душманларидир. Ухлашдан олдин безовта қилувчи фикрларни ёзиб қўйиш ёки эртанги кун учун режалар рўйхатини тузиш фойдалидир. Бу мияни бўшатади ва тарангликни камайтиради.
Қулай муҳит яратиш
Жимлик, қоронғилик ва салқинлик — уйқу учун энг яхши шароит. Қулай муҳит яратиш учун пардалар, қулоқ тиқинлари ёки шовқин ёзувларидан фойдаланинг. Ётоқхонада мақбул ҳароратни танланг: мутахассислар тахминан 18-20 °C ни тавсия этишади. Салқин, тоза муҳит чуқур уйқуга ёрдам беради.
Ўзини ётишга мажбурламаслик
Ухлай олмасангиз, тўшакда ётиш шарт эмас. Ундан кўра, ўрнингиздан туриб, тинч бир машғулот билан шуғулланинг – масалан, китоб ўқинг, сўнгра уйқунгиз келганда қайтиб ётинг. Ўзингизга босим ўтказиш вазиятни янада оғирлаштиради.
Daryo.uz