Покистондаги ҳалокатли селлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ

Покистонда июн охиридан июл охиригача ёғган кучли муссон ёмғирлари натижасида юз берган селлар одам қўли билан кучайган иқлим ўзгариши таъсирида янада оғирлашган. Бу ҳақда World Weather Attribution (WWA) халқаро олимлар гуруҳи маълум қилди.
Тадқиқотга кўра, ёмғир миқдори иқлим ўзгариши сабаб 10–15% кўпроқ ёғган. Натижада шаҳар ва қишлоқларда кўплаб уйлар қулаган. Ҳукумат маълумотларига кўра, 26 июндан бери камида 300 киши ҳалок бўлган, 1 600 уй зарар кўрган.
Покистоннинг Хунза дарёси бўйида яшаган тадбиркор Соқиб Ҳасан уйи ва 18 қариндошининг уйлари сув остида қолганини, чорваси ҳам йўқ бўлганини айтиб, зарар 100 млн рупий (360 минг доллар)га етганини билдирди.
WWA ҳисоботида ҳар бир 0,1°С исиш муссон ёмғирларини янада кучайтириши қайд этилган. Олимлар фуқароларни ҳимоя қилиш учун селга чидамли уйлар қуриш ва хавфли ҳудудларда қурилишни чеклаш зарурлигини таъкидлади.
Покистон глобал иссиқликка олиб келувчи газлар чиқаришнинг 1%дан камига жавобгар бўлса-да, иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп жабр кўраётган мамлакатлар қаторида.