Путин Зеленскийга Москвада учрашишни таклиф қилди

«Зеленский билан учрашув масаласига келсак, мен бундай учрашувларни рад этмаганман. Аммо бу учрашувларнинг қандайдир маъноси борми? Агар Зеленский тайёр бўлса, Москвага келсин, учрашув бўлиб ўтади», — деди Россия президенти Хитойга ташрифининг якунига бағишланган матбуот анжуманида.
Владимир Путиннинг бошқа баёнотлари:
– Биз ҳар доим Украинанинг NATO’га киришига қарши чиққанмиз, аммо ҳеч қачон унинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини шубҳа остига қўймаганмиз;
– Ҳар бир давлат, жумладан Украина ҳам, ўз хавфсизлик тизимини мустақил танлаш ҳуқуқига эга. Бироқ Украинанинг хавфсизлиги Россия хавфсизлиги ҳисобига таъминланиши мумкин эмас;
– Ҳар бир давлат хавфсизлик кафолатларига эга бўлиши керак, аммо бу ҳудудларни алмашиш билан боғлиқ эмас. Хавфсизлик кафолатлари эвазига ҳудудлардан воз кечиш масаласи ҳеч қачон муҳокама қилинмаган;
– Агар одамлар референдумда Россия билан бўлишни танлаган бўлса, буни ҳурмат қилиш шарт;
– Хитойнинг глобал бошқарув ташаббусини алоҳида таъкидлаш керак, бу жуда муҳим;
– Хитойдаги учрашувлар формати хорижий ҳамкасблар билан норасмий шароитда мулоқот қилиш имконини берди;
– Биз ниҳоят Хитой билан “Сибир қудрати – 2” лойиҳаси бўйича консенсусга эришдик. Газ нархи бозор тамойиллари асосида белгиланади. Келажакда Россия Хитойга йилига 100 миллиард куб метрдан ортиқ газ етказиб беради;
– Европанинг етакчи иқтисодиётларида турғунлик кузатилмоқда, аммо жаҳон иқтисодиёти, айниқса Осиё-Тинч океани минтақасида, ўсишда давом этмоқда;
– Агар Украина ҳукумати легитим бўлишни хоҳласа, референдум ўтказиши керак, бироқ ҳарбий ҳолат шароитида референдум ўтказиб бўлмайди. Украина бўйича ҳудудий масалалар ҳам референдум орқали ҳал қилиниши мумкин, аммо бунинг учун аввал ҳарбий ҳолат бекор қилиниши лозим;
– Украинадаги фожеа учун Ғарб айбдор. Агар соғлом фикр устун келса, Украинадаги можаро бўйича мақбул келишувга эришиш мумкин, акс ҳолда ҳаммасини қуролли йўл билан ҳал қилишга тўғри келади;
– Россия 2022 йилда Украинага Донбассдан қўшинларни олиб чиқиб, можарони тугатишни таклиф қилган, аммо рус ҳарбийлари Киев яқинидан олиб чиқилгач, Украина бу қарорини ўзгартирган. Шу тариқа, Россиянинг Украина масаласини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган барча уринишлари пучга чиққан;
– Украина Конституциясида президент ваколатларини узайтириш механизми умуман йўқ;
– Россия армияси барча йўналишларда муваффақиятли ҳужум қилмоқда. Украина Қуролли кучлари кенг кўламли ҳужум амалиётларини олиб бора олмайди, чунки уларнинг заҳиралари тобора камайиб бормоқда;
– Россия музокара гуруҳига раҳбарлик қилаётган Мединскийнинг фаолиятидан мамнунман. Агар зарурат туғилса, музокара гуруҳининг даражасини оширишга тайёрмиз.