Эгей ва Ўрта ер денгизидаги энг мафтункор манзиллар
Бутун дунё бўйлаб ёзги таътилларни узайтириш тенденцияси тобора ортиб бормоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, сентябрь ойи дам олиш саёҳатлари учун энг қулай ой бўлса, Туркия ҳайратланарли соҳиллари, ноябрь ойига қадар давом этадиган қуёши билан энг мукаммал манзилдир.
Эгей денгизи: Ҳали ҳам иссиқ, ҳали ҳам кутмоқда
Эгей денгизида чексиз ёздан баҳраманд бўлишнинг илк манзили бу – сифатли ҳаёт ва сокин Эгей руҳи билан йўғрилган Измир шаҳридир. Чешме ярим оролида Чешме, Урла ва Алачати триосининг энг завқли онларини кашф қилиш мумкин. Чешме машҳур Мовий Байроқли Илижадан Шифнегача бўлган маҳаллий пляжлар билан ўралган. Шунингдек, мазали Эгей таомлари билан ажралиб туради. Урла эса, айниқса, узумзорлари ва маҳаллий маҳсулотлардан тайёрланган бетакрор таомларга бой ресторанлари билан пазандалик мўъжизаси бўлиб, уларнинг аксарият қисми Мишлен юлдузига сазовор бўлган.
Бодрум-Милас ёки Даламан аэропорти Муғланинг кўзни қамаштирувчи қирғоқ чизиғидан бир неча дақиқа узоқда холос. Бу ерда олтин пляжлар ва яширин қўлтиқлар ўзига хос хусусиятга эга бўлган шаҳарларни ўраб олади. Ҳашаматнинг тимсоли бўлган Бодрум ҳозиргача энг машҳур жой бўлиб, юқори даражадаги дам олиш масканлари, олтин қумлар, шўнғиш ва Бодрум қалъаси каби тарихий хазиналари билан кўнгиллардан жой олмоқда. Мармарисдаги Ичмелер, Даляндаги Cаретта cаретталарнинг макони Изтузу ва Датчадаги Паламутбуку каби бошқа шаҳарлари ҳам Мовий байроқли пляжларга эга.
Дунёдаги энг гўзал пляжлардан бири Фетҳиедаги Ўлудениздир. Шунингдек, у яқин атрофдаги Бабадағ парапланда учиш билан ҳам дунёга машҳур. Жаннатнинг бир гўшаси бўлган Муғланинг қаерига борманг, Мишлен томонидан тан олинган денгиз бўйидаги ресторанлари, энг янги балиқлари ва ҳақиқий турк газаклари ҳамда дунёнинг космополит таъми билан барчани лол қолдиради.
Анталия- чексиз ёз манзили
Турк Ривиерасининг юраги Анталия ўзининг ҳайратланарли ландшафтлари, учта қадимий шаҳаҳарлари – Ликия, Памфилия ва Писидиянинг бой тарихи ва чексиз қуёш нурлари билан беқиёс тажрибадир. Йилда 300 кун қуёшли бўлган Анталия 233 та Мовий байроқ мукофоти билан дунёда энг кўп мукофотга сазовор шаҳар мақомига эга.
Патаранинг чексиз қумларидан тортиб Коняалтı ва Ларанинг шаҳар гўзаллиги-ю Олимпоснинг боҳем жозибасигача барча барчаси инсонни ўзига мафтун қилади. Аммо битта пляж Ўрта ер денгизининг ўзига хос пляжи сифатида ажралиб туради – бу Капуташ. Мунтазам равишда дунёнинг энг яхши пляжлари рўйхатига киритилган бу канёнли пляж ўзининг жозибали атмосфераси билан тилларда достон. Шу билан бирга, Анталияда сакинат излаганлар учун Сазак кўрфази ва Порто Женевиз айни муддао, бу ерда олам-олам яширин хазиналар мавжуд.
Анталияда узоқ давом этадиган ёз Анталиянинг қадимий манзилларини ўрганиш учун муносиб пайтдир. Пергедан Аспендосгача, минтақанинг ҳар бир гўшаси гўё ўтмиш ҳақида пичирлаётгандек. Ва буларнинг бари Ўрта ер денгизига хос таъмлар билан ажойиб уйғунлик касб этади.
